Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда қашшоқлик даражаси белгиландими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek.com

Ўзбекистон ҳукуматининг бир оиланинг энг кам даромади даражасини белгилайдиган қарори эълон қилинган.

Бу киши бошига Ўзбекистондаги энг кам маошнинг 1,5 баравари деганидир.

Ўзбекистон президентининг фармонига биноан, 2011 йил декабридан мамлакатда энг кам иш ҳақи қарийб 63000 сўм этиб белгиланган, ҳукумат янги қарори бўйича муҳтож оиланинг ҳар бир аъзосига ёрдам пули ажратилаётган пайтда бу миқдор 94000 сўм ёки валютанинг "қора бозор" курсида 32 доллардан кам бўлмаслиги керак.

Шуни таъкидлаш керакки, яшаш учун зарур минимум миқдор билан боғлиқ рақам Ўзбекистонда биринчи марта эълон қилинаяпти.

Ўзбекистонда аҳолининг қанча қисми қашшоқликда яшаши ҳақидаги статистик маълумотлар давлат сири сифатида кўрилади, миллионлаб инсонлар хориждан даромад топишга мажбур этилганлар.

Ўзбекистон матбуотида қашшоқ оила деб ёзиш тақиқланган, ушбу мавзуда ёзадиган журналистларга "кам таъминланган оила" ёки "эҳтиёжманд оила" деб ёзиш маслаҳати берилади.

Мансабдорларнинг иқтисодий ўсиш ёки аҳоли фаровонлиги ошгани ҳақида келтирадиган рақамлари мустақил таҳлилчилар томонидан савол остига олинади.

Жаҳон тажрибасида 1 инсоннинг 1 кунлик топган даромади 1 доллардан кам бўлса, у қашшоқ деб кўрилади.

Мустақил ҳисоб-китобларга кўра, охирги пайтда Тошкентда кичик бир оиланинг истеъмол савати 300 АҚШ доллари ёки қарийб 900 минг сўмни ташкил этмоқда.

Нафақа ва ижтимоий ёрдам пулларини бундан кейин ҳам маҳалла кенгашлари орқали тарқатиш белгиланган.

Би-би-си шу ҳақда Тошкентдаги маҳалла фаолларидан бири Абдураззоқ Содиқов билан суҳбатлашди.