Тошкент: Қирғизистон элчихонаси ўнгида йиғилган фаоллар ҳибсга олинди

Image caption Ўтган йили ўтказилган пикетда 15 га яқин фаол ҳибсга олинган эди

Ўзбекистонлик фаоллар хабар беришича, Тошкентда милиция Қирғизистон элчихонаси ўнгида норозилик пикетини ўтказишга уринган тахминан 15 нафар ўзбекистонлик фаолни ҳибсга олган.

Ҳибсга олинганлар "Бирдамлик" халқ ҳаракати фаоллари экани хабар қилинади.

Улар орасида "Бирдамлик"нинг Ўзбекистондаги бўлими раҳбари Малоҳат Эшонқулова ҳам бор.

"Бирдамлик" раҳбари Баҳодир Чориевнинг Би-би-сига маълум қилишича, ҳаракат фаоллари ҳозирда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман Ички ишлар идорасида ушлаб турилибди ва уларга нисбатан маъмурий жазо тайинланиши мумкин.

Баҳодир Чориевнинг илова қилишича, норозилик намойишида иштирок этиш учун Тошкентга йўл олган ҳаракатнинг яна 25 фаоли йўлда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ушлаб қолинган.

Малоҳат Эшонқулова ўтган ҳафта охирида пикет ўтказишга изн беришни сўраб, Тошкент шаҳар ҳокимиятига ариза топширган эди.

Шаҳар ҳокимиятининг мазкур аризага эътибор бермагани, Баҳодир Чориевнинг билдиришича, ҳаракат фаолларини норозилик акциясини бошлашга ундаган.

Норозилик намойиши, маҳаллий фаолларга кўра, 2010 йил июнида Қирғизистон жанубида юз берган "қонли ҳодисаларга масъул" расмий Бишкек ҳукуматига қарши ўтказилиши керак эди.

"Бирдамлик" фаоллари шунингдек Қирғизистон ҳукуматини "ўзбекларга қарши апартеид сиёсати"ни юритишда, Ўзбекистон ҳукуматини эса Қирғизистонда ўзбекларга нисбатан юритилаётган бу сиёсатга "бефарқлик"да айблаганлар.

Роппа-роса бир йил муқаддам Қирғизистон элчихонаси ўнгида Ўш ва Жалолобод шаҳарларида юз берган этник низоларни хотирлашга уринган 15 фаол ҳибсга олиниб, маъмурий жазога тортилган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ