Футбол: EURO 2012 старт олди, ўзбекистонликлар кимга ишқибозлик қилишмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ўзбекистонлик футбол ишқибозларига кўра, Оврўпо чемпионатига қизиқиш кучли ва очилиш маросимини кўришга муваффақ бўлишмаган эсалар-да, қитъа биринчилиги "даҳшат" бошланган.

"Мезбон жамоа билан Юнонистон. Ҳеч ким кутмаганди бунақа ўйин бўлишини...Ҳамма Юнонистонни аутсайдер қилиб, Польша барибир ўзининг уйида фаворит деб, йирик ҳисобда ғалаба қозониши кутилганди. Бир киши кам бўлиб, ҳисобни тенглаштираяпти. 11 метрлик жарима тўпини уролмаяпти. Футболда бўлиши мумкин бўлган ҳамма нарса бўлди, шиддат, мухлислар қўллови,.." дейди улардан бири биз билан суҳбатда:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Унинг сўзларига кўра, чехларга қарши кеча ўтказган илк учрашувида ўзбекистонлик аксарият футбол ишқибозлари Россияга мухлислик қилишган.

Аммо суҳбатдошимиз кўпчилик ўртоқларининг ҳам асосан Голландия, Англия ва Испанияни қўллашаётганини айтади.

Маҳаллий футбол шарҳловчиларига кўра, халқаро тадбирга мамлакат оммавий-ахборот воситаларида ҳам қизиқиш кучли.

Суҳбатдошимиз ҳам Оврўпо чемпионати учрашувлари ҳамма жойда тарғиб этилаётгани, автобус бекатлари, олийгоҳларда ҳам суҳбатларнинг асосий мавзусига айланганини айтади.

Оврўпо чемпионати учрашувлари бу йил Ўзбекистонга тўғридан-тўғри олиб узатилади.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси вакили аввалроқ биз билан суҳбатида чемпионат саккизинчи июндан бошлаб, биринчи июлгача, бошидан охиригача тўлиқ трансляция этилишини билдирганди.

Аммо Оврўпо чемпионати учрашувларини олиб кўрсатишдан тижорат мақсадларида фойдаланишса, Ўзбекистондаги ресторан, кафе, бар ва овқатланиш шохобчалари телерадиокомпания билан шартнома имзолашлари лозим бўлади.

Маълум бўлишича, бу каби лицензияни олиш учун овқатланиш масканлари Тошкент шаҳри мисолида давлат курси бўйича 1000 АҚШ доллари, вилоятлар мисолида эса, давлат курси бўйича 500 АҚШ доллари миқдорида пул ўтказишлари тақозо этилади.

Оврўпо чемпионати

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Польша ва Украина ҳаммезбонлигида бўлиб ўтаётган бу йилги Оврўпо чемпионати кеча - 8 июн куни Варшавада катта тантаналар билан очилганди.

Оврўпо чемпиони мақоми учун қитъанинг 16 миллий терма жамоаси кураш олиб боради.

Қитъа биринчилигида МДҲ давлатларини Россия ва Украина намоён этмоқда.

Оврўпо чемпионатини очиб берган илк учрашувда ҳаммезбон Польшанинг Юнонистонга қарши ўйини 1:1 дуранг ҳисоби билан якунланди.

Россия миллий терма жамоаси эса, чехиялик рақибларини йирик - 4:1 ҳисобида мағлуб этди.

Россиялик футболчиларнинг ўйини анча-мунча футбол шарҳловчиларини тан олдирмай қўймади.

Бугун футбол бўйича Оврўпо чемпионатига мезбонлик Польшадан Украинага кўчади.

Турнир фаворитларидан Олмония Португалияга қарши майдонга тушади. Голландия Данияни қабул қилади.

Ҳаммезбон давлатларнинг чемпионат баҳона ўзларини кўз-кўз қилиш ниятларига маҳаллий футбол ишқибозларининг ирқчилиги юзасидан келиб чиққан зиддиятлар соя солган.

Собиқ Бош вазир Юлия Тимошенкога қилинаётган муносабат сабаб эса, Оврўпо лидерлари Украинадаги ўйинларни бойкот қилишган.

Оврўпо чемпионатининг илк куни якуни ортидан "А" гуруҳида уч очко билан Россия етакчилик қилмоқда.

Ҳисобларидаги биттадан очко билан Польша ва Юнонистон кейинги ўринларни эгаллаб туришибди.

Ҳозирча бирор очко қозона олмаган Чех Республикаси эса, гуруҳда энг сўнгги ўрин билан кифояланмоқда.

Россия навбатдаги учрашувини 12 июн куни Варшавада Польша миллий терма жамоасига қарши ўтказади.

Ким фаворит?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Хўш, бу йилги Оврўпо чемпионатида ғолиблик кимга насиб этиши мумкин?

Би-би-си биринчилик арафасида британиялик қатор нуфузли футбол экспертлари, шарҳловчилари ва журналистларига айни шу савол билан мурожаат этган.

Жаъми 16 нафар сўров иштирокчисидан 10 таси устунликни Олмонияга берган.

Аён бўлишича, улардан бор-йўғи 5 нафари Испания чемпион бўлади, деган фикрда эканлар.

Голландияга эса, бор-йўғи бир киши овоз берибди, холос.

Аммо кўпчилик экспертлар Голландия ва Франция чемпионатнинг ярим финалига қадар боради, деган ишончда эканлар.

Бу мавзуда батафсилроқ