'Ўзбекистонда ўз ҳуқуқингни билиш давлатга қарши амал'..ми?

Image caption Ўзбекистон маҳкама тизими мустақил эмас

Марказий Осиё бўйича тадқиқотчи Сара Кендзиорга кўра, ўзбекистонликларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадини кўзлаган Adolat.net веб-сайтига Ўзбекистон ичкарисида тўсиқ қўйилган.

АҚШдаги Сейнт Луиз Вашингтон университетининг антрополог олими бу ҳақда "Ал-Жазира" телекомпанияси веб-саҳифасидаги ўзининг блогида ёзган.

Сара Кендзиорнинг ёзишича Adolat.net интернет саҳифаси сиёсий ташкилот эмаслигига қарамасдан веб-сайт тақиқланган.

Adolat.net лойиҳаси 2010 йилда бир гуруҳ малакали юристлар томонидан Ўзбекистон фуқароларининг кучли ҳуқуқий демократик давлат қуриш жараёнидаги иштирогини қўллаб-қуватлаш мақсадини кўзлаб ташкил этилган.

Би-би-си америкалик олим Сара Кендзиор билан боғланиб, ундан Ўзбекистон қонунчилиги ва ижроси билан боғлиқ вазиятни қанчалар яхши билиши ҳақида сўради.

Сара Кендзиор: Мен Ўзбекистондаги ҳақиқий вазиятни қонунларга қараганда яхшироқ биламан. Мен Ўзбекистондан чиқиб кетган ва сиёсий бошпана топган шахслар билан жуда кўп суҳбатлашганман. Улар турли хил йўлларда Ўзбекистон ички сиёсатига аралашган шахслар. Хусусан, Андижон ҳодисаларидан сўнг мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар, чет элда жамоа ташкил қилган ва бу жамоа ишларида фаол бўлганлар билан суҳбатлашганман. Мен ўзим Ўзбекистонга бормаганман, охирги марта мен Ўзбекистонга 2005 йилнинг апрел ойида боришим керак эди, қўлимда чипта ҳам бор эди, лекин маълум сабаабларга кўра, сафарим қолдирилди.

Би-би-си: Сизнингча, нима сабабдан Adolat.net веб-саҳифаси тақиқлаб қўйилган Ўзбекистонда?

Сара Кендзиор: Adolat.net веб-саҳифаси Ўзбекистондаги жорий қонунларни жуда жиддий қабул қилади ва қонунларга асосланиб одамларга юридик ёрдам кўрсатишни мақсад қилган. Яъни, веб-сайт ташкилотчилари Ўзбекистон қонунларини қуруқ қоғоздаги сўзлар деб қабул қилмайди. Ўзбекистонда инсон хуқуқлари ва сўз эркинлиги ҳимояси таъминланган жуда кўп қонунлар мавжуд. Айниқса, Ўзбек расмийлари хорижликлар билан мулоқотларида Ўзбекистон конституцисияда қайд этилган бандларни тилга олишни хуш кўришади. Лекин Ўзбекистонда қоғозда ёзилган сўзлар билан одамлар бошидан кечираётган тажриба ўртасида катта фарқ бор. Adolat.net айнан ўша фарқни камайтиришга уринмоқда ва Ўзбекистон ҳукумати ўзи қабул қилган қонунларига ўзи риоя қилмаётганлигига эътибор қаратмоқда.

Би-би-си: Сизнинг бундай даъволарингиз қандай фактларга асосланган?

Сара Кендзиор: Ўзбекистон ёпиқ мамлакат бўлгани боис у ерда фактларга асосланган далилларни топиш ўта қийин. Авторитар мамлакат бўлгани учун у ерга сафар қилиш ва одамлар билан гаплашиш осон эмас. Жабрдийдалар ҳам ўзларининг ҳуқуқлари поймол этилгани ҳақида халқаро ташкилотларга гапиришдан қочишади. Улар нафақат ўзлари, балки оилалари учун ҳам катта хавотирда.

Би-би-си: Сиз "Ал-Жазира" сайтидаги мақолангизда Ўзбекистондаги "қораловчи" ва "оқловчи" сўзларининг маъноларига тўхталгансиз. Нима учун сизнинг назарингизда бу сўзлар Ўзбекистондаги адлия тизимини яққол таърифлаб беради?

Сара Кендзиор: Ҳа, бу сўзлар Ўзбекистонда одамлар ҳуқуқий мавзуда суҳбатлашганларида қўллайдиган сўзлар ҳисобланади. Албаттаки, маҳкамаларда бу сўзлар ишлатилмайди. Аммо мен учун "оқловчи" ва "қораловчи" деган сўзларнинг маънолари Ўзбекистондаги адлия тизимини ҳам таърифлайдиган мазмунни англатади. Бу сўзлар адолат қарор топиши лозим бўлган маҳкамадаги холисликни эмас, тарғиботни кўпроқ англатади. Ўзбекистондаги адлия тизимида кимнидир гуноҳкор қилиш учун ёнига нимадир ташлаб қўйиш, кейин бу шахс бу нарса ўзиники эмаслигини айтгани билан маҳкама унинг бу сўзларини инобатга олмаслиги юз бераётган, қораловчининг айтгани бўлади. Яъни унинг маҳкамага келтирган далиллари инобатга олиниб, бир одам айбдорга айланади. Бинобарин, Ўзбекистонда ҳукм қандай бўлиши маҳкамадан олдин ҳам аниқ бўлиб бўлади, шунинг учун Ўзбекистон инсоннинг айбсизлик презумпцияси тамойили амал қилмайдиган мамлакат ҳисобланади.

Сара Кендзиор Ўзбекистондаги адлия тизими ҳақидаги фикрларига муносабат билдиришни сўраб интернет муштарийларига мурожаат қилган. Би-би-си ҳам ўз ўқувчиларини Кендзиор хоним фикрларига муносабатларини ўртоқлашишни сўрайди: Сиз нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистонда фуқароларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишлари ва талаб қилишларини хоҳламайдиганлар кўпми ёки оз?

Бу мавзуда батафсилроқ