Ўзбекистонда 'Диктатор'ни томоша қилаётганлар кўп

Британиялик ҳажвчи Саша Барон Коэннинг Туркманистон ва Тожикистонда намойиши тақиқланган янги "Диктатор" фильми Ўзбекистоннинг қатор кинотеатрларида қўйилмоқда.

Тошкентдаги кинотеатрлардан бирининг ходимаси фильм томошабинлар орасида яхшигина қизиқишга сабаб бўлаётганини айтади.

Хабарларга кўра, қўшни Тожикистонда " фильмдаги зўравон саҳналар" туфайли "Диктатор"нинг намойиши ман этилган.

Аммо "Тожиккино" давлат ширкати мулозимларининг "Диктатор" юзасидан бераётган бир-бирига қарама-қарши изоҳлари туфайли, фильм тақиғини унинг номи билан боғлаётганлар ҳам йўқ эмас, дейди Тожикистондаги мухбиримиз.

Хабарларга кўра, Туркманистон ҳам "Диктатор" фильмини ўз халқига кўрсатмасликка қарор қилган.

Аммо масъулларнинг нега бу каби қарорга келишгани сабаб маълум эмас.

Айрим маҳаллий таҳлилчилар наздларида, янги фильмнинг тақиқланиши ушбу давлатлар аҳолиси орасида унга бўлган қизиқишнинг кучайишига олиб келади, холос.

Ўзбекистон дохил қолган Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, Россияда Саша Барон Коэн фильмининг тақдимоти 17 май куни бўлиб ўтган.

Тошкент кинотеатрларида ушбу фильмнинг 23 май кунига қадар намойиш этилиши айтилмоқда.

"Диктатор"

Саша Барон Коэн бош ролни ижро этган "Диктатор" фильмини режиссёр Ларри Чарльз олган.

У ҳажвчи билан "Борат" ва "Бруно" фильмлари устида ҳам бирга ишлаган.

Мамлакат жамоатчилигининг кескин норозилигига сабаб бўлгани учун, Қозоғистон неча йилдирки, "Борат" фильмининг намойишини тақиқлаб қўйган.

Муаллифларига кўра, "Диктатор" ўзи жон дилдан суйиб жабр-ситам ўтказган давлатида демократияга йўл қўймаслик учун ҳаётини қурбон қилган мустабиднинг қаҳрамонона ҳаётидан ҳикоя қилади.

Фильм бош қаҳрамони генерал-адмирал Аладин тўқима.

У бошқарган ва Шимолий Африкада жойлашгани айтилувчи Вадия мамлакати ҳам хаёлий.

Генерал-адмирал у ерда роҳат-фароғатда яшайди, аёл тан қўриқчилари уни ҳимоя қилиб туришади.

Фильмда унинг Бирлашган Миллатлар чиқиш қилиш учун Америкага қилган сафари ҳам тасвирланади.

Фильм бош қаҳрамонини ўтган йил ҳокимиятдан ағдариб, ўлдирилган Ливия раҳбари марҳум Муаммар Қаддофийга қиёс бераётганлар ҳам озмунча эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ