Ўзбекистонда яна икки ўқитувчи пора билан қўлга тушган

Image caption Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон ёшлари орасида ўз кучи билан олий ўқув юртига кира олиш ишончи жуда паст.

Олий таълим Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳалардан бири ҳисобланади, ҳали Шўролар давридан "пул билан ўқишга кириш" муаммоси кенг тарқалган.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин давлат имтиҳонлари ўрнига тест синовлари жорий этилиши сабабларидан асосийси ҳам таниш-билишчилик ёки пора бериб ўқишга кириш олдини олишга қаратилган эди.

Бироқ соҳани ичидан яхши биладиган инсонларнинг айтишларича, тест тизимига ўтилганидан кейин "муаммо янада кучайган бўлса кучайган, камаймаган".

Ҳар йили 1 август куни бутун Ўзбекистон бўйича мобил телефонлардан sms-хабарлар юбориш хизматлари буткул тўхтатилиши ҳам олий ўқув юртларига киришдаги порахўрликни камайтира олмаган.

Бундан 2 йил олдин Ўзбекистондаги Эксперт Ишчи гуруҳи олий ўқув юртларига ўқишга кириш қанчага тушишини ўрганган, ўшанда шаклланган пора миқдорини ўз ҳисоботида келтирган эди.

Ўшанда энг қиммати ҳуқуқшунослик бўлиб, унга кириш абитуриент учун 25 минг долларгача тушади.

Иқтисод факултетларига 15 минг доллар талаб қилиниши айтилган.

Энг арзони эса журналистика ва хорижий тиллар факультетлари экан. Аммо улар учун ҳам камида 5 минг доллар керак.

Бугун ҳам "энг қиммат" ўқув юртлари бошида ҳуқуқшунослик институти бўлиб, ҳуқуқшунос бўлмоқчи абитуриентга 40 минг доллар керак бўлади.

Гуруҳ келган хулосага кўра, Ўзбекистон ёшлари орасида ўз кучи билан олий ўқув юртига кира олиш ишончи жуда паст.

Тадқиқот натижасида олий ўқув юртига киришнинг бир неча ноқонуний йўллари келтирилган. Улар орасида пора беришдан тортиб, катта лавозимдаги таниш-билишларни ишга солишгача бор.

Ўзбекистонда олий ўқув юртидаги коррупция тўри таълим тизимидан тортиб ҳуқуқ-тартибот идораларигача, кузатувчилардан тортиб муаллимларгача қамраб олган.

Ўзбекистонда турли хил махсус кўрик ва олимпиада ғолиблари имтиҳонсиз олий ўқув юртига кира оладилар. Лекин гуруҳ кузатувчиларига кўра, бу кўрикларда ғолиб чиқиш учун ҳам пора бериш керак.

Бу мавзуда батафсилроқ