Euro 2012 ғолиби ким бўлади, ўзбекистонлик футбол усталари башоратида

Британиялик манаман деган футбол усталарининг башоратлари янглиш чиқди.

Қанчадан қанча сўров натижалари бесамар кетди.

Қарийб бир ойлик оҳ-воҳ ва дод-войлардан сўнг Испания ва Италия миллий терма жамоалари футбол бўйича 2012 йилги Оврўпо чемпионлиги учун беллашадиган бўлишди.

Каттаю кичик футбол давраларида ғолиб бўлиши бирдек башорат қилинаётган уч карра Оврўпо чемпиони Олмония ярим финалданоқ пастга қулади.

Қитъа биринчилиги ибтидосида камида ярим финалгача бориши башорат қилинган Голландия ва Франция эса, олмонлардан ҳам эртароқ турнир билан хайрлашишди.

Бу эса, амалдаги Оврўпо чемпионининг тўртинчи бор қитъа биринчилиги финалига чиқиши бўлади.

Агар бу гал ҳам ғалаба қозонолса, Испания кетма-кет икки бор қитъа ғолиблиги насиб этган дастлабки жамоага ҳам айланиши мумкин.

Италия миллий терма жамоасига бу шарафнинг насиб этганига эса, қарийб ярим асрча бўлиб қолган.

Жамоа сўнгги бор 1968 йилда Оврўпо чемпиони бўлишга муваффақ бўлган, холос.

Биз бўлажак учрашув арафасида ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчилари, таниқли мураббийлар ва футболчиларга мурожаат қилиб, финал ўйинида ғалаба қай бир миллий терма жамоага насиб этиши мумкин, деб сўрадик:

Миржалол Қосимов, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Бунёдкор" клуби бош мураббийси: Сизга тўғрисини айтсам, унақа башорат беришни ёқтирмайман. Ҳеч қачон башорат қилмаганман. Чунки футболда кутилмаган ҳолатлар бўлиб туради. Шунинг учун ҳам, кимнинг омади кўпроқ бўлса, ўша ғолиб чиқади. Мана, Португалия-Испания ўйинини олинг - Португалия жудаям яхши ҳаракат қилди, лекин пенальтилар сериясида Испанияга омад кулиб боқди. Финалга иккита кучли жамоа чиққан. Улардан қай бири кучли ўйнаса, ғолиблик ўшанга насиб ўтади, деб ўйлайман. Қолаверса, бизлар мухлис сифатида бу ўйинларни томоша қиламиз. Шунинг учун ҳам, истаб қолардимки, финалда ким ўйнашидан қатъиназар, чиройли ўйин кўрсатиб, футбол мухлисларига завқ улашсин. Кимга омад кулиб боқса, ўша ютиб чиқсин.

Аброр Имомхўжаев, ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси: Ҳали мусобақа бошланмасидан аввал ҳам ҳамма Испанияни ғолибликка асосий даъвогар, деб ҳисоблаганди. Шу жумладан мен ҳам шу фикрни билдирган эдим ва ҳозир ҳам унда собитман. Зеро, кеча Италия жуда чиройли ўйин кўрсатиб, Олмонияни мағлуб этган бўлса ҳам, барибир, ўзаро ўйинда Испаниянинг қўли баланд келади, деб ўйлайман. Сабаби - Испанияда "брак" жуда кам. Кеча мен италияликларнинг ўйинини кўрдим. Ҳамма, "Баллотелли, Баллотелли", дейди, лекин мутахассис сифатида унинг ўйинини кузатадиган бўлсак, унинг хатолари кўп. Иккита вазиятдан фойдаланди, лекин камчиликлари жудаям кўп. Умуман, Италия ўйинчиларида "брак" масаласи кўп. Фақат Олмония бундан фойдалана олмади. Лекин Испания бундан фойдаланади, деб ўйлайман. Финал учрашувида, барибир, Испания ғолиб чиқади, деган фикрдаман.

Вадим Абрамов, Ўзбекистон миллий ва Олимпия терма жамоаси собиқ Бош мураббийси: Менимча, Испания. Чунки испанлар барча рекордларни ўрнатиб бўлишди. Аллақачон уч бор Оврўпо чемпионати финалига чиққан жамоа. Ҳали дунёда бирор бир терма бу каби муваффақиятга эришмаган. Ҳам ўйини ва ҳам таркиби жиҳатидан Испаниянинг қиёси йўқ. Айни ўринда шуни ҳам айтишим жоизки, мен бу йилги Оврўпо биринчилиги якуний босқичига чиқажак иккинчи жамоа айнан италянлар бўлишига ишончим комил эди.

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев: Италия ва Испания бир-бири билан финалда учрашадиган бўлди. Ўзи кўпчилик ҳам шунақа башорат қилишганди. Италиянинг кечаги чиройли ўйинидан кейин бу нарса ўзининг тасдиғини топди. Энди, ким ғолиб чиқади, деган масала ўртага чиққанда, шахсий фикрим - менимча, Испания ғолиб чиқса керак. Биринчидан, Испания амалдаги чемпионимиз. Иккинчидан, Испания Италияга қараганда бир кун кўп дам олди. Учинчидан, кейинги ўйинлари шуни кўрсатаяптики, Испания ҳозир ҳақиқатдан ҳам Оврўпода энг кучли жамоа. Биз ўйинчиларнинг индивидуал маҳоратлари деб айтамизу, агар ҳар икки миллий терма жамоадан алоҳида, алоҳида 11 кишини олиб солиштирадиган бўлсак, испан ўйинчилари барибир кучли.

Шерзод Каримов, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси собиқ сардори: Мен азалдан Испания миллий терма жамоасига ишқибозлик қиламан. Менинг назаримда, Испания ғалаба қозонади. Нимага десангиз, испан ўйинчилари техникаси жиҳатдан юқори савияли ўйинчилар. Шунақа деб ўйлайман.

Икковлон ўртасидаги ягона кубок учун ҳал қилувчи якуний кураш якшанба – 1 июл куни Украина пойтахти Киевнинг “Олимпия” стадионида бўлиб ўтади.

Учрашув Тошкент вақти билан 11:45 да бошланади.

Бу мавзуда батафсилроқ