'Британ Бош вазири Ўзбек ва Туркман президентлари билан учрашмасин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи uza
Image caption Ҳюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, Ўзбекистон ва Туркманистон дунёдаги энг зулмкор диктатуралардир

"Инсон ҳуқуқлари поймол этилаётган давлат раҳбарларига жўнатилган Лондон Олимпиадаси таклифномалари бекор қилинсин, деган чақириқлар янграмоқда" - ёзади Британияда чоп этиладиган Guardian нашри.

Газета Эрон президентининг Лондонга келмаслиги қарори ҳақида ёзаркан, аслида Британия ҳукуматини хижолатга соладиган кўплаб давлат раҳбарлари ташриф буюриб қолиши эҳтимоли ҳақида таъкидлайди.

Маълум бўлишича, 2008 йилги Пекин Олимпиадасига 87 давлат раҳбари борган. Лондонга келиш истагидаги давлат раҳбарлари сони эса аллақачон 120 нафарга етган. Британия ҳукумати ҳалигача бу рўйхатдаги исмларни ошкор этмади.

Беларус президенти Александр Лукашенко ва ё Сурия президенти Башар Асад аллақачон Оврўпо Иттифоқи "қора рўйхатига" тушган ва бу икковлон Британияга кела олишмайди.

"Бироқ Ўзбекистоннинг зулмкор президенти Ислом Каримов ва ё Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳаммедов Пекин Олимпиадасига боришганди" - деб ёзади Guardian - "Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса бу икки мамлакатни дунёдаги энг золим диктатуралар қаторига қўшади".

"Ҳюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, Ислом Каримов ва ё Гурбангули Бердимуҳаммедов Лондонга келишса, Британия Бош вазири Девид Камерон улар билан учрашмаслиги керак" - дейди Guardian.

"Шу асно уларнинг мазкур тадбирда бўлишининг қонунийлиги ҳам савол остига тушади".

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Россия, Хитой, Сурия, Саудия Арабистони ва Баҳрайн каби мамлакатлар раҳбарлари ташрифи ҳам инсон ҳуқуқлари масаласини кўтариш учун асос бўлиши керак, дейишмоқда.

Аммо Британия расмийлари Лондон Олимпиадасини сиёсий тадбирга айлантириш ниятида эмасликларини айтишган.

Ҳозирча, инсон ҳуқуқлари поймол этилаётган ва яккаҳокимлик ҳукмрон давлат раҳбарларининг қай бири Лондон Олимпиадасига келади - аниқ эмас.