'Ўзбекистондаги қирғин' ёки Андижонда нималар бўлганди?

2005 йилги Андижон қирғинига бағишланган "Ўзбекистондаги қирғин" номли инглиз тилидаги янги ҳужжатли фильм келаси уч ой давомида қатор Оврўпо давлатларида намойиш этилади.

Фильм даниялик журналист Майкл Андерсен ва Mulberry Media томонидан ишланган.

Ижодкорларга кўра, ўз изланишларини юзлаб намойишчилар қирғин сабаб, Андижонни ташлаб чиқишлари ортиданоқ бошлашган ва "Ўзбекистондаги қирғин" етти йиллик меҳнатлари маҳсулидир.

Уларнинг айтишларича, ана шу жараёнда фильмда суратган тушган гувоҳлар қўрқитилган, ҳибсга олинган ва ҳатто, бир ҳодисада ўлдирилган.

Фильм ижодкорларига кўра, фақат ана шундай инсонларнинг жасоратигина ҳақиқатнинг юзага чиқишига имкон берган.

Уларнинг айтишларича, шу пайтгача Ўзбекистондаги аксарият халқ шундоққина ёнларида бўлган ҳодисадан бехабар.

Хабардорлари эса, ниҳоятда қўрққанликлари сабаб, бу хусусда гапиришни лозим кўришмайди.

Устига устак, Ғарбий Оврўпо ва АҚШ раҳбарлари Марказий Осиё билан қандай иттифоққа киришаётганларини ҳам билиб қўйсак ёмон бўлмасди, дейишади ижодкорлар.

Муаллифларга кўра, Ўзбекистондаги мавжуд тизимнинг юз берган қирғинни ёпди-ёпди қилиш ҳаракатлари чегара билмайди.

Бу даниялик журналист Майкл Андерсеннинг Андижон воқеаларига бағишланган учинчи фильмидир.

Унинг илк 25 дақиқали ҳужжатли фильми 2007 йилда "Ал-Жазира" телеканали орқали намойиш этилганди.

Орадан бир йил ўтиб эса, "Андижон: башорат қилиш мумкин бўлган қирғин" номли бир соатлик ҳужжатли фильми экран юзини кўрганди.

Биз Майкл Андерсенни суҳбатга чорлаб, энг аввало янги ҳужжатли фильми тафсилотлари ҳақида сўрадик:

Майкл Андерсен: Биз 2005 йилги Андижон қирғини ортиданоқ фильм устида ишлашни бошлагандик. Орада кечган вақт давомида кўплаб гувоҳлар, экспертлар, сиёсатчилар ва Шарқу Ғарбдан бўлган амалдорлар билан суҳбатлашдик. Бундан мақсадимиз - энг аввало Андижонда нималар юз берганига ойдинлик киритиш эди. Чунки Ўзбек ҳукумати "террорчиларни ўлдиргани"ни айтади. Гувоҳларга кўра, асосан тинч намойишчилар қирғин қилинган. Улар саккиз юздан минг нафаргача одам қурбон бўлгани, улардан аксарияти хотин-қиз ва болалар бўлганини айтишади. Кейинги мақсадимиз эса, Ғарб ва жумладан, Ўзбекистондагиларга ҳам амалдаги шафқатсиз тузум қўллаётган усуллар ҳақида янада кўпроқ маълум бериш эди. Шу боис, фильмда қийноқлар, маҳкама жараёнлари ва хориждаги ўзбекистонликларнинг қандай қилиб таъқиб этилишлари тафсилотлари ҳам ўрин олган. Бундан ҳам ташқари, янги ҳужжатли фильмдан мақсадимиз - Ғарбнинг нафақат Андижон қирғини, балки тузумнинг қанчалар ёвуз ва шафқатсиз эканига кўз юмаётганини кўрсатиш. Биз фильмда Андижон қирғинига кутилмаган воқеълик деб қаралмаслиги, уни олдиндан мутлақ башорат қилиш мумкин бўлгани, чунки жаноб Каримов бутун умр шундай одам бўлиб келгани ҳақида ҳам сўз юритамиз. Демоқчиманки, янги ҳужжатли фиьлм билан биз одамларнинг кўзларини очиш ва ҳушларини бошларига келтиришга уриниб кўрмоқчимиз.

Би-би-си: Нима учун Андижон воқеаларидан етти йил ўтиб, бу ишга қўл урдингиз. Чунки иш ёпилиб кетган, Ғарбнинг Ўзбекистонга жазо чоралари ҳам бекор қилинган, томонлар яна апоқ-чапоқ?..

Майкл Андерсен: Бунинг икки сабаби бор: Биринчидан, ўтган етти йил давомида ҳужжатли фильм учун материал тўпладик. Бир неча юз соатлик суҳбатлар, қути-қути маълумотларга эга бўлдик. Бундан ташқари, Ғарбда бу каби фильмларни намойиш этишга унчалик ҳам қизиқиш йўқ. Оддий одамлар Ўзбекистон ҳақида кўп нарса билишмайди. Телевизион каналлар ҳам уларни томошабинларни жалб этувчи, деб билмайди. Одамларнинг ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб, катта жасоратлари эвазига тўпланган шунча материални кўриб, журналист ва инсон сифатида уларни ошкор этишни ўз бурчим, вазифам, деб билдим. Уларнинг ҳайф кетишига йўл қўя олмасдим. Бундан ташқари, бошқа сиёсий ўзгаришлар ҳам юз берди. Андижон воқеалари ортидан, Ғарб юз берган ҳодисага секинлик билан ва ўзини бир қадар тортиб, муносабат билдирганди. Жаноб Каримов ҳам, таъбир жоиз бўлса, халқаро саҳнада бор-йўғи бир неча йил "ёмон бола" сифатида бурчакка қўйиб қўйилди". Кейин яна апоқ-чапоқ бўлиб кетишди. Каримов Натонинг нақ Америка марказидаги Чикаго саммитига таклиф қилинди. Ўтган йили Оврўпо Иттифоқининг юраги бўлган Брюсселга таклиф қилиниб, бутунлайин иззат-ҳурмат кўрсатилди. Шунинг учун ҳам ушбу ҳужжатли фильмни ишлашга қарор қилдик.

Би-би-си: Майкл, бу фильмни қаерда намойиш этиш режасидасизлар?

Майкл Андерсен: Ҳозир иккита лойиҳамиз бор. Янги ҳужжатли фильмнинг инглиз тилидаги тайёр бўлган нусхасини шу ёз ва куз ойларида бутун Оврўпо бўйлаб, яна Америкада ҳам намойиш этмоқчимиз. Агар жаноб Каримов бизни таклиф этса, Тошкентга бориб, давлат телевидениеси орқали намойиш этишдан ҳам мамнун бўлардик. Аммо шу пайтгача улардан ҳеч нарса олганимиз йўқ. Иккинчи режамиз эса, 80 дақиқали ҳужжатли фильмни рус ва ўзбек тилларига ўгириш. Ҳозир шунинг учун пул топишга ҳаракат қилаяпмиз. Кимки бизга молиявий ёрдам қилмоқчи бўлса, веб саҳифамиз орқали бизга юборишлари мумкин. Биз бу хусусда ҳукуматлар, халқаро ва ноҳукумат ташкилотларга ҳам мурожаат этмоқдамиз. Чунки таржима ишлари қимматга тушади.

Би-би-си:Агар таржима қилишга муваффақ бўлсангиз, ҳужжатли фильмнинг ўзбек ва рус тилларидаги нусхаларини қаерда кўрсатмоқчисизлар?

Майкл Андерсен: Агар бунинг уддасидан чиқсак, интернет орқали текин намойишга қўярдик. Яъни, бунинг учун бир нечта веб саҳифа ташкил қилиниб, Ўзбекистон ичкарисидан бўладими ёки ташқарисидан, кимки қизиқиш билдирса, янги ҳужжатли фильмни ўз она тилларида томоша қилишлари мумкин бўлади.

Би-би-си: Майкл, етти йил барибир узоқ фурсат. Андижон воқеалари ҳам бироз одамлар ёдидан кўтарилгандек. Устига устак, мустақил халқаро тергов ҳам ўтказилмади. Янги фильмингиз бирор нарсани ўзгартирармикан?

Майкл Андерсен: Ҳа, мен ҳам жаноб Каримов янги ҳужжатли фильмни кўриб, юз берган қирғиндан ниҳоятда уялиб, истеъфо бераман, дейишига ишониш даражасида содда эмасман. Мен ғарбликман. Шу боис ҳам, янги фильм Ғарбда қизиқиш уйғотиб, баҳсу мунозара яратишига умид қилиб қоламан. Андижон воқеаларидан кейин бир нарса ўзгарди. У ҳам бўлса, ҳозир Ғарб раҳбарлари жаноб Каримов билан учрашишар экан, ундан, ҳатто, Андижон воқеалари сўрашмайдиган бўлишди. Ғарб Андижон воқеалари ортидан фақат бир неча йилгина халқаро мустақил тергов талабини илгари сурди. Аммо ҳозир Ислом Каримов керак экан, улар бу ҳақда унутиб юборишди. Ўзбекистон президенти Оврўпода экани чоғида, Оврўпо Иттифоқидан бирор бир сиёсатчи Андижон ҳодисаларини тилга ҳам олмади. Юзлаб одамлар қурбон бўлган эсалар-да, биз ўша давлат раҳбари билан бир хонада ўтириб, ундан, ҳатто, бу ҳақда битта савол ҳам сўрамасак. Бу - 1989 йилда Хитойнинг "Тянанмен" майдонида юз берган қирғиндан кейин, ҳукумат қуролли кучлари одамларга ўт очган иккинчи йирик ҳодиса. Биз ҳануз Андижонда нималар юз берганини билмаймиз ва бу ҳақда президентидан ҳам ҳеч нарса сўрамаймиз. Мен буни Оврўпо Иттифоқи учун шармандали ҳол деб биламан. Оврўпо ва Америкадаги одамлар янги ҳужжатли фильмни кўргач, бунга тоқат қилиб бўлмайди, деган хулосага келишларига умид қилиб қоламан.

Бу мавзуда батафсилроқ