Хориж ширкатлари билан можаролар ғазнани тўлдириш амалларими?

Image caption Ҳиндистоннинг Spentex ширкати ҳам Ўзбекистонни халқаро маҳкамага беришга қарор қилган.

Ўзбекистонда прокуратура учинчи йирик цемент заводи "Қувасойцемент"нинг ҳисобларини музлатиб қўйган, бунга Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, "солиқ хизматининг корхона молиявий-хўжалик фаолиятини текширишда тўпланган материаллар сабаб бўлган.

Ўтган ҳафтада "Бекободцемент" заводи акциялари пакетининг 51 фоизини давлатга ўтказишга ҳам қарор қилинган.

Ўзбекистоннинг ушбу икки йирик цемент заводини ҳам Қозоғистонда рўйхатдан ўтган United Cement Group ишлатиб келган, UCG Ўзбек ҳукумати устидан халқаро маҳкамага мурожаат қилмоқчи эканини маълум қилган.

Таҳлилчиларга кўра, охирги ойларда Ҳиндистоннинг "Спентекс" тўқимачилик ширкати, МТС мобиқ алоқа оператори ва цемент заводлари билан Ўзбекистонда юз бераётган ҳодисалар бўшаб қолган давлат бюджетини тўлдириш амалларидир.

Маҳаллий матбуот Ўзбекистон прокуратурасига таяниб хабар беришича, ҳозир "Қувасойцемент" корхонасида жиноий-қидирув ишлари олиб борилаяпти, завод раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

"Қувасойцемент"нинг банкдаги расмий курс бўйича 24 миллион долларга тенг маблағи музлатиб қўйилган.

Охирги йилларда цемент завод кўп маҳсулот ишлаб чиқариб, йилдан йилга даромадлари кўпайиб келган, бироқ Қувасой шаҳар солиқ идораси корхона фаолиятини текширганидан кейин прокуратура жиноят иши очган.

Бу Ўзбекистон расмийлари жамоатчиликка эълон қилаётган сабаб, лекин Ўзбекистондаги бизнес юритиш вазиятидан келиб чиқиб, корхона фаолиятини тўхтатишга қарор қилинганининг асл сабаби бошқачалигини айтиш мумкин.

Ўзбекистон билан муваффақиятли бизнес юритиш мисоли ёки маҳаллий матбуот Ўзбекистонда фаолият юритаётгани билан фахрланиб мақолалар эълон қилган "Зарафшон-Ньюмонт", "Оксус Голд" билан юз берган ҳодисаларни кузатадиганлар Ўзбек расмийларининг бу қўшма корхоналар фаолиятини тўхтатишда келтирган важларига шубҳа қиладилар, ходими жосусликда айбланиб қамаб юборилган "Оксус Голд" ширкати Ўзбекистон ҳукуматини халқаро маҳкамага тортишга қарор қилган.

5-6 йиллик бехавотир фаолиятдан кейин муаммолар даври

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда ҳокимиятда ўтирганлар хориж ширкатларига "келиб сармоя киритинглар", дейдиган, бироз вақтдан кейин эса бу бизнесни тортиб олиш пайида бўладиганлар сифатида тасаввур уйғонганига анча бўлган.

Хусусан, "Фергана ру" ахборот агентлигининг МТС Мобил алоқа ширкати билан бўлаётган ҳодисалар таҳлилида шарҳловчи Максим Бейлис шундай ёзади: "Бугун компания билан бўлаётган ҳодисалар Ўзбекистон ҳокимиятининг хориж сармоядорларига муомала қилишининг аллақачон йўлга қўйилган сценарийсига тўғри келади: 5-6 йиллик бехавотир ишлагандан кейин муаммолар даври, тинимсиз текширишлар бошланади, ниҳоят активлар тортиб олинади".

"Қувасойцемент" ва "Бекободцемент" заводлари Қозоғистоннинг United Cement Group ширкатига тегишли бўлган, Ўзбек расмийлари "Бекободцемент"га жиноят иши очиб, раҳбарларини қамаб, акцияларини давлат ихтиёрига ўтказганидан кейин UCG ҳам Ўзбекистонни халқаро маҳкама бермоқчи эканини маълум қилди.

Бундай амаллар "Ўзбекистон билан бизнес қилиб бўлмайди", деган хулосага ва хорижий сармоядорларнинг чиқиб кетишига олиб келишини раҳбарлар тушунмасликлари мумкин эмас.

Бироқ Ўзбекистондаги охирги ойлардаги турк бизнесменлари билан, Ҳиндистоннинг "Спентекс" ширкати, Россиянинг МТС ва охиргиси "Қувасойцемент" билан бўлаётган ҳодисалар бунинг аксини кўрсатаяпти, Ўзбекистон тобора бизнес қилиш имконсиз мамлакатга айланиб бораяпти.

Би-би-си суҳбатлашган бир неча таҳлилчилар фикрича, қатор сабаблар бор.

Улардан бири бюджетга қандай қилиб бўлса ҳам пул тушириш истагидир.

Маълум бўлишича, шу кеча-кундузда нафақат хорижий ширкатлар, маҳаллий бизнесларга ҳам юзини ниқоб билан ёпиб қуролланган кишиларнинг рейдлари кўпайган, ёнилғи, газ қуйиш шахобчлари, ошхоналар "босилаяпти".

Гўё уларнинг ноқонуний фаолияти "аниқланиб", мисол учун Мустақиллик байрамигача қуриб битказилиши талаб қилинаётган бино қурилиши учун маблағ тортиб олинаяпти.

"Бу бинолар учун давлат бюджетидан йирик маблағлар аллақачон ажратилган, бироқ бу маблағлар қаерга кетганини ҳеч ким билмайди", дейди тошкентлик бизнесменлардан бири.

Бу мавзуда батафсилроқ