Ўзбекистонлик рассом мега-полотноси Гиннес рекордлар китобига киришга даъвогарлик қилмоқда

Леким Ибрагимов асари
Image caption Леким Ибрагимов асарларида шарқ ва ғарб рассомчилик анъаналари уйғунлигини кўриш мумкин

Ўзбекистонлик таниқли рассом Леким Ибрагимовнинг мега-полотноси дунёдаги энг катта тасвирий санъат асари сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киришга даъвогарлик қилмоқда.

"Мингта фаришта ва бир сурат" номини олган ушбу полотнода Леким Ибрагимовнинг сўнгги уч йил давомида чизган 1000та алоҳида сурати яхлит бир бадиий асар сифатида жамланган.

"Суратларнинг ҳар бирида фаришта тасвирланган полотно мавзуси шарқ афсоналарига асосланган," - деди Би-би-си билан суҳбатда асарни Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш ташаббускори, Леким Ибрагимовнинг ўғли Мурод Ибрагимов. - "Баландлиги 8 метр, эни эса 66 метртни ташкил этувчи полотно тахминан уч қаватли турар-жой биносига тенг".

Мурод Ибрагимовнинг илова қилишича, "Минг бир кеча" шарқ афсоналари асосида катта полотнони яратиш ғояси отасида ўн уч йил муқаддам пайдо бўлган.

Умумий ҳажми 528 кв метр бўлган бу полотно "1000та қисмдан иборат энг катта картина" сифатида, Гиннес рекордлар китобининг "Санъат" бўлимига тақдим этилган.

Мурод Ибрагимовнинг маълум қилишича, бу санъат асари дунёнинг қатор мамлакатларида ташкиллаштирилажак кўргазмаларга қўйилади.

"Мингтда фаришта ва бир сурат" полотноси келгуси ой Прагада, кейинчалик Мадрид ва Флоренцияда намойиш этилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон халқ рассоми Лекин Ибрагимов Би-би-си билан суҳбатда Гиннесга тақдим этилган полотносида ғарб ва шарқ санъати йўналишларини бирлаштиришга ҳаракат қилганини айтди.

"Чизган суратларим инсонларга шодлик келтиришини истайман. Шунинг учун ҳар бир суратимда турли ҳолатларда турган фаришталарни тасвирлашга ҳаракат қилганман. Бирида фаришта ўтирган бўлса, иккинчисида тик турган ҳолатда тасвирланган. Шунинг учун одамлар бу суратларни хуш кўришади," - дейди Леким Ибрагимов.

Санъат мухлислари 68 ёшли атоқли рассом асарлари ўта жазибадорлиги билан ажралиб туришини айтишади.

Баъзи санъат мунаққидларига кўра, Леким Ибрагимов суратлари инсон баркамоллиги ва руҳини тарбиялашга қаратилган.

Бу мавзуда батафсилроқ