Ўзбекистонда Миржалол Қосимов номидаги футбол мактаби очилади

30 июн куни Ўзбекистонда миллий терма жамоа ва 'Бунёдкор' клуби Бош мураббийси, ўз вақтида мамлакатнинг юлдуз футболчиларидан бўлган Миржалол Қосимов номидаги футбол мактаби очилади.

Бу Ўзбекистонда машҳур футболчилар шарафига очилаётган илк мактаб бўлади.

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, бу қувончли воқеадир.

"Биз Шўролар ҳокимияти даврида қўшни республикаларда буюк спортчилар хотирасига мактаблар очилишини катта хурсандчилик билан қарши олардик. Масалан, Озарбайжонда Гарри Каспаров шахмат мактаби, Ереванда бокс бўйича Жаҳон чемпиони Владимир Енгиборян мактаби, Каунасда баскетбол бўйича Арвидас Сабонис мактабининг очилишини...Ва ўзимизда, Ўзбекистонда қачон шунақанги мактаблар очиларкан, деб "болаларча" орзу билан юрардик", дейди у:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Аён бўлишича, бу каби ташаббус билан Андижон вилояти Избоскан тумани ҳокимияти ва маҳаллий болалар спорт мактаби раҳбарияти чиққан.

Ва Миржалол Қосимов номидаги футбол мактаби Избоскан тумани маркази Пайтук шаҳарчасида фаолият юрита бошлайди.

Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, мактаб 11 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил болаларга мўлжалланган ва у ерда ўнлаб болалар текин таҳсил олишлари мумкин бўлади.

Эртанги очилиш маросимида Миржалол Қосимов билан бирга асосий таркибнинг тўрт футболчиси ҳам иштирок этишлари кутилмоқда.

Улар маҳаллий ёш футболчиларга мастер классдан сабоқ беришлари айтилади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Бунёдкор" клуби Бош мураббийси Миржалол Қосимов сўнгги янгиликдан хурсанд экани ва ўз номидаги футбол мактабидан вақти келиб яхши футболчилар етишиб чиқишига ишончи комил эканини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Миржалол Қосимов

Миржалол Қосимов ўзининг қойилмақом футболчилик маҳорати билан нафақат маҳаллий, балки хорижий футбол мухлислари орасида ҳам ўзига хос ном қозонган.

У футбол бўйича ўсмирлар ўртасида Жаҳон ва Оврўпо чемпиони.

Катталар ўртасида XII Осиё Ўйинлари ғолиби.

Россия ва Ўзбекистон чемпиони. Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган спортчи.

Ҳозиги пайтда Миржалол Қосимов Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Тошкентнинг "Бунёдкор" клуби бош мураббийси.

Фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев кейинчалик мамлакатнинг бошқа вилоят ва туманларида ҳам ўзбекистонлик бошқа футбол юлдузлари, дейлик, Биродар Абдураимов, Азамат Абдураимов, Игор Шквирин, Шуҳрат Мақсудовлар шарафига ҳам бошқа футбол мактаблари очилишига ишончи комиллигини айтади.

Ахбор Имомхўжаев бу каби мактабларнинг очилиши Ўзбекистон футболини ривожлантириш йўлида қўл урилаётган яхши тадбир эканини таъкидлайди.

Бу мавзуда батафсилроқ