Ўзбекистон ўз халқини боқа оладими?

Ўзбекистон учун ўз халқини озиқ-овқат билан таъминлаш неқадар катта муаммо ва мамлакат озиқ-овқат ишлабқишлоқ хўжалигида нималарни ўзгартириш зарур? Биз қатор мутахассисларга мурожаат этдик.

Анвар Ҳусайнов, ишбилармон. Тошкент:

Ўзбекистон - ўзини тўлиқ озиқ-овқат билан таъминлайдиган мамлакат. Лекин маҳсулот сифати бошқа масала. Мамлакат ғалла етиштиради, аммо қуруқ иқлимда сифатли ғалла олиб бўлмайди, шу боис юқори сифатли унни Россия ва Қозоғистондан олади. Айни дамда Ўзбекистон чорвачилик ва сут маҳсулотлари етиштиришда орқада қолаяпти. Гўшт жуда қиммат ва аҳолининг катта қисми гўшт-сут маҳсулотларни етарли даражада истеъмол қилолмайди.

Қишлоқ хўжалигида улуғ натижаларга эришиш учун катта маблағ эмас, фақат тўғри йўлни танлаш керак. Ўзбекистонда камҳосил ва шўрланган ерларни биотехнология йўли билан даволаб, ҳосилдорликни оширишга қодир олимлар бор. Икки-икки ярим миллион гектарлик энг яхши суғориладиган ерларда ҳозир пахта экилмоқда. Пахта учун кўп сув кетаяпти ва маҳсулот таннархи қимматга тушаяпти. Пахтани кескин камайтириб, ўрнида шўрга чидамли озиқ-овқат экинлари экилса, сув ҳам етади, озиқ-овқат ҳам кўпаяди.

Пахта бўйича Ўзбекистон Жанубий Корея ва Хитой олдида мажбурияти бор ва улар Ўзбекистон сиёсатига таъсир ўтказиши мумкин. Шу қаторда, матбуот ва илм-фанда танқид етишмайди. Ўзбекистоннинг қуруқ табиатида мева-сабзавот яхши ўсади. Бу экинлардан келадиган фойда пахтага нисбатан 4-5 баравар кўп бўлади, ишсизлик ҳам камаяди. Боғдорчилик учун сув кўп керак эмас. Боғлар аслида бостириб келаётган саҳроларни ҳам тўхтатарди.

Оллоберган Ражабов, зироат журналисти. Хоразм:

Ўзбекистон четдан кўп маҳсулот сотиб олиши шарт эмас. Жанубда картошка ва пиёз яхши ўсади. Шимолда эса гуруч ишлаб чиқилади. Аммо табиат ўзгариб турибди. Ўтган йили пахтакор ҳам, шоликор ҳам қийналди. Бу йил эса сув яхши. Ҳатто Орол денгизига ҳам сув етиб бораяпти, деган хушхабарлар бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc uzbek
Image caption Ўзбекистонда энг муҳим таом - нон учун зарур сифатли унни етиштириб бўлмайди

Ҳозир ҳар қишлоқда махсус уруғлик дўконлари очилиб, автоуловлар ҳам ажратилмоқда. Эрта баҳордан бошлаб томорқага керакли кўчат ҳамда сабзавот уруғлиги бозордан анча арзон нархда аҳолига сотилмоқда. Ҳозир биронта ҳам томорқа бекор қолмасин, деб назорат қилишаяпти. Бош мақсад - бозорни тўлдириш ва нархларни арзонлаштириш.

Қишда иссиқхоналарни ишлатиш учун давлат муқобил энергиядан фойдаланишни тавсия қилмоқда. Яъни газ эмас, балки кўмир олиб иссиқхоналарни иситиш ва қишда озиқ-овқат етиштириш кераклиги айтилган.

Бек Тошмуҳаммедов, биофизик олим. Тошкент:

Ўзбекистонда озиқ-овқат етиштириш у қадар катта масала эмас, ҳаминқадар қилиб туришибди. Аммо ичимлик суви таъминоти - жуда улкан муаммо. Баъзи жойларда ичимлик суви йўқ ва бўлганда ҳам сифати ёмон.

Айниқса, Орол денгизи бўйларига сифатли сув олиб бориш керак. Бизда сув таъминоти ҳамон эскича усулда ишлайди. Каналлар ва дарёларга оқава сувлар ва тузлар тушади, шу боис таркиби тоза эмас. Шу боис махсус йўғон ерости қувурлари ётқизиб, ўрта оқимлардан ҳамда тоғлардан сув олиб бориш керак. Лекин бу қимматга тушади. Ўйлаб кўринг, бир ярим минг километрлик улкан қувур ётқизиб, Орол бўйига олиб бориш осон эмас. Бироқ, барибир, Ўзбекистон учун шундан бошқа йўл йўқ.

Келажакда Помир ва Тиёншондаги музликлар кичрайиб, йўқолади ва ана унда сув муаммоси янада кучаяди.

Ҳозир деҳқончиликда озиқ-овқат етиштириш учун керак бўладиган суғорма сув масаласи ҳам бизни жуда ташвишга солмоқда. Юқори оқимдаги қўшни мамлакатлар жуда улкан тўғонлар қуришаяпти. Бу эса Ўзбекистонга келадиган сув ҳажмини камайтириб юборади. Роғун каби тўғонлар тепамизда, зилзила тез-тез юз берадиган минтақада қурилмоқда. Биз тўғонлар ёрилиб кетишидан ҳам жуда хавотирдамиз.

Маъмур Азимов, собиқ фермер. Жиззах:

Озиқ-овқат таъминоти Ўзбекистон учун долзарб ва бу масалани кўтаришмоқда. Ҳозир ҳатто ўқитувчилар ҳам уйма-уй юриб, одамларни томорқадан унумли фойдаланишга даъват қилишмоқда. Аммо шаҳарликлар нима қилади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Мутахассисларга кўра, Ўзбекистон пахтани камайтириб, боғдорчилик ва сабзавот етиштиришни кўпайтириши лозим

Улар ҳамма нарсани бозордан сотиб олишади-ку! Шу боис томорқадан ҳам кўра кўпроқ фермерларга рағбат керак. Нима экишни давлат белгилаб бермасин, балки фермерларнинг ўзлари ҳал қилишсин. Лекин бизда давлат фақат пахта ва ғалла экасан, деб мажбурлайди.

Аксинча, фермерларга имконият яратиш ва пахта ўрнига озиқ-овқат маҳсулотлари экишни кўпайтириш лозим. Эркинлик бўлмагани, маҳсулотим нархини давлат арзон белгилаб, ўзи сотиб олгани учун мен ҳам кўп зарар кўрдим ва фермерликдан воз кечдим.

Қўшимча маҳсулот эккан фермерлар бўлди. Аммо давлат ва прокуратура ходимлари келиб, 50 гектарлаб ерда бир қарич бўлиб ўсиб турган пиёзларни яксон қилиб, ҳайдаб ташлашган ҳоллар бўлди. Фақат бу сиёсатдан воз кечиб, озиқ-овқат етиштириш йўлида фермерга эркинлик ва имконият берилса, ана ўшанда Ўзбекистон ўзини тўлиқ озиқ-овқат билан таъминлай олади.