'Ислом Каримов мени ва ўғлимни отиб ташлай қолсин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Гулшан Қораева таъқибга тутилаётганини ва эрта ўзига нима бўлишини билмаслигини айтади

"Ҳар вақт қуршовда ва таъқибда ўтирибман, уйда касал болам тўшакда" - дея сўнгги баёнотини изоҳлайди Гулшан Қораева - "Мени кимлардир дўппослаяпти, уйим деворига номақбул сўзларни ёзиб кетишаяпти. Яхшиси, ўлдириб қўя қолишсин".

Президент Ислом Каримовга ёзган очиқ хатида қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли 1 июн болаларни ҳимоя қилиш кунида ўзи ва касал боласини отиб ташлай қолишни сўраган.

"Мен баъзи бошқа фаоллардан фарқли тарзда ногирон боламни ташлаб четга кета олмайман ва кетишни истамайман. Ўлсам ҳам жасадим ватанимда қолсин".

Гулшан Қораева сўнгги йиллари Қашқадарёдаги болалар меҳнати, газ ва электр таъминотидаги узилишлар ҳамда маҳаллий ҳокимиятлар зўравонлиги борасида тадқиқотлар ўтказиб, оммага эълон қилиб келмоқда.

Сўнгги ҳафталар эса унга бўлган таъқиблар кучайиб, номаълум аёллар тарафидан кўчада ҳужумга тутилди ва уйи деворига номақбул сўзлар ёзилиб, уятсиз суратлар чизиб кетилди.

Фаол бу ишлар ортида махсус хизматлар ва ё куч тизимлари турганини даъво қилади.

"Мен махсус хизматларга айғоқчилик қилишга рози бўлмадим ва аксинча, бу борада очиқ гапирдим. Шу боис мени жазолашмоқда" - деб айтади Гулшан Қораева.

"Ҳозир кўчага ҳам чиқолмайман. Чиқсам, менга бирон кор-ҳол бўлиши ва ё бошимга кимдир бирон нарса билан уриб кетиши мумкин" - дейди фаол ўзига нисбатан сўнгги кунлар содир этилган ҳодисаларни сарҳисоб қилиб - "Бу ишлар борасида шикоят қилсам, ҳатто маҳалла миршаби ҳам келмади. Шу боис бўлаётган ҳодисалар таъқибдан бошқа нарса эмас".

"Имкони бўлса, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари фаолиятимни давом эттирмоқчиман. Аслида-ку ҳамма бўлаётган ишлар мамлакат миқёсида ва Тошкентга бориб тақалади, лекин ҳар тугул, президент эшитса, раҳми келар, деб ўйладим. Акс ҳолда эрта менга нима бўлишини ҳам билмайман".