Ўзбекистонлик деҳқонлар капалак қуртига қарши курашишларига тўғри келяпти

Suratlar muallifi Pavel Volkov Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги бир неча минг гектар жойни капалак қурти босган. Капалак қурти дарахтларнинг 70 фоизгача баргларини еб ташлагани айтилмоқда.

Маҳаллий миллий боғ маъсуллари маблағ йўқлиги боис ушбу зараркунанда билан деярли курашилмаганини айтишмоқда. Ушбу қуртлар капалакка айлана бошлагани учун айни дамда оммавий равишда йўқотиш имконсизлигича қолмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эса капалак қурти билан курашиш учун бор кучни кейинги йили ташлашни маълум қилди.

Мутахассислар ушбу зараркунанда билан курашмаслик минглаб гектардаги майдонларда дов-дарахтларнинг йўқолиб кетишига олиб келишидан огоҳлантирмоқда.

Муаммо янги эмас

Бўстонлиқ туманининг Қаронқул қишлоғидаги дарахтларни капалак қурти оммавий равишда еб кетган. Бу ҳақда бизга Угом-Чатқол Давлат миллий табиат боғи мутахассиси исмини ошкор қилмаслик шарти билан маълум қилди.

“Айрим жойлар эмас, анча жойни дабдала қилиб ташлади. Бу йил 3-4 минг гектар жойни босган деб ҳисоблагандик, аслида ундан кўп. Бундан 10 йил олдин Қайнарсойларда ҳам бўлган. Унча эътибор берилмас эди. Ҳозир эса Қаронқул ва бошқа жойларда дарахтларни оммавий равишда еб кетаяпти”, дейди миллий табиат боғи мутахассиси.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, капалак қуртининг ҳужуми 4-5 йилдан бери давом этиб келмоқда, аммо бу йил катта миқдордаги майдонларга зарар берган. Миллий табиат боғи табиий офат ҳақида тегишли жойларга мурожаат қилган, аммо ҳозиргача натижаси бўлмаган.

- Биз бир нечта жойга хат ёзганмиз, кимёвий комиссия, вилоят ҳокимлигига мурожаат қилдик. Кимёвий комиссиядан қайси дориларни ишлатишимиз мумкинлигини айтиб жавоб хати беришди. Чигирткага қарши курашиш хизмати билан шартнома тузишимизни айтишди. Шартнома туздик, лекин маблағ масаласида муаммо келиб чиқди. Бизда маблағ йўқ, - дейди Угом-Чатқол миллий боғи ходими.

Шу пайтгача Миллий боғ ўз имкониятидан келиб чиқиб Ўрмончилик институти билан ҳамкорликда капалак қуртига қопқон қўйиш билан чекланиб қолмоқда.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ўсимликларни ҳимоя қилиш маркази ходими ушбу муаммодан марказдагилар Олий мажлис келган хат орқали хабар топганини, аммо бюджетда маблағ йўқлиги боис бирор чора кўрилмаганини билдирди.

“Бу каби хат ўтган йили ҳам келганди. Биз бюджетдан хизмат кўрсатамиз, лекин ҳозир ишлатишга пул йўқ. Бюджетдан ажратилса кейин кўрилса керак”, - дейди исмини ошкор қилмаган ходим.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ўсимликларни ҳимоя қилиш маркази раҳбари Одил Исоқов Би-би-си билан суҳбатда ҳукумат бу каби зараркунандалар билан курашиши учун ҳар доим етарли маблағ ажратиб келаётганини айтди. Аммо, ўсимликларни ҳимоя қилиш маркази зараркунандалар билан кимёвий дориларни ишлатмаган ҳолда курашмоқчи бўлгани учун бюджетдан маблағ сўрамаган.

- Ҳукуматимиз бу йилнинг ўзида ҳам катта маблағ ажратиши мумкин эди. Лекин биз кимёвий препаратларни қўлламаслик учун бюджетдан маблағ сўрамадик. Бироқ бюджетдан етарли маблағни ажратиб бериш имконияти мавжуд, - дейди Одил Исоқов.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш маркази бу вақтгача капалак қуртига қарши биологик ва механик йўллар билан курашиб келинганини маълум қилди. Аммо, келгуси йилдан бошлаб 15 минг гектар майдонга етувчи демилин кимёвий дорисини сепиш орқали капалак қуртидан қутилиш кўзланмоқда.

“Бизда мавжуд бўлган пестицидларимизнинг кимёвий таъсири бор. Ундан етарли миқдорда бўлишига қарамасдан биз қўлламадик, чунки Бўстонлиқ курорт зонаси ҳисобланади. Лекин, демилин дорисини биз четдан сотиб олдик, у хусусияти бўйича деярли микробиологик дориларга яқин. Атроф муҳитни ифлослантирмайди ҳамда инсон ва жониворлар соғлиғига зарар етказмайди”, дейди Одил Исоқов.

Заракунанда қуртлар аллақачон капалакка айлангани боис айни дамда унга қарши курашиш имконсизлиги айтилмоқда.

Бўстонлиқ тумани атроф-муҳити ҳақида кўплаб мақолалар ёзган ёзувчи ва публицист Дадахон Нурий туманда капалак қурти кўпайиб кетиш ҳоли олдин ҳам бўлганини айтади.

- Бундан 6-7 йил илгари дала ҳовлимизнинг тепасидаги тоғни ўрмон қоплаб ётарди. Қуртлар ҳамма баргларни еб шохларни қуруқ қолдирганди. Бу йил у даражада эмас. Маҳаллий кексаларнинг айтишича, кун иссиқ бўлса йўқ бўлиб кетиши мумкин экан, - дейди Дадахон Нурий.

Капалак қурти йўқотиш қийин бўлган зараркунандалар қаторига киради. Олимлар шу пайтгача ушбу қуртнинг фақатгина тез кўпайиб кетмаслигини назорат қилиш мумкинлигини айтишади.

Капалак қурти кўпайиб фаоллашган вақти минглаб гектардаги дарахтларнинг 70 фоизгача баргини еб битириши мумкин.

Агар қурт келаси йил ҳам кўп бўлса ушбу ўсимликлар умуман қуриб қолиши айтилади.

Капалак қурти Марказий Осиёнинг тоғли ҳудудларида тарқалган.

Бу мавзуда батафсилроқ