Матбуот куни: 'йўқ эркинлик ҳақида гапириш мумкинми?'

Image caption '18 йил тахтда бўлган Брежнев даврини эслатади бугунги Ўзбекистон'

27 июн-Ўзбекистонда матбуот ходимлари куни. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон матбуот эркинлигининг аҳволи энг ёмон бўлган давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олган.

Президент Ислом Каримов ўтган йилларда журналистларни етарлича жасорат кўрсата олмаётганлари учун танқид қилган.

Аммо давлат матбуотида ишлайдиган ўзбек журналистларидан бирининг ёзишича, Президент таъбиридаги "жасорат кўрсатиш"нинг "матбуот эркинлиги" тушунчасига алоқаси йўқ.

Қуйида журналистнинг мулоҳазалари билан танишасиз.

"Матбуот эркинлиги" деган жумла фақат Конституцияда қолган. Ўнга яқин қонун бор. Биронтаси ишламаса?.. Журналист деганни итдан баттар ёмон кўришса...

Бугунги кунда Ўзбекистонда мутлақо сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги, эркин фикр билдириш имкони йўқ.

Оддий бозордаги паттачининг фаолиятидан тортиб, то энг юқори ҳокимият идоралари вакилларига доир информация қарийб давлат сири сифатида беркитилса... Назаримда, бугунги ўзбек жамияти ҳеч бир муболағасиз Шимолий Корея йўлидан дадил кетаяпти ва бу аҳвол кейинги ўн йил ичида умуман яхши томонга ўзгармади ва ўзгариши ҳам кутилмаяпти...

Ачинарли томони шундаки, олиб борилган мазкур сиёсат ўзининг мевасини бераяпти. Масалан, ёшлар орасида маҳдудлик, кимнингдир соясига салом бериш эвазига манфаатга эришиш мумкинлиги кундек равшан. Ёш журналистлар ва умуман ўзбек ёшлари орасида бугун ана шундай манқуртона фикрловчи авлод яратилди.

Чунки, кейинги йиллардаги кузатишларимиз - матбуотимизда жамиятдаги қусурлар, камчиликлар ҳақида очиқ ёзиш ёки уларга нисбатан холис баҳо бериш каби чиқишларга ўрин берилмаяпти. Исбот шуки, ҳар қандай ислоҳот ёки ўзгариш фақат ва фақат бир киши номи билан, яъни Президент раҳнамолигида олиб борилаётгани кундалик матбуотда устиворликка эришди.

Албатта, қайсидир маънода танқидий руҳдаги материаллар берилаётгандек. Аммо уларнинг асл моҳиятига эътибор берсангиз, барчаси СНБ, Совбез ва ҳукумат идоралари кўрсатмаси билан тайёрланади. Уларнинг аксарияти, қизиғи шундаки, яна ўша матбуотнинг ўзига қарши қаратилган.

Бас шундай экан, ўзбек матбуотининг бугунги аҳволи ҳақида гапиришнинг ўзи кулгули. Йўқ эркинлик ҳақида гапириб бўладими?

АҚШ Президенти Томас Жефферсон "Бизнинг эркинлигимиз матбуот эркинлигига боғлиқ" деган эди. Матубот эркин бўлмаган ўзбек жамиятини эркин дейишга истиҳола қиламан.

Яқинда "Олам.уз" сайтида қизиқ сўров ўтказилди. "Қайси давлат идораларига пора тўлагансиз?" деган мавзуда. Менга саволдан кўра изоҳлар кўпроқ ёқди. Чунки, ҳар бир изоҳда "ҳар қандай иш учун, у тиббиёт бўладими, прописка бўладими, бизнес очиш бўладими, барча-барча давлат идоралари, милициядан тортиб солиқ, маҳалла қўмитасидан тортиб, болалар боғчасига қадар пора беришга мажбурмиз" дейилган. Бу эса Ўзбекистонда порахўрлик, коррупция давлат ҳокимияти даражасида эканини исботлаб турибди.

Оддийгина бир мисол. Халқ манфаатини ҳимоя қилиш учун халқ сайлаган вакиллар (депутатларни назарда тутаяпман) халққа қарши, Конституцияга қарши қонунлар қабул қилишда давом этаяпти. Масалан, Тошкент шаҳрида прописка тўғрисидаги қонунни олайлик. Конституцияда "Ўзбекистон фуқаролари мамлакат ҳудудида эркин яшаш ва ишлаш жойини танлаш ҳуқуқига эга" деб ёзилган. Қабул қилинган қонун эса антиконституцион!

Тобора темир панжаралар ортига беркинаётган бугунги ўзбек жамиятини, мамлакатни бундай бўҳрондан чиқариш эса хали жуда қимматга тушади. 18 йил тахтда бўлган Брежнев даврини эслатади бугунги Ўзбекистон. Буни қарангки, ўша пайтларда ҳам озроқ эркин фикрловчилар, мулоҳаза билдира оладиганлар, КПССдан ўзгача дунёқарашга эга инсонлар бўлган. Ўзбекистонда эса ҳамма бир хил фикрлаш ва ўйлашга мажбур қилинаяпти.

Бу мавзуда батафсилроқ