Ўзбекистон яна Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан чиқиб кетмоқда

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти
Image caption Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан иккинчи бор чиқиб кетмоқда

Россиянинг РИА Новости ахборот агентлиги хабарига кўра, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг (КХШТ) котибияти Ўзбекистон ташкилотдан чиқиб кетиши ҳақида нота йўллаганини тасдиқлаган.

Ташкилот матбуот котиби Владимир Зайнетдинов Тошкентнинг бундай қарорни олишига нима сабаб бўлганини изоҳламаган.

"Ҳозирда Ташиклотнинг экспертлари котибиятга келган ҳужжатларни баҳолашмоқда... Бу борада КХШТ раҳбарининг ҳисоботи тайёрланмоқда", - деб айтган Владимир Зайнетдинов.

Москвадаги дипломатик манбанинг РИА Новостига айтишича, Ўзбекистон КХШТ котибиятига КХШТ аъзолигини тўхтатиш борасида нота йўллаган.

Ўзбекистон МДҲ хавфсизлигини таъминлашни назарда тутган ушбу ташкилотдан 1999 йилда чиқиб кетган ва 2006 йил августида яна қайта аъзо бўлиб кирган эди.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонни КХШТга қайта аъзо бўлиб кириш қарорига 2005 йил баҳорида Андижонда юз берган қонли воқеалар ортидан расмий Тошкент ва ғарб давлатлари алоқаларининг совуқлашуви сабаб бўлганди.

КХШТни барпо этиш ҳақидаги битим 1992 йилнинг май ойида Тошкентда имзоланган эди.

Унга собиқ Совет Иттифоқининг тўққиз республикаси аъзо бўлиб кирган эди.

Ҳозирда ушбу ташкилотга Арманистон, Белорус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон аъзо бўлиб қолишмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ