Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Фарғона: Президент Каримовнинг яқинлари коррупцияда гумон қилинаётгани айтилмоқда

Фарғонадан келаётган хабарларга кўра, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг қатор раҳбарлари ҳибсга олиниб, уларга қарши тергов ва суриштирув ишлари бошланган.

Фарғона бўйлаб айни жиноий гуруҳ аъзолари сифатида кўрилаётган ўнлаб шахсларнинг ҳибсга олингани айтилади.

Мустақил Узньюс.нет сайтининг терговга яқин манбаълардан иқтибос келтиришича, уларнинг орасида Президент Ислом Каримовнинг рафиқаси Татяна Каримованинг яқин қариндошлари ҳам бор.

Нашрга кўра, Каримова хонимнинг синглиси Тамара Собирова ҳамда унинг Сенат аъзоси бўлган ўғли Акбарали Абдуллаевлар ҳибсга олинишдан қўрқиб, яширинганлар.

Узньюс. нет мақоласида Президент Каримов ўз яқинларининг қилмишларидан хабар топгач, ғазабга келгани ва уларни жазолашга буйруқ бергани айтилади.

Расмий манбаълар Фарғонадаги ҳибсга олишлар ҳақида сукут сақламоқда.

Би-би-си суҳбатда бўлган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ҳиссадорларидан бири завод раҳбарлари ҳибсга олиниб, янги раҳбарият тайинланганини тасдиқлади.

Исмоил Маллабоевнинг айтишича, Президент Каримов яқинларининг бизнеси ёпиқ мавзу ҳисобланади.