'Ўзбек милицияси 14 аёл ўлдирилгани ҳақида ўз вақтида хабар бермаган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи pixland.uz

Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлигининг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манбага таяниб хабар тарқатишича, Тошкент шаҳри ва атрофида камида 14 аёлни ўлдиришда гумон қилинаётган уч шахс қўлга олинган.

Ўтган йили Ўзбекистон пойтахти атрофида хотин-қизларни ўлдираётган "киллер" пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар Интернетда тарқалган, бироқ Ўзбек милицияси бу хабарларни тасдиқламаган эди.

Сал олдинроқ Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари Қозоғистоннинг жанубий ҳудудида ва Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳри ва вилоятида камида 11 аёлни ўлдирганликда гумон қилинган 4 киши ҳибсга олингани ҳақида маълум қилган эди.

Қозоқ расмийлари ушбу амалиёт Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари билан биргаликда ўтказилган амалиёт бўлганини айтганлар.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги: ўзбекистонлик сериал қотиллар қўлга олинди

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг ушбу ҳисоботи қозоғистонликларнинг вазирлик фаолиятидан норозиликларига ҳам сабаб бўлди.

"Агар улар аёлларнинг жасади топилаётгани ҳақида ўз вақтида хабар беришганида хотин-қизлар шубҳали таксиларга ўтирмаган бўлишарди, ҳаётдан кўз юмган аёллар кам бўларди", дея фикр билдиришди қозоғистонликлар.

Худди шу гапни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига нисбатан айтиш мумкин.

Бугунга келиб милиция охирги 1 йилдан кўпроқ вақт мобайнида камида 14 аёл ўлдирилгани ҳақида расман хабар қилмоқда.

Ўхшаш қотилликлар такрорланаётганидан жамоатчиликнинг огоҳ бўлиши инсонлар умрини сақлаб қолиши, жиноятчининг тез топилишига ёрдам берган бўларди.

Бироқ Ўзбекистон милицияси фаолиятини яхши биладиган кузатувчилар фикрича, ички ишлар бўлимлари "юқорига" яхши кўрсаткичлар тақдим этиш ва ўз ҳудудларида жиноятчилик камаяётгани ҳақидаги ҳисобот беришни афзал кўришади.

"Гумон қилинаётган шахслар такси ҳайдовчилари сифатида фаолият юритганлар. Улар ўз қурбонларини овлоқ жойларга олиб борганлар, нарсаларини талаганлар, жинсий зўрлаганлар ва кейин уларни ўлдирганлар", деб айтган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари зобити "Интерфакс" агентлигига.

Ўзбек мулозими қўлга олинганларнинг икки ёш йигит экани, улардан бирининг онаси ҳам қўлга олинганини маълум қилган.

Бу аёл қурбонлардан таланган буюмларни сотганликда гумон қилинаётгани айтилган.

Қозоқ расмийлари икки мамлакат ҳудудида аёлларни такси киракаши кўринишида ўлдирган инсонларнинг уч нафари Ўзбекистон, бири Қозоғистон фуқароси эканини маълум қилишган.

Бу гуруҳ Қозоғистон ва Ўзбекистонда ўлдирилган инсонларнинг қимматбаҳо буюмларини Тошкент бозорларида пуллаганлари хабар қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ