Паркент: 'қариндоши диндор бўлганлардан ишдан бўшаш аризаси талаб қилинмоқда'

Image caption Фаоллар Тошкент вилоятининг Паркент туманида диний айблар билан қамалганлар кўплигини айтишади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, Тошкент вилоятининг Паркент шаҳрида қатор мактаб ўқитувчиларини ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишларини талаб қилишган.

Акс ҳолда уларга нисбатан жиноят иши очилиши мумкинлиги билан пўписа қилганлар.

Ташаббус гуруҳига кўра, бу ўқитувчиларнинг деярли ҳаммаси диний айбловлар билан қамалган ёки қидирувда бўлган мусулмонларнинг яқинларидир.

Айни пайтда Паркентдаги икки муваффақиятли ўқув даргоҳининг директорлари устидан "Ваҳҳобийлик" диний оқимига мансублик айбловлари билан жиноий тергов олиб борилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, Паркентда қатор фермер ва ишбилармонлар ҳам турли айбловлар билан ҳибсга олинганлар.

Би-би-си Паркентдаги мактаблардан биридан ариза ёзиб ишдан бўшаши талаб қилинган ўқитувчи аёл билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Унинг тасдиқлашича, бу каби талаб унга нисбатан 1 июн куни қўйилганидан бери унинг ўзи назорат остига олинган ва у ҳатто уйидан чиқишга ҳам ҳадиксираб қолган.

Ўқитувчи аёлнинг айтишича, турмуш ўртоғи тазйиқлардан қочиб чиқиб кетганидан 10 йилдан ошган ва диний айбловлар илгари сурилган яқинлари бўлган ўқитувчиларни ишдан бўшатиш ҳақида мактаб директорлари оғзаки буйруқ олганликларини уларга айтишган.

Бундан ташқари бу аёлнинг айтишича, икки кун аввал Тошкентда, Марказий Банк ходими бўлган бу оиланинг куёвини ҳам ҳибсга олганлар.

Лекин унга нисбатан қандай айбловлар қўйилаётгани ҳозирча номаълум.

Ўқитувчи аёлнинг айтишича, уларнинг куёви ҳозирда "Ваҳҳобийлик" айблови билан тергов ишлари юритилаётган паркентлик мактаб директорларидан бирининг яқини бўлгани учун ҳибсга олинган бўлиши мумкин.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов билан суҳбатни тингланг

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди