Ўзбекистондаги оммавий тўйларнинг харажатини ким тўлаяпти?

Фото муаллифлик ҳуқуқи fundforum.uz
Image caption Оммавий тўйлар Қашқадарё, Навоий, Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Фарғона водийси вилоятларида бўлиб ўтди.

Ўзбекистондаги оммавий тўйларнинг энг сўнггилари Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ўтказилди. Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги келин-куёвлар орасида 32 ёшли Баҳриддин Абдураҳмонов ва унинг рафиқаси Дилрабо ҳам бор эди. Баҳриддиннинг айтишича, ўзларининг тўйларини шу йил сентябрида ўтказишни мўлжаллаб юрганлар, бироқ маҳалла фаолларининг ташаббуси билан тўй тадориклари тезлашиб кетган.

"Тўй ўтказиш осон эмас. Тўй ичида келин тарафга мол олиб бориш бор. Мол ҳам арзон эмас. Қизни кийинтириш бор бозорга олиб чиқиб. "Тўққиз товоқ" деган нарсалар бор. Ўзингиз биласиз, буларнинг ҳаммаси пул туради", дейди ёш куёв.

"Менинг костюм-шимим, оёқ кийимим текин бўлди. Келин кўйлак текин бўлди. ЗАГС қоғозимиз, тилла узукларимиз текин бўлиб тушди. Тўй куни бизга LG телевизор совға қилишди. Кейин яна соат, кўйлак беришди. Тўйдан кейин Гулнора Каримова бизга тўртта қалин Алишер Навоий китобларини совға қилиб юборипти. Буларнинг ҳаммаси учун унга катта раҳмат. Агар ўзимиз тўй ўтказганимизда 3 миллион сўм кетарди, агар ундан кўп бўлмаса", дейди Баҳриддин Абдураҳмонов.

Зуҳра Эшонқулова Жиззах вилояти Пахтакор тумани "Дўстлик" маҳалли йиғини раиси ва у Баҳриддин Абдураҳмоновни мана шу тўй тадбирида уйлантиришга бош-қош бўлганлардан.

"Бизга туман ҳокимлигидан, туман "Маҳалла" жамғармасидан айтишди: Гулнора Каримова ўтказаётган акция доирасида кам таъминланган оилалардан келин-куёв топиш керак. Бизнинг маҳаллада фотиҳа қилиб қўйилганига анча бўлган Баҳриддин Абдураҳмонов яшайди, унинг отаси ҳам, онаси ҳам йўқ. Биз ана шу ёшларни ҳокимликка, жамғармага тавсия қилдик", дейди маҳалла раҳбари Зуҳра Эшонқулова.

"Бу тўйлар ёшларга жуда катта ёрдам бўлди. Гулнора Каримованинг ўзи тўйга етиб келолмади, лекин Тошкентдан келган меҳмонлар унинг табригини ўқиб эшиттиришди, вилоят ҳокимимиз Сайфиддин Умаров, туман ҳокимимиз, бизнинг ўзимиз ёшларни табрикладик", дейди Зуҳра опа.

Ўзбекистонда 2012 йил "Мустаҳкам оила" йили деб эълон қилинган ва ана шу йил тадбирлари сифатида 1000 та никоҳ ва 1000 та суннат тўй лойиҳаси бошланган. Лойиҳа ташаббускорлари Президент Каримов тўнғич қизи Гулнора Каримованинг "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси, "Аёллар кенгаши" деб номланган жамғарма, "Меҳр нури" ва Ижтимоий Ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари дея хабар қилинаяпти, аммо бутун жамоатчилик учун бу тўйлар "Гулнора Каримованинг тўйлари"дир.

Йил бошидан буён бундай тўйлар Қашқадарё, Навоий, Бухоро, Самарқанд, Фарғона водийси вилоятларида аллақачон бўлиб ўтди. Аммо Ўзбекистондан олинаётган ушбу савобли тадбир билан боғлиқ хабарларнинг ҳаммаси ҳам маҳаллий матбуот ёритаётганидек фақат ижобий бўлаётгани йўқ.

Би-би-си билан суҳбатлашган, бироқ ўзининг исми-шарифи ошкор этилишини истамаган ўзбекистонлик бизнесменлардан бири "Гулнора Каримованинг тўйларига ҳомийлик қилишга мажбур этилганлари"ни айтди.

Би-би-си ушбу мажбурий-ихтиёрий "савобталаб ҳомийлик" ташаббускори ким эканини аниқлашга ҳаракат қилди.

Боиси, бугунги Ўзбекистон шароитида "Тошкентдан бўладиган бир қўнғироқ" вилоят ҳокимидан тортиб, маҳалла йиғини раисигача, барчани сафарбар этиш кучига эга экани ҳеч кимга сир эмас, муҳтож оилаларнинг мушкулини осон қилиш истагида ҳар қандай туман, ҳар қандай вилоят ҳокими "ортиқча ғайрат сарфлаб юборган бўлиши" мумкин.

Халқаро ташкилотларнинг "Болалар меҳнати" дея бонг уришларига ҳамда Гулнора Каримованинг модалари намойишини ўзгартиришга мажбур бўлинганига ҳам қарамасдан пахта режасини бажаришда ҳокимлар қанчалар жонбозлик кўрсатишга қодир эканликлари ўтган йил кузида кўринди.

Аммо Ўзбекистондан охирги йилларда олинаётган хабарлардан "Форум" жамғармаси ноҳукумат ташкилот ҳисобланса-да, бир қўнғироқ билан ҳар қандай вазиру-ҳокимни оёққа турғазадиган ҳукмфармога айланганини ҳам тушуниш қийин эмас.

Балки йил бошидан буён республиканинг турли вилоятларида ўтказиб келинаётган ва ҳар бир маҳаллий оммавий ахборот воситасининг хабар тарқатиши шарт акциянинг номи ўзбек тили қоидаларига зид эканини айтишга журъат топилмаётгани сабаби ҳам шу билан изоҳланар?

Би-би-си савобли амалларга соя солаётган мажбурий ҳомийлик масаласи ҳамда тўйлар учун маблағни ташаббускорлар қаердан олаётганлари ҳақидаги саволларга аниқлик киритиш мақсадида "Форум" жамғармаси, Ижтимоий Ташаббусларни қўллаб-қувватлаш деб номланган ташкилот, "Меҳр нури" жамғармалари билан боғланди.

Айримлар телефон орқали ахборот берилмаслигини айтишди, айримлар эса кейин қўнғироқ қилишни сўрашди. Олдинги саволларга яна бир савол қўшилди: булар жамғарма ёки нодавлат ташкилотларими ё Ўзбекистоннинг сирларини қўриқлаш билан банд давлат қўмиталарими?

Ҳаракатлардан натижа бўлмади, саволлар очиқ қолди.

Бу мавзуда батафсилроқ