Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Гулнора Каримовани тақдирлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Фонд Форум ташкил топган йилларданоқ Хитойдаги турли йирик ижтимоий ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келган

Хабарларга кўра, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг “Буюк Ипак Йўли – гуманитар ҳамкорлик” мукофотига лойиқ деб топилган.

Хитойнинг “Синьхуа” давлат ахборот агентлигига таяниб тарқатилган хабарларда айтилишича, Гулнора Каримова ташкилотга аъзо давлатлардан бўлган беш нафар таниқли маданият арбоби билан бирга тақдирланган.

Сўнгги янгилик Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Пекинда бўлиб ўтаётган саммити манзарасида янграмоқда.

Саммитда Хитойда икки кунлик расмий ташрифини якунлаган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам иштирок этаётир.

Хитой томони Ўзбекистон раҳбарининг сафари ва саммитдаги иштироки ўзаро манфаатли ҳамкорликларини янада жонлантиришига умид қилаётганди.

Чунки Хитой Ўзбекистоннинг учинчи йирик савдо ҳамкори ва хорижий сармоядори саналади.

Мукофот

Хабарлардан аён бўлишича, мукофотни топшириш маросими Пекиндаги Халқ йиғинлари Уйида бўлиб ўтган.

Айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, ушбу мукофот Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар орасида гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида ҳисса қўшган таниқли шахсларга берилади.

Ташкилот ушбу мукофотга лойиқ деб топган олтовлон орасида эса, россиялик санъат арбоби Мира Кольцова, Тожикистоннинг Хитойдаги элчиси Рашид Алимов, қозоғистонлик олим Дукен Мазимхон, Хитой Миллатлар Марказий университети профессори Ху Жэньхуа ва Қирғизистон собиқ Маданият вазири Султон Раевлар ҳам бор.

Ўзбекистон президентининг қизи мукофотланганлар рўйхатида жамоат арбоби сифатида кўрсатилади.

Хабарлардан маълум бўлишича, мукофотларни топшириш маросимида Хитой сафарида бўлган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳам иштирок этган.

Мукофотни шахсан Гулнора Каримованинг ўзи қабул қилиб олганми-йўқлиги маълум эмас.

Ҳамкорлик

Агар унинг шахсий веб саҳифасидаги хабарларга қаралса, Фонд Форум ташкил топган йилларданоқ Хитойдаги турли йирик ижтимоий ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келади.

Фонд улар билан ҳамкорлик ва ўзаро тушунишга оид қатор меморандумлар ҳам имзолаган.

Хитойда 2005 йилдан бошлаб, минтақавий ва халқаро миқёсда турли хил кўргазмалар, кечалар ва кўплаб тадбирлар уюштиришга муваффақ бўлган ва ташкил этилганларида ҳам фаол иштирок этиб келади.

Фонд, бундан ташқари, Хитой Ижтимоий Фанлар Академияси қошидаги Россия, Шарқий Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича институт дохил халқаро муносабатларни тадқиқ этувчи қатор илмий муассасалар билан ҳамкорлик қилади.

Шу йил бошида Гулнора Каримованинг Фонд Форум жамғармаси “Ёш иқтидорларни кашф этишдаги хизматлари учун” Ўзбекистон ҳукуматининг махсус ёрлиғи билан ҳам мукофотланганди.

Аммо Ўзбекистоннинг Испания ва БМТдаги элчиси бўлган Каримова хонимнинг жамғармаси ҳар йили миллионлаб долларлик лойиҳаларни амалга оширгани ҳақида ҳисоб беради, аммо бу миллионларнинг қаердан келгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Бундан аввал Ўзбекистон президенти кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг ҳам гимнастика ривожига, саратон хасталигига қарши курашда қўшган ҳиссалари учун турли мукофотлар билан тақдирлангани ҳақида хабар берилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ