'Ўзбекистон Исломий Ҳаракати қайта жонланмоқда'ми?

Ўтган ўн йил давомида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати бошпана топгани ишонилган Покистондаги айрим таҳлилчиларга кўра, сўнгги йилларда гуруҳ аъзолари сони яна ортаётган бўлиши мумкин. Уларнинг айтишларича, ҳаракат Марказий Осиё давлатларидан янги аъзоларни ёллашга уринмоқда. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Америка бошчилигидаги иттифоқ кучларининг Афғонистонда 2001 йилда бошланган ҳужумларидан қочиб, Покистоннинг қавмлар яшовчи Шимолий ва Жанубий Вазиристон минтақаларидан бошпана топиб келаётганди. Аммо, ҳаракатнинг фаолиятини узоқ йиллардан бери кузатиб келаётган журналист Раҳимуллоҳ Юсуфзайнинг айтишича, сўнгги йилларда улар Афғонистон орқали Марказий Осиё чегараларига яқинлашишга уринишмоқда:

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Покистон ҳарбийлари томонидан мамлакатнинг қавмлар яшовчи минтақаларида олиб борилган ҳарбий амалиётлар ортидан, марказий осиёликлари дохил аксарият хорижий жангарилар яна қайтиб Афғонистонга ўтишган. Жангарилар аввал Афғонистоннинг Кўнар ва Нуристон каби Покистон билан чегарадош вилоятларидан бошпана топган бўлишса, айрим хабарларга кўра, улар ҳозир Марказий Осиё давлатлари чегараларига яқин шимолий Қундуз ва Тахор вилоятларига ўтишга уринишмоқда. Айримлари эса, Тожикистон билан туташ Бадахшон вилоятида жойлашиб олишга муваффақ бўлишган. Шунинг учун ҳам, бунинг яққол далили бўлмаса-да, Покистоннинг қавмлар яшовчи ҳудудларида яшириниб юрган жангариларнинг Афғонистон орқали Тожикистонга ўтишга уринаётганларини тахмин этса бўлади. Бу - масаланинг бир томони. Яна бир жиҳати, ҳар ёз мавсумида жангариларнинг ҳаракатланишлари фаоллашади, Афғонистонда жанглар, чегараоша қатнов кучаяди. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам янги жангариларни ёллайди ва жангариларига бориб қўшилиш учун Афғонистонга кесиб ўтишга ҳаракат қилади.

Би-би-си: Афғонистон ва Покистоннинг ўзида олиб борилган қатор ҳарбий амалиётлар ортидан, яқин-яқингача Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг сони бир неча юзга тушиб қолгани айтилганди? Агар, жавобингиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозирга келиб уларнинг сони яна ортмоқда, шундайми?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Биласизми, бундан аввал ҳам Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг сони унчалик ҳам кўп бўлмаган. Яъни, уларнинг саноғи юзлаб рақамлар атрофида айланган. Кейин эса, улар Покистоннинг қавмлар яшовчи минтақалари ва Афғонистонда ҳам анчагина жангариларини бой беришди. Уларнинг сони камайди. Аммо, тахминларимизга кўра, ҳаракат ҳозир янги жангариларни ёллашга уринмоқда. Шу боис, қўлимизда аниқ рақамлар бўлмаса-да, уларнинг сони яна ортаётган бўлиши мумкин.

Би-би-си: Демак, улар янги аъзоларини Марказий Осиё давлатларидан ёллашга уринишмоқда?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Менимча, ҳаракат Ўзбекистон ва балким, Тожикистондан одамларни хизматга ёллашга уринмоқда. Кўплаб жангарилари, қўмондонлари ва лидерларини бой бергани учун, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига янги жангчилар керак. Чунки Покистон ва Афғонистоннинг ўзидан бундай қилишлари қийин бўлади. Покистонликлар, афғонлар ва араблар уларга иттифоқчи бўлишлари мумкин, аммо сафларига олиши учун ҳаракатга Ўзбеклар ва Марказий Осиёликлар керак. Чунки улар шу йўл билан Марказий Осиёда ўзлари истаган ўзгаришларни амалга оширишга умид қилишмоқда.

Би-би-си: Аммо Марказий Осиё давлатлари, айниқса, Ўзбекистондаги вазиятни назарда тутиб айтадиган бўлсак, уларни бу каби давлатлардан одамларни хизматга ёллашлари шунчалик осонми?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Тўғри, ҳукуматларининг қанчалик қаттиққўл ва ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятининг қанчалик кучли эканидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, сўзсиз, бу иш осон эмас. Чунки бу каби гуруҳларнинг фаолиятларига алоқадорликда гумон қилинган ҳар қандай шахс дарҳол ҳибсга олинади. Аммо масаланинг бошқа тарафи ҳам бор. Турли сабаблар билан, дейлик, яқинларининг ҳибсга олинишидан норози ёки жабр чеккан кишилардаги аламзадалик ҳиссини назардан қочирмаслик лозим. Ана шундай одамлар ҳаракатнинг таъсирига тушиб, уларнинг сафларига қўшилиши мумкин. Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидагилар ҳам бу масалада ниҳоятда эҳтиёткорлар.

Би-би-си: Аммо ҳаракатнинг одамларни хизматга ёллаш жараёнининг ўзи қандай кечади? Бу хусусда сизда қандайдир маълумот борми?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Биласизми, агар Покистон ёки Афғонистондаги Толибон ҳаракати, ва ё-да "Ал-Қоида" тармоғининг хизматга ёллаш мисолидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бу ҳақда муайян тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Чунки улар иттифоқчилар саналишади ва асосан биргаликда фаолият олиб боришади. Толибон ҳаракати ва "Ал-Қоида" тармоғи тарғибот йўсинидаги видеолардан фойдаланишади. Улар Натонинг бомбалашлари, адолатсизликлар, Гуантанамо, Абу Ғурайб ва Багром қамоқхоналаридаги ҳолатлар, Марказий Осиё давлатларидаги бошқарув усуллари, демократиянинг йўқлиги, диктатура ҳукмрон эканига оид тасвирларни кўрсатишади. Бунинг йўллари кўп. Кейин ҳалок бўлган жангариларини шаҳидлар, деб улуғлашади. Қўшиқлар, шеърлардан ҳам фойдаланишади. Интернет, турли хил замонавий технологиялардан фойдаланишади. Таъсирчан бўлишгани учун, кўпроқ ёшларга эътибор қаратишади.

Би-би-си: Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳозирги ҳолатида Марказий Осиё давлатларига ҳақиқатда таҳдид солиши мумкинми?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Менимча, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳозирги босқичда у қадар кучли эмас. Кўплаб жангарилари, Толибон тузуми даврида Афғонистонда амал қилган қароргоҳини йўқотган. Покистонга ўтишга мажбур бўлган ва ҳозир қайтишга ҳаракат қилмоқда. Менимча, ўз фаолиятларини қайта уюштириш, кўпроқ ресурсларга эга бўлишлари ниҳоятда қийин кечади. Аммо Ўзбекистон Исломий Ҳаракати омон. Яъни, буткул яксон этилмаган, фаолиятда ва яна ўз номини тиклашга уринмоқда. Менимча, ҳаракат Марказий Осиё ҳукуматларига таҳдид сифатида қолаверади. Агар бу давлатлар раҳбариятлари мавжуд муаммоларига барҳам бериб, ўз халқларининг ишончларини оқлай олишса, ҳаракатнинг ўз аъзолари сонини кўпайтириши ҳам шунча қийинлашади. Аммо бундай бўлмаяпти...

Би-би-си: Сўнгги йилларда, айниқса, Афғонистонга қўшни Тожикистонда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига аъзоликка алоқадор ҳибсга олишлар ва маҳкама жараёнлари сони ортгани кузатилади. Биргина жорий йилнинг ўзида айни шу айбловлар билан ўнлаб кишилар узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилишган. Дейлик, кеча шимолий Суғд вилоятида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига мансубликда кўрилган 17 киши устидан ҳукм ўқилган. Маҳкама уларни 9 йилдан 23 йилгача озодликдан маҳрум этган. Куч ишлатар тизимлар вакиллари Шимолий Тожикистонда кейинги ўн йилда юз берган аксар қуролли ҳужумлар, одам ҳалокатига олиб борган портлашларни Ўзбекистон Исломий ҳаракати номи билан боғлашади. Яқинда Тожикистон Олий Суди Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг бир қаноти сифатида кўрилувчи "Жамоати Ансаруллоҳ"ни мамлакатда фаолияти тақиқланган гуруҳлар рўйхатига ҳам киритди. Агар ҳаракатнинг ўз инсоний талофатларига оид ўтган йили эълон қилган рўйхатига қаралса, уларнинг аксарияти Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Россия, Афғонистон, Покистон ва Олмониядан бўлишган. Тоҳир Йўлдошнинг ўлимидан бир йил ўтиб, 2010 йилнинг сентябр ойида унинг куёви Усмон Одил Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг раҳбари этиб тайинланган. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Покистон ва Афғонистонда Толибон ҳаракати ҳамда "Ҳаққоний" жангари гуруҳининг қўллови билан ҳаракат қилишади.

Бу мавзуда батафсилроқ