'ЎХҲ йиғинида қатнашган хоразмлик фаолга тазйиқ ўтказилмоқда'

Ҳайитбой Ёқубов Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ҳайитбой Ёқубов телефонлари узиб қўйилганини айтган

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг 2-қурултойида иштирок этган "Нажот" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси Ҳайитбой Ёқубов жаримага тортилган.

Мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси Бош котиби Отаназар Ориповнинг билдиришича, бу ҳақда Ҳайитбой Ёқубовнинг ўзи телефон орқали маълум қилган.

"Ҳайитбой 3 июл куни борди Хивага...Кейин 6-7 числоларда телефон қилди. "Суд бўлди, менга энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида жарима солди. Лекин, тазйиқ ҳали ҳам тўхтагани йўқ. Ҳозир телефонларим ҳам ишламайди, алоқа йўқ, узилган", деб айтди", дейди Отаназар Орипов.

Унга кўра, Ҳайитбой Ёқубов тез орада Тошкентга бориши ҳақида ҳам билдирган.

"Ўзим бораман, телефонсиз бораман", деди. Шунинг учун ҳозир мен уни кутяпман", дейди "Эрк" партияси Бош котиби.

Аммо, Ҳайитбой Ёқубовнинг қайси асосларда жаримага тортилгани маълум эмас.

Унинг ўзи телефон суҳбати пайти бу ҳақда маълум қилмаган.

Аммо, "Эрк" партияси Бош котиби Отаназар Орипов мазкур ҳолни Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Прагада ўтган йиғини билан боғлайди.

"Албатта, шундан кейин бўлган ҳодиса бу. Лекин, у Прагада юрган пайти уйига келиб, "Нажот" ноқонуний ишлар қиляпти", деб айтишган экан", дейди Отаназар Орипов.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг ўтган ойнинг охирида Чехия пойтахти Прагада ўтказилган 2-қурултойида ҳаракат фаоллари ва кузатувчилар дохил 50 киши иштирок этган.

"Нажот" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси Ҳайитбой Ёқубов Ўзбекистон Халқ Ҳаракати қурултойига Ўзбекистондан бориб қатнашган 4 кишининг бири бўлган.

Отаназар Орипов ўзларининг Ўзбекистон чиқишлари ва қайтиб киришларида ҳеч қандай муаммо кузатилмаганини айтади.

"4 киши жуда эҳтиёткорлик билан чиқиб кетдик. Унда ҳеч нима бўлгани йўқ. Қайтишда ҳам яхши келдик бирга", дейди у.

Отаназар Орипов ҳозиргача йиғин иштирокчиларидан бошқа кимга нисбатан босим кўрсатилмаганини айтади.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Прага йиғини чоғи Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳукуматига қарши кураш режасини ишлаб чиқилганини маълум қилганди.

Режа етти банддан иборат экани, унда ЎХҲни Ўзбекистон халқига танитиш ҳаракатларини "янада кенгайтириш"дан тортиб Каримов ҳукуматининг "даъфатан йиқилишига ва ҳатто бунинг оқибатида келиб чиқадиган катта хаос эҳтимолига тайёр туриш" зарурати қайд этилган.

Бандларда, шунингдек, "талабалар ва армиядаги аскар ёшлар ўртасида ташвиқотни ошириш" лозимлиги таъкидланган.

Асосан хорижда яшаётган мухолифатнинг бир неча гуруҳини ўзида бирлаштирган ЎХҲ ўтган йил Берлинда таъсис этилган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ