Обидхон қорига суиқасд қилишда айбланаётганлар устидан маҳкама бошланган

Image caption Обидхон қори Назаров 22 феврал куни Стромшунд қишлоғидаги уйи олдида отиб кетилган

12 июл куни Швециянинг Остуршенд шаҳрида Обидхон қори Назаровга қилинган суиқасдга алоқадорликда айбланаётган икки ўзбекистонлик устидан суд маҳкамаси бошланган.

Прокурор Кристер Петерсоннинг маълум қилишича, маълум муддат Швецияда яшаб келган икки шахс Обидхон қори Назаровга суиқасдни амалга оширишда кўмак берганликда айбланмоқда.

Улар икки ой аввал Сконе шаҳрида қўлга олинган эди.

Прокурор Питерсен суиқасдни ижро этганликда гумон қилинаётган шахс ҳозирча очиқда қолаётганини маълум қилган.

Унинг айтишича, Обидхон қорига ўқ отган шахс Швециядан чиқиб кетган.

Ўзбекистон фуқароси экани тахмин қилинаётган асосий гумонланувчининг шахси аниқланган, лекин Швеция қонунларига биноан ҳали очиқлаш мумкин эмас.

54 ёшли Обидхон қори Назаров 22 феврал куни Стромшунд қишлоғидаги уйи олдида номаълум шахс томонидан отиб кетилган эди.

Обидхон қори Швециянинг Умио шаҳридаги клиникада ҳамон кома ҳолатида қолмоқда.