BBC navigation

"Обамани ўлдиришга уринган ўзбек Ўзбекистондаги исломий гуруҳ билан алоқа қилган"

Сўнгги янгиланиш 15 июл 2012 - 11:52 GMT

Қодиров ҳибсга олинганда Бирмингем шаҳридаги супермаркетда ишлаётган бўлган

АҚШда Президент Барак Обамани ўлдиришни режалашда айбланиб 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ўзбекистонлик Улуғбек Қодиров Ўзбекистонда жойлашган Исломий гуруҳ билан мулоқот қилган. Бу ҳақида маҳкамада қатнашган америкалик прокурорлар маълум қилганлар.

Уларнинг айтишича, Қодиров алоқада бўлган Исломий гуруҳ АҚШ томонидан террорчи ташкилот ҳисобланади.

Қодировнинг адвокати Ланс Белл 22 ёшли мижози АҚШдаги энг нуфузли университетлардан бири бўлмиш Нью Йоркдаги Колумбия Университетининг тиббиёт колледжига қабул қилингани, лекин инглизчаси яхши бўлмагани учун ўқишни бошлай олмагани, сўнгра Нью Йоркда иш топа олмай Алабамага кўчгани ва ёлғизликдан жабр чекиб интернетда Исломий экстремистлар билан тил топишганини айтганди.

Бироқ, Ассошиэйтед Пресс агентлиги хабар қилишича, Колумбия Университети шанба куни Қодиров ҳеч қачон тиббиёт колледжига қабул қилинмаганини билдирган.

Бу баёнот Қодиров адвокатининг сўзларига зиддир.

Ҳимоячи бу тушунмовчилик Қодировнинг тил муаммоларига боғлиқ бўлиши мумкин деб айтган, бироқ қораловчилар мазкур маълумот Қодировнинг бошқа жавоблари нақадар ҳаққонийлиги борасида шубҳа уйғотишини айтишган.

Жаноб Белл Қодировнинг инглизчаси яхши эмаслиги ва у 2009 йилда 19 ёшида АҚШга келганида ундан ҳам ёмон бўлгани ва балки Колумбия Университетига қабул қилинганига ишонганини айтган.

Лекин, Қодировнинг ўзи Нью Йоркда инглиз тили дарсларига Колумбия тиббиёт колледжига тайёрланиш учун қатнаганини айтади.

Федерал ҳакам Абдул К. Каллон Улуғбек Қодировни Обамани ўлдириш йўлида фитна уюштиришда айбдор деб топиб жума куни 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Маълум бўлишича, Қодиров икки баравар узоқроқ муддатга қамалиши мумкин эди, бироқ прокурорлар у ҳукумат агентларига етказиб берган маълумотлари учун ҳакамдан қисқароқ муддатни сўрашган.

Қодиров президентни ўлдириш билан таҳдид қилиш, терроризмга моддий ёрдам бериш ва қонунга зид равишда қуролга эгалик қилиш айбига иқрор бўлган.

У интернетда ўзбек исломий гуруҳи аъзоси билан танишгач, қайта сайланиш йўлида кампания олиб бораётган Обамани ўлдириш режасини ишлаб чиққанини айтган.

У ўтган йили ҳисбга олинганда Алабама штатининг Бирмингем шаҳридаги супермаркет киоскида ишлаётганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.