Паркентлик ўқитувчилар ишларига қайта тикланганлар

Image caption Паркентлик ўқитувчиларнинг ишдан бўшатилишига яқинларининг диндорлиги сабаб бўлган

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг берган маълумотига кўра, 6 июн куни Тошкент вилоятининг Паркент шаҳрида яқинлари диний сабабга кўра қамалган 14 нафар ўқитувчининг ишдан олингани хабар қилинган эди.

Гуруҳ раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, ўқитувчилардан "ўз ҳоҳишига биноан" ишдан бўшаётгани тўғрисида ариза ҳам ёзиб олинган.

Акс ҳолда жиноий иш очиш билан пўписа қилинган.

"Мана бугун ишдан бўшатилган бир нечта паркентлик ўқитувчилар менга қўнғироқ қилишиб, ишга қайта тикланганларини билдиришди",- дейди Суръат Икромов Би-би-си билан суҳбатда.

Ҳуқуқ фаолига кўра, ўқитувчиларнинг ишдан бўшатилиши, мактаб директорлари, ва тадбиркорларнинг ноқонуний равишда ҳибсга олинишини ўрганиш ва текшириш учун Ўзбекистон Олий мажлиси қошидаги инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита ҳамда мамлакат Омбудсмени вакиллари Паркентга боришган.

Улар билан учрашган туман халқ таълими бўлими мудири Паркент туман ички ишлар бошқармаси бошлиғи талаби билан ўқитувчилар ишдан бўшатилганини айтган.

Паркент милицияси бошлиғи унга ишдан бўшатилиши лозим бўлган ўқитувчилар рўйхатини берган бўлган.

Суръат Икромовга кўра, Паркент туман халқ таълими бўлими мудири ўқитувчилари ишдан бўшатилган мактаб ва лицей директорларини ҳузурига чақирган, ҳозир уларнинг ишга қайта тиклаш масаласи ҳал қилинаётганини айтган.

" Ички ишлар ходимлари томонидан олиб кетилган мактаб директорларидан биттаси қўйиб юборилган. 14 ўқитувчининг барчаси ишга тикланган. Уларнинг ишдан бўшатилганига асосий сабаб яқинларининг диний сабаблар билан қамалгани, қидирувда бўлганлиги, ўзининг мачитга чиқиб туриши, рўмол ўрагани бўлган. Лекин яқинлари учун жавоб бериш, ишдан кетиш инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишидир",- дейди Суръат Икромов.

Шунингдек, хизмат вазифасини суистеъмол қилган, қўрқитув, зўравонлик орқали одамларни ишдан бўшатилишига сабаб бўлган Паркент ички ишлар бошқармаси бошлиғига қандай чора кўрилиши ҳозирча номаълум.

Ўқитувчиларни ишдан бўшатиш бўйича ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан амалга оширилган ноқонуний, ўзбошимча хатти-ҳаракатларни текшириш учун Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлик бошқармасидан вакиллар Паркент туманига келиши маълум қилинган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов билан суҳбатни бу ерда тингланг

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ