Россияда махсус амалиёт чоғида ўзбекистонлик ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи

11 июл куни Россиянинг Саратов шаҳрида Федерал Хавфсизлик Хизмати ходимлари билан отишма пайтида 60 ёшли Ўзбекистон фуқароси ўлдирилган.

Бу ҳақда Россиянинг ижтимоий тармоқ саҳифалари хабар берган.

Хабарда айтилишича, Саратов шаҳар Ленин кўчасидаги уйда ноқонуний қурол сақланиши ҳақидаги маълумотни олиб етиб келган хавфсизлик хизмати ходимлари уйда яшовчи томонидан қаршиликка дуч келишган.

"Макаров" тўппончаси орқали хавфсизлик ходимларига қарата уйдан туриб бир неча марта ўқ узилган.

Ўртада бўлиб ўтган отишма пайтида ўзбекистонлик деб айтилаётган фуқаро ҳалок бўлган.

Амалиёт чоғида унинг яшаб келган уйи текширилганда, катта миқдордаги қурол-яроғ ва Россия Олий Маҳкамаси томонидан таъқиқланган экстремистик руҳдаги адабиётлар, дисклар топилгани айтилган.

Қўлга олинган нарсалар текшириш учун жўнатилгани маълум қилинган.

Воқеа юзасидан жиноий иш очилгани ва суриштирув ишлари олиб борилаётгани билдирилган.

Бу мавзуда батафсилроқ