Хорижий ширкатларга: Ўзбекистонда фильм олмоқчимисиз, у ҳолда...

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ичкарисида фильм олмоқчи бўлган ширкатлар учун низом ишлаб чиққан.

Бунинг учун уларнинг "Ўзбеккино" миллий агентлигига ариза топширишлари ва унга қўшиб, 6 нусхада фильм сценарийсини илова этишлари тақозо этилади.

Агар тасвирга олиш пайтида ширкатнинг амаллари "Ўзбеккино"га тақдим қилинган сценарийдан фарқ қилса, тасвирга олиш ишлари тўхтатилиши мумкин.

Биз янги тартибдан кўзланган мақсад борасида 2005 йилги Андижон ҳодисалари ҳақида ҳужжатли фильм ишлаган даниялик журналист Майкл Андерсен билан суҳбатлашдик:

Жавоб: Назаримда, мулозимлар анчадан бери реал ҳаётда амал қилиб келаётган тақиқларни қоғозга туширишмоқчи. Шу йўл билан Ўзбекистондан ҳеч қандай маълумот ташқарига чиқмаслиги, президент Ислом Каримов ҳокимияти ҳақида танқидий назарлар янграмаслиги учун назоратни ушлаб туришмоқчи. Яъни Шўролар даврида қандай цензура бўлган бўлса, ҳозир ҳам ана шундай цензурани тадбиқ этишяпти.

Савол: Бу Яқин Шарқда "Араб баҳори" деб танилган инқилобий воқеаларнинг таъсири ҳам бўлиши мумкинми? Биз неча бор Ўзбекистон мулозимларининг оммавий-ахборот воситалари ва интернет устидан назоратни кучайтиришга қаратилган бир неча чора-тадбирлари ҳақида маълумот берганмиз. Буни ҳам ўша қабилидаги ҳаракатлар деб айтиш мумкинми?

Жавоб: Сўзсиз, бу ҳам Араб дунёсида рўй бераётган ҳодисаларнинг тўғридан-тўғри таъсири бўлиши мумкин. Агар сиз матнни эътибор билан ўқисангиз, агар тасвирга олинмоқчи бўлган фильмни Ўзбек мулозимлари Ўзбекистон миллий манфаатлари ёки миллий менталитетга қарши деб топишса, хорижий ширкатга лицензия, яъни рухсатнома берилмайди, деб ёзилган. Биламизки, Каримов жаноблари ўзбек халқига бир неча марта, келинглар, биз Марказий Осиё услубида демократия ўрнатайлик, деб мурожаат қилган, лекин бу мутлақ демократияга хилофдир. Мен уйлайманки, Каримов жаноблари 23 йил давомида ҳеч қандай демократик сайловларсиз ҳокимиятни қўлида ушлаб турибди. Ҳамда, албаттаки, Ливия, Тунис ва Мисрдаги ҳодисаларни инобатга олсак, балки у ҳам мен иложи борича Ҳусни Муборак ёки 42 йил тахтда ўтирган Муаммар Қаддофийдек ҳокимиятни ушлаб турмоқчиман деб ўйлаётган бўлиши мумкин. Ва ўз халқини қаттиқ назорат қилиш учун бундай тақиқларни жорий этмоқда, назаримда.

Савол: Лекин яқин орада, дейлик, ўтган ўн йил ичида биз Ўзбекистон ҳақида хорижий ширкат томонидан фильм яратилгани борасида эшитмаганмиз ва умуман, ҳозирда бундай фильмлар олинмоқдами?

Жавоб: Йўқ, мен ҳам эшитмаганман. Мана шу ойда мен Ўзбекистонда 2005 йилда содир этилган Андижон қирғини ва Ғарбнинг Каримов режими билан давом этаётган яхши муносабатларига бағишланган 80 дақиқали ҳужжатли фильмни тугатаяпман. Фильмни яратиш жараёнида биз жуда кўп гувоҳлардан суҳбат олганмиз, улар ўз кўзлари билан кўришган қирғинни таърифлаб беришган, бироқ Ўзбекистон ҳудудида бизга фильмни тасвирга олишга рухсат берилмади. Ва айнан ана шу тақиқни биз бунга энг ёрқин мисол деб айтишимиз мумкин. Бу фильмни ўзбек ва рус тилларида интернетда томоша қилиш мумкин бўлади.

Савол: Лекин Оврўпода, мисол учун, Британияда ҳам ҳар ким хоҳлаган пайтда, ҳаттоки, беш дақиқали фильмни суратга олиши учун ҳам рухсат олиши керак. Ўзбекистон мулозимлари чиқарган қоидалар рўйхати ҳам ушбу жараённи тартибга солишни кўзда тутгандир?

Жавоб: Ҳа, тўғри, бу жудаям яхши. Бундай рухсатлар жамоат хавфсизлиги ва тартиби билан боғлиқ, сиз тўсатдан хоҳлаган кўчангизда фильм тасвирга ололмайсиз. Лекин Ўзбекистон ва демократик мамлакатлар орасидаги фарқ шундан иборатки, агар Англияда фильм яратмоқчи бўлсангиз, сиздан ҳеч ким цензорга ўхшаб, менга авало сценарийни кўрсат, мен уни кўриб чиқаман, агар у инглизларнинг ёки данияликларнинг менталитетига қарши бўлса, мен уни тақиқлаб қуйишга ҳаққим бор, дея талаб қилмайди. Ўзбекистонда эса, сизни ижодкор сифатида фильмингизни цензура қилишади, бу эса жуда катта фарқдир.

Бу мавзуда батафсилроқ