Обидхон қорига ўқ отган шахс ижарачида шубҳа уйғотган

Image caption Гумон қилинган шахснинг дўкон, ёнилғи қуйиш шахобчалари ва банкоматлар кузатув камераларига тушиб қолган суратлари дастлабки тергов материаларига қўшилган.

Швецияда таниқли ўзбекистонлик имом Обидхон қори Назаровга уюштирилган суиқасднинг тобора кўп тафсилоти ошкор бўлмоқда, матбуотда имомга ўқ узган шахснинг турли кузатув камераларига тушиб қолган суратлари эълон қилинди, уйини ижарага берган киши бу шахснинг ҳатти-ҳаракатлари ўзига шубҳали туюлганини полицияга айтган, чойшаб ва ёстиқ жилдларини полицияга топширган.

Швецияда нашр қилинадиган "Остерсунд Постинг" рўзномаси полиция ахборотига таяниб хабар қилади, бунда Обидхон қори Назаровга ўқ отган шахс "Юрий" деб аталади.

Мақолада ўз хонадонини ижарага берган кишининг исм-шарифи эълон қилинмайди.

"Юрий" 35 ёшлардаги, сочи калта қирқилган, эгнида қимматбаҳо куртка бўлган, дея тасвирлаган ижарачи.

Ижарачи шу йилнинг 5 феврали куни талаффузи русларникига ўхшаб кетадиган аёл бир танишига ижара учун жой кераклигини айтиб қўнғироқ қилганини айтган, бу танишнинг 1 ҳафта яшашига келишилган.

Бироқ "Юрий" 1 ҳафта яшамайди, олдиндан тўлаб қўйган 1000 Швеция кронининг ярмини қайтаришни талаб қилган.

Швед тилини билмаганидан "Юрий" билан ижарачи суҳбатини телефон ёрдамида хонани биринчи марта ижарага олган аёл таржима қилган.

Бироқ уй эгаси пулнинг ярмини қайтаришга кўнмаган.

"Юрий" кетганидан кейин хонани йиғиштириб қўйиш учун кирган уйнинг эгаси "хона ҳаддан ташқари, клиник даражада тозаланган"и полицияга айтган.

Шунингдек, "Юрий"нинг Москва билан узоқ сўзлашишлари ҳам хонадон соҳибини шубҳага солган.

Ижарачи унинг уй ичида ҳамма дераза пардаларини тушириб ўтирганига эътибор қаратган, Стромсмундда имомга суиқасд бўлгани ҳақидаги хабардан кейин "Юрий" ётган хонадаги чойшаб ва ёстиқ жилдларини полицияга берган.

Обидхон қори Назаров уйи яқинида ўқотар қуроли билан топилган рюкзак ҳамда чойшаблардаги ДНК намуналари бир кишига тегишли экани аниқланган.

Швеция полицияси "Юрий"нинг ўқ узилишидан икки соат олдин супермаркетлардан бирига кирганини ҳам аниқлаган, унинг Ica Simonsson дўкони, ёнилғи қуйиш шахобчалари ва банкоматлар кузатув камераларига тушиб қолган суратлари дастлабки тергов материаларига қўшилган.

Имомга суиқасдга алоқадорлик айбловлари билан ҳибсда ушлаб турилган ўзбекистонлик бир эркак ва бир аёл устидан маҳкаманинг 12 июлда бўлиб ўтиши хабар қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ