'Учрашувингизда ўзбек меҳнат муҳожирлари муаммоларини ҳам муҳокама қилинг'

Image caption Тошкентда Президент Каримов ва Президент Путин Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни кучайтириш декларациясини имзолашлари хабар қилинган.

Россия Президенти Владимир Путиннинг учинчи марта сайланганидан кейин Ўзбекистонга илк ташрифи арафасида Ўзбекистондаги "Нажот" инсон ҳуқуқлари жамияти икки мамлакат раҳбарларига мурожаат қилган.

"Ўзбек меҳнат муҳожирлари сизларнинг ёрдамингизга муҳтожлар ва ўз эътиборингизни қаратишингизни талаб қиладилар", деб бошланади Хоразм вилоятидаги "Нажот" жамияти эълон қилган мурожаат.

"Ўзбекистондан меҳнат муҳожирларининг оқими тобора ортмоқда ва охирги пайтларда ўзбек муҳожирларининг бутун оиласи билан Россияга кетиши тенденцияси пайдо бўлди".

"Чет ўлкадаги шароитнинг бошқалиги, иш қидириш билан боғлиқ муаммолар, мамлакат тилини билмаслик, турли кутилмаган вазиятлар, хусусан, қабул қилувчи мамлакатда ўрнатилган ҳуқуқ-тартиб ва қонунни меҳнат муҳожирлари томонидан бузилиши билан боғлиқ учраб турадиган нохуш ҳолатлар, ҳуқуқ-тартибот органлари, инсофсиз иш берувчилар ва баъзан ҳатто одам савдоси ташкилотчилари билан муқаррар юзма-юз келиш – юқорида келтирилган барча омиллар ўзбек меҳнат муҳожирларини ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ҳимояга муҳтож қатламга айлантирмоқда", дейилади мурожаатда.

"Нажот" жамияти ўзбек меҳнат муҳожирларининг муаммоларига нисбатан сиёсий бефарқлик мавжудлигини эслатади.

Ўзбекистонликларга нисбатан Россия маҳкамалари фақат улар "гастарбайтер" бўлганлари учунгина адолатсиз ҳукмлар чиқараётгани айтилади.

Жамият раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг Би-би-сига айтишича, "Нажот" ташкилотида шу кеча-кундузда Россия қамоқхоналарида 364 Ўзбекистон фуқароси сақланаётгани ҳақидаги маълумот бор.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Россия оммавий ахборот воситалари Марказий осиёлик ва қофқозликларга қарши миллатчилик ва тоқатсизлик кайфияти кучайиб бораётганига ишора қилувчи сарлавҳалар билан тўлиб кетган", дейди "Нажот" жамияти.

"Нажот" Инсон ҳуқуқлари жамияти Ўзбекистон ва Россия Федерацияси президентларидан расмий музокаралар пайти ўзбек меҳнат муҳожирлари ва уларни ҳимоя қилиш масалаларини кўтаришларини ҳам сўрайди. Биз Россия Федерацияси ҳудудида қўлга олинган, ҳибсда сақланаётган ва маҳкум этилган барча ўзбек меҳнат муҳожирларининг жиноят ишларини қайта кўриб чиқишга чақирамиз. Шунингдек, биз Россия Федерацияси раҳбариятини озодликдан маҳрум этилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини амнистия бўйича озод қилишга чақирамиз", дейилади мурожаатда.

Учинчи марта Россия президенти сифатида қасамёд қабул қилганидан кўп ўтмай Владимир Путин 2012 йил ноябригача меҳнат муҳожирлари учун рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги юзасидан мажбурий имтиҳонлар жорий этилишини талаб қилди, қонунбузарларни қаттиқ жазолашга буйруқ берган.

Тошкентда Президент Каримов ва Президент Путин Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни кучайтириш декларациясини имзолашлари хабар қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ