Санжар Умаров: Бир кун келиб, ижобий ўзгаришлар бошланади...

Санжар Умаров ва невараси
Image caption Санжар Умаров 2009 йил ноябридан буён Қўшма Штатларда истиқомат қилади

Таниқли мухолифат фаоли ва собиқ сиёсий маҳкум Санжар Умаров bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Санжар Умаров 1956 йил 7-апрелда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида таваллуд топди.

Унинг отаси - Ғиёс Умаров Ўзбекистонда гелиотехникага асос солган физик олимлардан бири ҳисобланади.

Санжар Умаров Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институтини тамомлаб, муҳандис-электрик мутахассислигини олди.

Бир неча йил илмий тадқиқотлар олиб борди ва Тошкент политехника институтида дарс берди.

Француз тилини ўрганиб, Жазоирдаги университетлардан бирида физика ва электротехникадан сабоқ берди.

1988 йилда Жазоирдан Ўзбекистонга қайтгач, тадбиркорлик билан шуғуллана бошлади.

1989 йилда Ўзбекистонда илк бизнес мактабини ташкил этишда фаол иштирок этди.

Шу билан бирга Санжар Умаров хориждан Ўзбекистонга сармоя жалб этиш билан ҳам шуғулланди.

1991 йилда Америка сармоядорлари кўмагида собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида илк мобил ширкати - "Уздунробита"га асос солди.

Ўзбекистон мустақиллигининг иккинчи йилида Санжар Умаров ўз ҳамкорлари билан "Узагаросавдоинвест" ташқи иқтисодий уюшмасини барпо этди.

Ушбу уюшмани тузишдан мамлакатда етиштирилувчи мева ва сабзавотларни қайта ишлаш соҳасига хорижий сармояларни келтириш мақсади кўзланган эди.

1996 йилда "Нефтегазтранс" Ўзбек-Америка транспорт ширкатини тузишда Америка сармоясини киритишга муваффақ бўлди.

Санжар Умаров, шунингдек, Ўзбекистонни дунё бозорига олиб чиқувчи "Замонавий Ипак Йўли" лойиҳасини ишлаб чиқди.

Ушбу лойиҳага мувофиқ, Термиз шаҳридан Афғонистон орқали Покистоннинг Кветта бандаргоҳига қадар темир йўли қурилиши лозим эди.

Жаноб Умаров Афғонистондаги АҚШ ҳаво кучларига ёнилғи етказиб туришда кўмак бера бошлади.

2005 йилда у зиёлилар, тадбиркорлар ва фермерлар гуруҳларини бирлаштирган "Серқуёш Ўзбекистоним" коалициясига асос солди.

Ушбу ташкилот расмий Тошкентни ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва инсон ҳуқуқлари соҳаларида ислоҳотлар ўтказишда тўғридан-тўғри мулоқотга чақирганди.

2005 йил май ойида Андижонда юз берган қонли ҳодисалар ортидан Ўзбекистон ҳукуматидан мазкур ҳодисалар юзасидан халқаро текширув ўтказишга изн беришни талаб қилди.

Кўп ўтмай молиявий жиноятларда айбланиб, 14.5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Санжар Умаров қамоқда экан икки йил карцерда сақлангани ва давомли қийноқларга тутилганини айтади.

2009 йил ноябрида халқаро босимлар остида Ўзбекистон ҳукумати уни озод этди.

Санжар Умаров ўшандан буён оиласи билан бирга Қўшма Штатларда яшамоқда.

Икки қиз ва уч ўғилнинг отаси.

Суҳбатнинг радио версиясини шанба кунги "Дараклар" дастурида тинглай оласиз.

Одил, Наманган: Ассалому алайкум Санжар ака! Қамокка қандай тушганингизни сўзлаб берсангиз. Сизни қийноққа солиш қачондан бошланган?

Санжар Умаров: Бундан роппа-роса 7 йил олдин 2005 йилнинг 25 майида "Серқуёш Ўзбекистоним" коалициясини таъсис мажлисини ўтказишимиздан беш кун ўтиб менга ва яқинларимга тегишли корхоналарда текширувлар бошланди. Ёзни ўрталарига бориб тазйиқлар сал камайди, лекин Ўзбекистон АҚШни Қаршидаги базасидан ҳайдаганидан кейин, августнинг бошларида тазйиқлар ва қўрқитишлар яна кучайди. Мен АҚШда эканман Ўзбекистон Бош прокуратураси бизнинг ишимизни ўз назоратига олиб, Тошкентда менинг танишларимга босимни кучайтирди. 19 октябрда Америкадан қайтдим ва орадан бир неча кун ўтгач, менга Коалиция вақтинча жойлашган идорада тинтувлар бошланганини хабар беришди. Ўша заҳотиёқ Тошкентдаги Марказий Универмаг ёнида жойлашган идорамизга машинамда етиб бордим. Офисдан овозлар эшитилиб турарди, аммо менга ҳеч ким эшикни очмади. Бинодан ташкарига чикаётганимда менга фуқаровий кийимдаги бир неча одам ёпишди ва ўз машиналари томон судрай бошлашди. "Кимсиз? Нима қилаяпсиз?" деган саволларимга "уйингизга обориб қўямиз," деб машинанинг олдинги ўриндиғига ўтказишди. Машина бироз юргач, орқа ўриндиққа яна бир одам ўтирди. Бир оз вақт ўтиб, бўйнимни ари чиққандай бўлди. Бироз юриб, машина бир бино олдида тЎхтади ва ҳайдовчи: "Сиз кўришмоқчи бўлган одам ичкарида кутаяпти," деди. Мен, гапнинг очиғи, президент (Ислом Каримов) мен билан учрашмоқчи экан, деган хаёлга бордим, чунки аввалроқ учрашув сўраб, унга хат ёзган эдим. Аммо ичкарида камерага киргизишар экан, мени қамамоқчи бўлганларини тушундим. Камерада ўзимни жуда ёмон ҳис қила бошладим, бошим айлана бошлади. Камерада учта "лахмач" бор эди. Улар мени ура бошлашди. Бир неча марта ҳушимдан кетдим. Икки кундан кейин сал ўзимга кела бошладим. Шунда назоратчи қора резина билан ўралган иккита брезент қопни камерага олиб кирди. "Лохмачлар" мени ўлдириб, шу қопларга солишади, деб ўйлагандим ўшанда. Шуниси қизиқки, суд пайтида гувоҳлик берган Тошкент Ички ишлар бошқармасининг оператив ходими судни чалғитиб, мени Шератон меҳмонхонасининг ёнида қўлга олганларини айтганди.

Муниса, Самарқанд: Одамлар орасида сизни “Американинг одами” деган гаплар юради. Қамалгунча, ростдан ҳам, Америка молиявий ёрдамини олганмисиз? Саволим оғир ботган бўлса узр.

Санжар Умаров: Бу жуда ҳам принципиал масала. Баъзи кимсаларга мени Ўзбекистон "душманлари" қўлидаги марионетка, деб кўрсатиш қулай бўлган. Бундан ташқари, менинг оилам Америкада яшагани ва мен Америкага алоқадор қатор ширкатлар билан яқин алоқада бўлганим учун баъзи бир оғзи бўш одамлар шунақа гапларни тарқатишган. Аммо, сиёсий фаолиятга мени виждоним ва ватанпарварлигим ундаган! АҚШга алоқадор биронта ташкилотдан ёки ҳукумат тизимидан сиёсий фаолиятим учун бир тийин ҳам олмаганман. У пайтда мен бировларни пулига мухтож эмасдим. Аксинча, бошқаларга ўзим пул берардим ...

Шоҳрух, Тошкент: Нима учун қамоқдан чиққач, узоқ пайтгача жим юрдингиз? Қамоқдан чиқариш пайтида сизга шарт қўйишганмиди?

Санжар Умаров: Қамоқда қийноқлардан ўлар ҳолатга келгандим. У ерда уларнинг қўлида ўлиб қолмаслигим учун қўйиб юборишди. Ўтган вақт давомида соғлигимни тиклаш билан овора бўлдим, дунёда тўрт йил ичида юз берган воқеаларни ўргандим. Менга фақат битта шарт қўйилганди: Ўзбекистонни дарҳол тарк этишим ва қайтиб келмаслигим.

Абдувоҳид Файзиев, Тошкент: Сиз фаолиятингизни қай тарзда давом эттирмоқчисиз? Четдан туриб фаолият юритиш осонми?

Санжар Умаров: Албатта, менга ва бошқаларга Ўзбекистонга қайтиб, расман қайддан ўтишга ва Олий Мажлисга сайланишга имконият берилса, фаолиятимиз унумлироқ бўлар эди. Аммо бундай имконият йўқ. Шунинг учун ҳозирча хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи ташкилотлар билан иш олиб бораяпмиз.

Салоҳиддин Файзиев: Ассалому алайкум Умаров жаноблари! Сизга берадиган саволим: Биламизки, Ўзбекистон ҳукумати иқтисод давомли барқарор ривожланмоқда, деб айтиб келади. Бу гапларда асос борми?

Санжар Умаров: Ҳукумат айтиб келаётган ўсиш ҳақидаги рақамларга ишониш керак эмас деб ўйлайман.

Зарифа, Санкт-Петербург: Санжар Умаровга савол: Ўзбекистондаги оғир иқтисодий ва сиёсий аҳволни қандай қилиб ўзгартирса бўлади?

Санжар Умаров: Бунинг учун кескин ислоҳотлар олиб бориш керак. "Шок терапия" бўлмасаям, лекин "интенсив терапия" ўтказиш зарур, кечиктирмай. Ҳозирги амалдаги ҳукумат буларни қила ололмайди. Янги, ёш профессионаллардан иборат ҳукуматни тузиш керак ва шу ҳукумат ислоҳотларни ўтказиши лозим. Тизимни либераллаштириб, чет элда таълим олган ва нуфузли ширкат ва ташкилотларда ишлаётган менежерларга Ўзбекистонга қайтиш хоҳишни туғдириш керак.

Али Қуддусий, Тўрткўл: Ҳурматли Санжар Умаров, сизга маълумки,Ўзбекистон ҳукумати бир қатор хориж компанияларини Ўзбекистондан чиқариб юборди. Бунинг оқибати нима бўлади?

Санжар Умаров: Бунинг оқибати сармоя иқлимининг ёмонлашуви ва сармоя кириб келишининг камайиши, Ўзбекистондан капитални кетишига олиб келади. Бу иж ўринлари яратилишининг камаиши, ишсизлик ортиши деганидир.

Муслимбек, Бухоро: Ассалому алайкум, Санжар ака!Нима сабабдан Ўзбекистонда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ўрнига уларга нисбатан босим ўтказишни афзал кўришади?

Санжар Умаров: Чунки мавжуд тизим шунақаки, амалдорлар - каттами ёки кичик - хоҳлаган тадбиркордан, хоҳлаган мулкини ёки бизнесини тортиб олиши мумкин.

Баҳодир, Лондон: Ўзбек мухолифати ҳақида қандай фикрдасиз?

Санжар Умаров: Ўзбек мухолифати жуда ҳам тарқоқ.

Студент, АҚШ:Ҳурматли Санжар ака, ҳозирги мухолифатга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

Санжар Умаров: Мен Нигора Ҳидоятованинг бундан роппа-роса икки йил илгари айтган сузларини эслатар эдим: "Ҳар битта фаол ўзини эгоистик манфаатларини вақтинча четга суриб, вақтинча бўлсаям бирлашиб, умумий вазифа устида ҳаракат қилиши керак". Акс ҳолда, мухолифат тарқоқ бўлаверса, бирма-бир йўқолиб кетади.

Исми номаълум: Ғарб Ўзбекистон билан Афғонистонни, деб ҳамкорликни узгани йўқ. Лекин Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи йиғлайдиган даражада. Шундай экан, Каримов ҳукумати билан ҳамкорлик қилиш демократия ва озодликни мадҳ этадиган ғарб давлатлари учун шармандалик эмасми?

Санжар Умаров: Ғарбда Ўзбекистонда ким-кимлигини аллақачон тушунишган, лекин сиёсий манфаатлар иккиламчи уйинни олиб боришга ундаяпти. Сиз Ғарб деганингизда Ғарб ижроий ҳукуматларини назарда тутаяпсиз, тушунушимча. Аммо Ғарбда ундан ташқари қонунчилик ҳукуматлариям кучли. Мухолиф партиялар ва кенг омма фикрлари ўта катта аҳамиятга эга. Шуларни эътиборга олиб, ижро хукуматиям ўз сиёсатини ўзгартиради. Ёки ҳозирги пайтда мухолиф партиялар ҳукуматда бўлмасаям маълум бир вақт ўтиб ҳукуматга келишлари мумкун. Бундан ташқари ноҳукумат ташкилотлар ҳам кучли. Улар орқалиям халқаро судларга мурожаат қилса бўлади. Шунинг учун хафсалани пир қилмасдан ҳаракат қилавериш керак. Демократияни яхши томониям шундаки, худди оқар сувни тўхтатиш имкони бўлмагани сингари, тўғри йўналишниям ёпиб бўлмайди. Бари бир, куни келиб, ижобий ўзгаришлар бошланади... Шу кунга вақтдан унумли фойдаланиб тайёрланишимиз керак!

Бу мавзуда батафсилроқ