Швеция: Обид қорини ўлдиришга уринган шахсга қидирув эълон қилинди

Назаров яшаган уй
Image caption Обидхон Назаров ўз уйидан чиқаётган пайтда номаълум шахс томонидан отиб кетилганди

Шу йил феврал ойида Швеция шимолида ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаровнинг отиб кетилишига алоқадор шахсни ҳибга олиш ордери чиққан.

Бу ордер амалда Обидхон Назаровни ўлдиришга уринган шахсга қидирув эълон қилинганини англатади.

54 ёшли Обидхон Назаров 22 феврал куни Стромсунд шаҳарчасида уйидан чиқаётган пайтда бошидан ўқ еган эди.

"У ҳужумни амалга оширган. Шарқий Оврўполик бу шахснинг ёши 30-40 лар орасида," - деб айтган қидирув гуруҳининг бошлиғи Кистер Петерссон.

Бироқ қидирув гуруҳининг бошлиғи ҳужумчининг қайси миллатга таалуқли эканини ҳам, қайси мамлакатда яшашини ҳам айтмаган.

Остерсунд туман маҳкамаси қарори ортидан жаноб Петерсон гумонланувчи шахсни тутиш бўйича Оврўпо ордерини олишга ариза топширишини айтган.

Ушбу ордер гумонланувчи шахсни Швецияга экстрадиция қилишга қонунан изн беради.

Обидхон қори Назаров суиқасдига алоқадорликда гумон қилиниб, май ойи ўрталарида икки шахс ҳибсга олинган эди.

Ҳозирда ҳибсда ушлаб турилган икки шахснинг ўзбекистонлик эр-хотин экани айтилади.

Ўзбекистонлик таниқли диссидент олим Обидхон Назаров ҳозир ҳам кома ҳолатида шифохонада сақланмоқда.

Расмий Тошкент режимининг кўзга кўринган танқидчиларидан бўлган Обидхон қори 2006 йилда Швециядан бошпана олганди.

Терговчиларга кўра, жаноб Назаровнинг айнан диний фаолияти унга қилинган суиқасд ортида турган асосий сабаб бўлиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ