Президент Обамани ўлдирмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароси 15 йилга озодликдан маҳрум этилди

Улуғбек Қодиров Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption 22 ёшли Улуғбек Қодиров президент Обамани яқин масофадан туриб нишонга олмоқчи бўлган

Американинг Алабама штати маҳкамаси Ўзбекистон фуқаросини АҚШ президенти Барак Обамани ўлдиришни режалаганликда айбдор деб топди.

Айбига иқрор бўлган 22 яшар Улуғбек Қодиров 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Ўзбекистонлик ноқонуний муҳожир Улуғбек Қодиров ўтган йил июлида Алабама штатида арзон меҳмонхонада ҳибсга олинган эди.

Улуғбек фуқаровий либосда бўлган хавфсизлик ходимидан ўточар қурол сотиб олаётган пайтда қўлга олинган.

Интернет ижтимоий тармоқларида турли инсонларга президентни ўлдирмоқчи эканини айтгач унинг ортидан кузатув ўрнатилган.

Ўзбекистон фуқароси АҚШга талаба визаси билан келган.

Бироқ Улуғбек Қодиров дарсларга қатнашмагани учун виза бекор қилинган.

Қодиров 30 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин эди, аммо у тергов пайтида айбига иқрор бўлиб кўрсатма бергани ва терговчилар билан ҳамкорлик қилгани учун жазо муддати икки бараварга қисқартирилган.

Президентни ўлдириш

Ўз кўрсатмаларида Улуғбек Қодиров 2011 йил июлида "Амир" тахаллусли бир инсон билан алоқа ўрнатганини маълум қилган.

"Амир", Улуғбек сўзларига кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг вакили бўлган.

АҚШ Давлат Департаменти ҳаракатни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган.

Улуғбек Қодиров ва "Амир" АҚШ президентини қандай қилиб ўлдириш йўлларини муҳокама этганлар.

"Амир" Улуғбекка Барак Обамани мерган милтиғи воситасида узоқ масофадан туриб ҳадафга олишни таклиф қилган.

Бироқ Қодиров ушбу таклифга кўнмаган, чунки, Улуғбекнинг ўйлашича, милтиқ қиммат бўлган, унинг ўзи эса мерганликдан сабоқ олмаган.

Бунинг ўрнига Улуғбек президентни яқин масофадан отиб ўлдиришни режалаштирган.

Тергов материалларидан маълум бўлишича, "Қодиров ўлиш ёки тирик қолиш у учун муҳим бўлмаганини айтган. Унинг асл мақсади президент Обамани ўлдириш бўлган".

Бу мавзуда батафсилроқ