'Ўздунробита' раҳбари қўлга олинган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи mts.ru
Image caption "МТС Ўзбекистон" ширкати 9 миллиондан ортиқ абонентга хизмат кўрсатади

Расман тасдиқланмаган хабарларга кўра, "Ўздунробита" бош директори Беҳзод Аҳмедов Россияда ушланиб, Ўзбекистонга олиб борилган.

"МТС" Очиқ Ҳиссадорлик Жамияти матбуот котиби Елена Кохановская эса, Би-би-сига Беҳзод Аҳмедов тутилганиган бехабар эканини айтди:

"Биз Беҳзод Аҳмедов ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Бу масалада Ўзбекистон Хавфсизлик Хизматига мурожаат қилсангиз яхшироқ, деб ўйлайман".

Россия ва бошқа МДҲ давлатларидаги йирик телекоммуникация операторларидан бири саналган "МТС"га тегишли "Ўздунробита" ширкати фаолиятида бир қатор қонунбузарликларни аниқлагани айтилган, бунгача эса, МТСнинг Ўзбекистондаги раҳбари Бекзод Аҳмедовнинг қочиб кетгани ҳақида хабар чиққан эди.

"МТС" Очиқ Ҳиссадорлик Жамияти эса, расмий баёнот чиқариб, Ўзбекистондаги бўлимларини текшираётган мамлакат давлат идоралари ишидаги қонунбузарликлар ширкатнинг у ердаги фаолиятини хавф остига қўйишини айтганди.

Очиқ Ҳиссадорлик Жамияти "Ўздунробита" ва унинг бўлинмаларида 2004 йилдан буён мунтазам равишда олиб борилган солиқ текширувларида қонунга зид бирор бир жиддий ҳолат аниқланмаганини таъкидлайди.

Аммо, кузатувчилар Ўзбекистон раҳбариятини мамлакатда фаолият юритаётган хориж ширкатларни тортиб олиш ё-да, ўрнини бошқа ширкатларга бўшатиш мақсадида турли камчиликлар топишда айблайдилар.

Ўзбекистон билан хориж ширкатлари ўртасидаги муаммолар қай йўсин пайдо бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Воҳид Гунеш Ўзбекистон расмийлари томонидан қийноққа тутилганлигини айтиб, маҳкамага шикоят қилган

Биз Ўзбекистонда "Туркуаз" ширкатига асос солган, бироқ кейинчалик у ердаги 7 йиллик фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган туркиялик ишбилармон Воҳид Гунешни суҳбатга тортдик:

Воҳид Гунеш: Ўзбекистонда бизнес қилиш жуда қийин. Ўзбекистонда иш қилсангиз, охири маълум, бунинг сўнгги ҳуқуқ-тартибот органлари билан тўқнашув, мол-мулкингизни ўғирланиши билан тугайди. Бундан ташқари, Ўзбекистон иқтисоди ҳам муаммолар билан тўла. Маош жуда кам. Ўзбекистонни бошқараётган инсонлар ҳалқнинг юксалишини истамайдилар. Ташқаридан қараганлар "Ўзбекистондаги бозор бўш, иш қилса бўлади, 27 миллионлик аҳолиси бор", деб ўйлайдилар. Аммо, иш бошлаганингиздан кейин, ҳар қадамда тўсиқларга дуч келасиз. Бир талай муаммолар келтириб чиқарилади. Сизни чуқурга итарадилар. Чуқурдан чиқишингиз учун эса, пулингизни оладилар. Кўп йиллар мужодала қиласиз, талашиб тортишишингиз мумкин, лекин, охир-оқибат улар сизни узоқ йил қамоқ жазосига кесиб юборадилар. Ўзбекистоннинг ўзидаги тадбиркорлар учун ҳам вазият худди шундай: мол-мулкингиз, уй-жойингиз, автомашинангизни тортиб оладилар, оилангизни кўчага, сизни эса, қамоққа ташлайдилар. Айни шаклда биз узоқ пайтлар ҳибсда қолдик ва буни кўрдик. Хуллас, вазият қўрқинчли у ерда.

Би-би-си: Сиз ўзингиз қачон иш бошлаган эдингиз ва неча йил у ерда рисоладигидек, иш юритишга муваффақ бўлдингиз? Бунга имконият бўлдими?

Воҳид Гунеш: Ишни 2004 йилда бошладик. У ерда 7 йил ишладик. 7 йил бошимиз ғавғодан чиқмади. Фақат талашиб тортишдик. Туркиядан катта миқдорда сармоялар киритдик. Тошкент марказидаги эски ГУМ сотиб олдим ва таъмирладим. У ерга бор куч - қувватимни сарфладим. Гумни гўзаллаштирдик. Ана ундан кейин тортиб олишди. Бундан ташқари, Самарқандда чиройли бир савдо марказини очдик. Тошкентда кўп йиллар давомида бўш турган матбуот биносини савдо марказига айлантирдик. Шунингдек, Олмалиқдаги кинотеатрни таъмирладик ва савдо марказига айлантирдик. Хуллас, Ўзбекистонда қилган ишларимизнинг ҳисоби йўқ. Шунча ишни қилган чоғингизда қуролли инсонлар сизнинг марказингизни босиб олишади. Ҳибсга олишади. Ана шундан кейин қутилиш учун эса, пора беришга мажбурсиз.

Би-би-си: Аммо, Сиз маълум муддат биз яхши ишладик деб айтаяпсиз. Демак, Сиз яхши шароитда ишлагансиз. Агар Сиз қонунларга риоя қилган бўлсангиз, муаммолар нимадан келиб чиқди?

Воҳид Гунеш: У ердаги сиёсат шундай, бир муддат сизга ёрдам беришади. Кейин эса, тортиб олишади. Бу худди қўйни боқиб семиртириб сўйишга ўхшайди. Мени ҳам аэропортда гуллар билан кутиб олишганди. Ҳокимлар бизга келиб: "Нима ёрдам керак", деб туришган. Кейин бўлса, худди қўйга ўхшаб семиртириб сўйишди. Бу у ердаги сиёсатнинг, тузоқнинг шакли бу. Биз Ўзбекистонга яхши ниятлар билан кетгандик. Айбимиз фақат тижорат билан шуғулланганимиз бўлди. Сиёсатга аралашганимиз йўқ.

Би-би-си: Сиз тижорат қилган пайтингизда фақат зарар кўрдингизми, ҳеч фойда олмадингизми?

Воҳид Гунеш: Яхши фойдалар кўрдик, лекин биз кўрган фойдаларимизнинг бир тийинини ҳам Туркияга олиб келмадик. Ҳаммасини Ўзбекистонда сармоя сифатида ётқиздик. Ўзбекистондаги ширкатларимда бир неча юз одам ишларди. Туркияда 10 мингга яқин одам биз билан ҳамкорлик қиларди. Улар ҳам ишсиз қолди. Алал - оқибат, менку ҳеч нарса йўқотганим йўқ, Ўзбекистоннинг ўзида мингларча одамлар ишсиз қолди.

Би-би-си: Шундай экан, нима учун хорижий ширкатлар Ўзбекистонга бизнес қилиш учун боришади? Агар шароитлар ёмон бўлса, оқибат Сиз айтаётгандек, қўрқинчл бўлса, хориж ширкатларини Ўзбекистонга етаклаётган нарса нима?

Воҳид Гунеш: Ким боряпти ҳозир? Бораётган одам йўқ-ку. Биронта ширкатнинг номини айтинг менга. Ким ишлаяпти? Ўзбекистонга киритилиган сармоянинг қанча эканлигини менга айтасизми? Улар йўқ ҳисоби.

Би-би-си: Ўзбекистонга бориб, иш қилиб, муаммоларга дуч келган фақат турк ширкатларими ёки бошқаларга ҳам муносабат шундайми?

Воҳид Гунеш: Фақат турк ширкатлари эмас. Аммо, у ерда турк ширкатлари кўп бўлгани учун улар кўпроқ кўзга ташланади. Бу муаммолар ўзбек фуқароларининг ҳам бошида бор. Хитойликка шундай муносабат қилишади. Бироқ, уларнинг сони кам. Ўзбекистонда 500та турк ширкати бўлган бўлса, хитойликларники 5та. Улардан биттаси ёпилса, билинмайди. Лекин, туркларники 50таси ёпилса, дарров кўзга ташланади. Бунинг иқтисодий ва сиёсий сабаблари бор. Сиёсати жиҳати шуки, агар бирон бир ширкат кучайиб кетса, у тепадагилар, яъни ҳукуматдагиларга таҳдид сифатида кўрилади. Шунинг учун, Ўзбекистонда катта ширкатлар керак эмас дейишади. Бунда мантиқ қани? 2005 йилда Ўзбекистонда 500дан ортиқ турк ширкати бор эди. Нима учун кўп эди? Биз Ўзбекистонни қардошимиз, деб билганмиз. Миллатимиз бир, динимиз бир, ҳамма нарсамиз бир, деб ўйлагандик. Ҳали ҳам шундай фикрдамиз. Аммо, ҳозир Ўзбекистондаги турк ширкатлари сони 200та қолди. Қолганларига нима бўлган? Бизда бўлгани каби муаммо яратилган ва ёпилган. Агар бирон ширкат хато қилса, жаримага тортинг. Уларни қамаб, мамлакатдан чиқариб юборишда қандай мантиқ бор? "Туркуаз" ширкати Ўзбекистонга 50 миллион сармояга киритганди. Хатомиз бўлса, нима учун жаримага тортишмади? Аксинча, мол-мулкимизни тортиб олиб, ўзимизни қамашди. Бу ерда одамларнинг айби йўқ. Ёмон ният бор. Ўзбекистонда аввал одамларни сўйишади, кейин маҳкамага олиб чиқишади. Буларнинг ҳаммаси - театр томошаси.

Бу мавзуда батафсилроқ