Президент Каримов: АҚШ-Ўзбек мулоқоти суръат билан ривожланаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Тошкентга борган АҚШ Конгресси аъзолари Дэн Бўртон ва Грегори Микс билан учрашган.

Президентнинг Тошкентдаги қароргоҳи Оқсаройдаги учрашув чоғида жаноб Каримов америкалик конгрессменларнинг ушбу ташрифини, ўзининг таъбирича, суръат билан ривожланаётган ва доимий равишда мустаҳкамланиб бораётган Ўзбек-АҚШ мулоқотининг яна бир далили сифатида кўришини таъкидлаган.

"Сизнинг ушбу ташрифингизни биз Афғонистондаги Америка, ISAF кучлари олиб чиқилиши арафасида Марказий Осиёдаги вазият билан яқиндан танишиш учун яхши имконият деб кўрамиз. Шунингдек, минтақадаги, хусусан, Ўзбекистондаги аҳвол билан танишиб, Конгресс билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиб келаётган Оврўпо ва Осиё тагқўмитаси фаолиятига ўзгартириш киритиш юзасидан қарорлар қабул қилиш учун яхши имконият. Биз сизнинг ушбу мақсадларни кўзлаган шахсий ташаббусингиздан хабардормиз", деб айтган Президент Ислом Каримов.

АҚШ Конгресси ҳайъатининг ташрифи Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Колллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотидаги иштирокини тўхтатиши ҳақида эълон қилганидан бир неча кун ўтиб юз бермоқда.

МДҲга аъзо мамлакатлар мудофаа вазирларининг Калининградда ўтган йиғилишида Ўзбекистон Мудофаа вазирининг ўринбосари, генерал-майор Рустам Ниёзов Ўзбекистон Афғонистондаги НАТО кучларига Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг резолюцияси асосида кўмак кўрсатаётганини айтган.

8 июл куни Япония пойтахти Токиода Афғонистонга бағишланган хорижий донорлар анжумани бошланади, унда 2014 йилда хорижий кучлар чиқиб кетгач, Афғонистонга қандай ёрдам бериш масаласининг муҳокама этиши кутилмоқда.

Токио анжуманида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг иштирок этиши хабар қилинган.

Халқаро донорлар йиғилиши арафасида АҚШ Афғонистонга "НАТО аъзоси бўлмаган йирик иттифоқчи" мақомини берган.

Бу ҳақда АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Афғонистонга олдин хабар тарқатилмаган сафари чоғида эълон қилган.

АҚШнинг НАТОга аъзо бўлмаган йирик иттифоқчиси мақоми Афғонистонга Америка билан ҳарбий соҳада узоқ йиллар ҳамкорлик қилиш имконини беради.

Бундай мақомни Америка Австралия, Миср ва Исроилга берган.

Бу мавзуда батафсилроқ