Ўзбекистон: "МТС Ўзбекистон" фаолиятида қатор қонунбузарликлар аниқланди

МТС Ўзбекистон рамзи Фото муаллифлик ҳуқуқи mts.ru
Image caption "МТС Ўзбекистон" ширкатида қатор қонунбузарликлар аниқланган

Ўзбекистон давлат алоқа инспекцияси "МТС Ўзбекистон" маркаси остида фаолият юритувчи "Ўздунробита" ширкати фаолиятида бир қатор қонунбузарликларни аниқлаган.

Давлат алоқа инспекцияси қонунбузарликлар ўз вақтида тўғриланмаса, ширкат фаолиятини тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини билдирган.

Бунгача МТСнинг Ўзбекистондаги раҳбари Бегзод Аҳмедовнинг қочиб кетгани ҳақида хабар чиққан эди.

Кузатувчилар Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатда фаолият юритаётган хориж ширкатларни тортиб олиш ёки ўрнини бошқа ширкатларга бўшатиш мақсадида турли камчиликлар топаётганликда айблашади.

Ўзбекистон давлат алоқа инспекцияси текширувлар натижасида "Ўздунробита" ширкати республика бўйлаб 48 та станцияни ноқонуний равишда ишлатиб келганини аниқлаган.

Бундан ташқари абонентлар томонидан келиб тушган мурожаатларда уяли алоқа компаниясининг айрим жойларда сифатсиз хизмат кўрсатгани кўрсатилган.

Давлат алоқа инспекцияси, юқорида зикр этилган қонунбузарликлар ўз вақтида тўғриланмаса, компанияга берилган лицензия олиб қўйилиши мумкинлигини айтган.

Бу "МТС Ўзбекистон" маркаси остида фаолият юритувчи "Ўздунробита" ширкати атрофидаги илк янгилик эмас.

Бунгача қатор оммавий ахборот воситалари Россияга тегишли ушбу ширкатнинг Ўзбекистондаги раҳбари Бегзод Аҳмедов, ялпи текширувлар бошланиши натижасида камчиликлар аниқлангач, қочиб кетгани ҳақида хабар беришганди.

Компаниянинг Россиядаги бош офиси ширкат раҳбарининг ғойиб бўлиши ҳақида бирор изоҳ бермаслигини маълум қилди.

Журналист ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов "Ўздунробита" билан боғлиқ текшир текширлар ушбу соҳада мўмай пул айланиши билан изоҳлайди.

"Мобил операторлари Ўзбекистонда монополга айланган ва кичик хусусий ширкатларга йўл бермайди. Улар жуда ҳам катта фойда нуқталарига айланган. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон раҳбарияти бу компанияларнинг раҳбарларини алмаштириб ёки молиявий қинғир ишларини легаллаштириб туради. Мобил операторларифойда келтирадигандан кўпроқ фойда келтирувчи соҳа бўлмаса керак", - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Эски тажриба

Ўзбекистонда хориж ширкатларини қонунбузарликда айблаб, улар фаолиятига чек қўйиш ёки касод деб эълон қилиш ҳоллари илк маротаба кузатилаётгани йўқ.

Бунгача текстил соҳасида фаолият юритган бир неча турк ширкати фаолиятини тўхтатилиб, хорижлик сармоядорлар ҳибсга олинган.

Шу кунларда косметик махсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Россиянинг Faberlik ширкати Ўзбекистонда фаолиятинпи тўхтатиш арафасида турганини маълум қилди.

Ўзбекистон ҳукумати доираларида манбага эга бўлган uzmetronom.com сайтининг ёзишича, Faberlik ширкати фаолиятини тўхтатган.

Аммо ҳукуматга яқин яна бир сайт 12.uz Faberlik ни 3 ой давомида тегишли органлар текширгани ва бу вақт ичида ширкат фаолияти тўтхатилганини ҳамда яқин кунларда ширкат ўз ишини давом эттириши мумкинлигини айтиб чиқди.

2011 йили Ўзбекистон косметик маҳсулотлар сотиш билан шуғулланувичи Oriflame Ўзбекистон қонунларини бузганликда айбланган ва фаолияти тўхтатилганди.

Журналист ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов хориж сармоядорларининг Ўзбекистонда узоқ муддат фаолият юрита олмаслигига республикада уларнинг ишлаши учун шароит йўқлиги билан изоҳлайди.

"Бизнесменлар ва сармоядорларнинг Ўзбекистондан чиқиб кетишининг асосий сабаби шароит деб ҳисоблайман. Ишлаб чиқариш коррупция билан бирлашиб кетган. Ва бундан сармоядорлар ҳам четда қололмаяпти", - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Кузатувчилар Ўзбекистон ҳукумати 8 йилдан бери республикада фаолият юритаётган "Ўздунробита"ни ёпиш ва ушбу бизнесни бошқа сармоядорларга олиб сотиш ҳаракатини бошлаганини ҳам тахмин қилишади.

Бу мавзуда батафсилроқ