Ўзбекистондаги барча йўловчилар текширилади

Ўзбекистондаги барча автовокзал ва станцияларда йўловчилар текширилади.

Ички ишлар вазирлиги қарори билан йўловчи автовокзаллари ва бекатларида ўтиш тартиби йўриқномаси тасдиқланган.

Энди барча вокзалларда ўтиш нуқтаси ташкил қилиниб, йўловчилар Тошкент шаҳрида аллақачон йўлга қўйилган металл детекторлар орқали ўтади.

Кузатувчилар Ўзбекистон раҳбарияти ҳаддан зиёд огоҳликка эътибор бераётганини ва баъзи ҳолларда бу фуқароларнинг ҳуқуқини чеклаётганини айтишади.

30 июндан бошлаб кучга кирувчи қарорга мувофиқ, барча вокзал ва автобекатларда назорат ўтиш нуқтаси ташкил қилинади.

Йўловчилар ушбу йўлакдан кириб чиқади ва шубҳали дея топилганлар махсус металл детекторлар, бўлмаган тақдирда эса милиция ходимлари томонидан текширилади.

Назоратчилар сумкаларда олиб юриш тақиқланган, хавфли буюмларни текширади.

Шунингдек, танлов асосида фуқароларнинг паспорт маълумотлари ҳам текширилади. Керак бўлган ҳолатда эса, махсус итларнинг хизматидан ҳам фойдаланилади.

Тошкент шаҳар вокзали масъули бундай текширувлар хавфсизлик мақсадида 1 йилдан бери ўтказилишини айтади.

“Бизда бу нарсалар бир йил олдин ташкил қилинган. Ҳаммаёқ ёпиқ, битта эшикда металл детектор жойлашган, ўша ердан ўтади. Иккита милиция ходими қўл детектор билан турибди. Текшириб ўтказилади, ҳамма жойда видео назорат бор”, - дейди вокзал ходими.

Ўзбекистон ҳукумати хавфсизликни энг устивор масала қаторида кўради. Қарор чиқишидан олдин ҳам пойтахтдаги автовокзал, метро ва аэропорт биноларида хавфсизлик чоралари жорий қилинган.

Огоҳлик

Ҳар бир метро бекатида диктор бекат номини айтиши билан бирга, йўловчиларни огоҳликка чорлайди.

Метро бекатлари ва вагонларида реклама плакатларининг ўрнини огоҳликка чақирувчи мурожаатлар эгаллаган.

Қашқадарёдан Тошкентга келиб ишловчи Абдулазиз хавфсизлик чораларининг кучайтирилишида нотабиийлик кўрмаётганини айтади.

- Мен ўзим учун жавоб бера оламан, ҳеч қандай ноқулайлиги йўқ. Текширгани яхши, бемалол, бехавотир юрасиз. Огоҳлик яхши нарса, - дейди Абдулазиз.

Ушбу қарор қатор интернет нашрларида ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган. Уни маъқуллаган ҳам бор ва ўз навбатида танқид қилганлар ҳам учрайди.

“Аҳмоқлик, энди одамлар катта катта сумкалар билан автобусга вокзалда эмас, балки яқинроқ бекатда ўтиради. Ўшанда Ўзбекистон ҳукумати нима ўйлаб топади? Милиция ходимларини ҳар бир симёғочга қўйиб чиқадими”, дея ҳайронлигини билдиради Михаил исмли фойдаланувчи.

Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромов хавфсизлик чоралари кўрилишини маъқуллайди, аммо Ўзбекистонда бундай чоралар ҳаддан зиёд кучайтирилиши ҳукуматнинг халқдан қўрқуви натижаси эканлигини айтади.

“Ўзбекистондаги террористик актлар исботини топмаган ва ўзи йўқ нарса. Террор билан айбланиб қамалганларни ҳаммасини кузатганимизда Ўзбекистонда бирорта террорист мавжуд бўлмаганини аниқлаганмиз. Лекин террорнинг олдини олиш бошқа нарсадан далолат беради. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлигига қарашли ходимларнинг сони шунчалик кўпки, Марказий Осиёдаги давлатлардан бир неча маротаба кўп. Ҳукумат шуларни ишга жойлаштириш ва ҳаракатлантириш мақсадида мажбур бўлаяпти”, дейди Сурат Икромов.

Ўзбекистон Марказий Осиёда хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган давлат хисобланади.

Ҳаттоки, ҳар бир вилоятдан кириш ва чиқишда алоҳида постлар ўрнатилган бўлиб, милиция ходимлари истаган фуқарони текшириш ҳуқуқига эга.

Маҳаллаларда участка нозирларидан ташқари, уларга кўмак берувчи фуқаролар гуруҳи посбонлар ҳам ташкил қилинган.

Маҳалла оқсоқоллари эса, Миллий хафсизлик хизматига фуқаролар ҳақида маълумот берувчи шахсларга айланган.

Бу мавзуда батафсилроқ