Ўзбекистон ва Хитой ўзаро алоқаларни кучайтиришга ваъда бердилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Пекинда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Хитой Президенти Ху Жинтао музокаралар ўтказишган.

Хитой давлат оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, жаноб Каримовни эски дўсти деб атаган жаноб Ху Ўзбекистон раҳбарининг Хитойга ташрифини ҳамда Пекиндаги Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги иштирокини олқишлаган.

Хитой Президенти Ху Жинтао сўзларига кўра, Президент Каримовнинг Пекинга ташрифи Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ўрнатилганининг тарихий 20 йиллиги нишонланаётган вақтда амалга ошмоқда ва ушбу ташрифнинг ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришга янги импульс беришига шубҳа йўқ.

Президент Ислом Каримов яхши кутиб олинганлари учун миннатдорлик изҳор этган, ушбу ташрифдан мамнунлигини билдирган.

Жаноб Каримов айтишича, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари тенглик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик асосига қурилган.

6-7 июн кунлари Хитой пойтахтида Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг саммити бўлиб ўтади.

Пекинга Шанхай ташкилотига аъзо Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарларидан ташқари Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Эрон, Ҳиндистон, Покистон раҳбарлари етиб борганлар.

Пекиндаги саммитда Афғонистондаги вазият, хусусан 2014 йилдан хорижий қўшинларнинг Афғонистондан чиқиб кетишидан кейинги аҳвол муҳокамаси асосий масалалардан бўлиши хабар қилинган.

Афғон расмийлари Президент Карзайнинг Пекинга ушбу ташрифи чоғида Хитой билан Афғонистон алоқаларини янада кучайтириш режаси эълон қилиниши ҳақида айтган.

Хитой Президенти Ху Жинтаонинг Хитой рўзномасига берган интервьюсида айтишича, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти Афғонистонда каттароқ рол ўйнашни истайди.

Айни пайтда Тожикистон ҳудудида Шанхай ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳарбийлари иштирокидаги аксилтеррор ҳарбий-ўқув машқлари бошланмоқда.

Тожик расмийлари бу машқларда Ўзбекистон ҳарбийлари иштирок этмасликларини маълум қилганлар.

"Тинчлик миссияси 2012" деб номланган машклар Суғд вилоятининг Чоруқдарон деб номланган худудида 7-14 июн кунлари бўлиб ўтиши ва уларда 2000 дан ортиқ ҳарбий қатнашиши хабар қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ