"МТС" Ўзбекистон Прокуратурасидан ширкат раҳбари Беҳзод Аҳмедовни топишда ёрдам беришни сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи mts.ru

Россиядаги мобил телефонлар бозорида етакчи ширкат ҳисобланган "МТС" ўзининг ЎЗбекистондаги бўлинмаси раҳбари Беҳзод Аҳмедовни топишда ёрдам беришларини сўраб Ўзбекистон Бош Прокуратурасига ариза йўллаган.

Аризада айтилишича, ширкат Ўзбекистондаги бўлинмаси, масуълияти чекланган "Уздунробита" ширкати раҳбари Беҳзод Аҳмедов ва яна қатор масуъл шахслар фаолиятида қаллобликлар, ширкатга тегишли мол-мулк ва молияларнинг ноқонуний йўлда ишлатилиши фактлари аён бўлган.

Ўзбекистон Бош Прокуратурасига йўлланган аризада айтилишича, ҳақиқатни аниқлаш ва хатоларни тўғрилаш йўлида Беҳзод Аҳмедовнинг ушбу фактлар юзасидан тушунтириш ёда изоҳ бериш ўрнига ҳеч қандай важларсиз ишга чиқмаётгани ва қаерда эканлиги номаълум қолаётгани "МТС" хавотирига сазовор бўлмоқда.

"Ушбу фурсатдан фойдаланиб, бу иш юзасидан текширув олиб бораётган Ўзбекистон Прокуратура органларидан ширкатдаги одатий вазиятни қайта тиклаш ва Аҳмедов Беҳзод Баҳодировчининг қаерда эканлигини аниқлаш ишида ҳамкорлик қилишингизни сўраймиз", дейилади "МТС" мурожаатида.

"МТС" яқин орада Беҳзод Аҳмедовни топиш борасида Интерполнинг Россиядаги бўлинмасига мурожаат қилишини ҳам маълум қилган.

Аввалроқ Ўзбекистондан "МТС Ўзбекистон" мобил уяли алоқа ширкати раҳбарининг қочгани ҳақида хабарлар келганди.

Ширкат бош директори Бекзод Аҳмедов компаниянинг молиявий хўжалик фаолиятини текширишдаги жиддий қонунбузарликлар аниқланиши ортидан ғойиб бўлгани айтилганди.

Ҳукумат доираларига яқин uzmetronom.com сайти ўз манбааларига таяниб "МТС Ўзбекистон"раҳбари оиласи ва ўз яқинарини ҳам мамлакатдан олиб чиқиб кетганлигини хабар берганди.

Ўзбекистонда йирик ширкат раҳбарлари ва таниқли ишбилармонларнинг қамалиш хавфи боис қочишлари сўнгги йилларда кўпайиб бормоқда.

Бундан сал аввалроқ хорижий сармоя асосида ташкил этилган Carlsberg Uzbekistan ширкатининг Россия фуқароси бўлган раҳбари Евгений Шевченко ҳам Ўзбекистонни бутунлай тарк этган.

Жаноб Шевченконинг қочишига ҳам текширувлар пайти ширкат фаолиятида аниқланган камчиликлар сабаб бўлган.

"Қизилқумцемент" бирлашмаси директори Ражаббой Жуманазаров, Тошкентдаги "Карвонбозор" улгуржи бозори директори Дмитрий Лим каби қатор йирик корчалонларнинг мамлакатдан қочиб кетганликлари маълум.

Бугунга қадар кўплаб таниқли ишбилармонлар, жумладан "Алп Жамол-Банк" эгаси Муҳиддин Асомиддинов, "Капитал-Банк" таъсисчиси ва "Пахтакор" футбол жамоасининг президенти Ботир Раҳимовларнинг ҳибсга олингани, баъзи манбааларга кўра эса, мамлакатдан қочиб кетгани ҳақида хабарлар мавжуд.

Бу мавзуда батафсилроқ