Обидхон қорига суиқасд: Швециядаги маҳкама ниҳоялаб бормоқда

Айбланувчилар Фото муаллифлик ҳуқуқи op.se
Image caption Ўзбекистонлик жуфтлик 15-май куни Швеция жанубида ҳибсга олинганди

Швециянинг Остерсунд шаҳрида Ўзбекистонлик таниқли уламо Обидхон қори Назаровга қарши суиқасд амалига алоқадорликда айбланаётган эр-хотин устидан маҳкама иши ўз якунига етиб бораётир.

Обид қори Назаров шу йилнинг 22 февралида Швеция шимолидаги Стромсунд шаҳарчасида ўз уйи йўлагида номаълум қуролли томонидан отиб кетилганди.

Асли ўзбекистонлик жуфтликка шу йил феврал ойида Стромсунд шаҳрида имомни отган шахсга қотилликни уюштиришда ёрдам бериш айблови қўйилган.

Суиқасдни амалга оширган асосий ижрочининг ҳануз озодликда эканини айтган.

54 ёшли Обидхон қори Назаров ҳамон шифохонада кома ҳолатида ётибди.

Айблов хулосасига кўра, ўзбекистонлик эр-хотин Обидхон қори Назаровни отган шахсга имом яшаган жойни аниқлаш ва меҳмонхона топишда ҳамда кира машинаси олишга ёрдам берган.

Жуфтлик борасидаги тергов уларнинг телефон қўнғироқлари, квитанциялар, компьютер хизматлари ва банк ҳисобларидаги ўзгаришларга асосланади.

Прокурорга кўра, аёл, биринчи бўлиб, Назаровнинг манзилгоҳини интернетда қидириб топган.

Сўнгра эри билан ижарага машина олиб, Назаровнинг кундалик ҳаётини ўрганиш учун Стромсундга йўл олганлар.

Судда эр-хотиннинг қотилликда гумон қилинаётган шахс билан мунтазам алоқа қилиб тургани айтилган.

Сешанба куни маҳкама иштирокчилари видео алоқа воситасида Швеция жанубидан бўлган икки гувоҳ - айбланувчилар ишлаган корхона эгаси ва улар кирада турган уй эгасининг кўрсатмаларини тинглаган.

Прокурор эса эркак айбланувчини Обидхон қори Назаровга суиқасд амали арафасида ва ундан кейин Москва билан скайп орқали ўтказган мулоқотлари ҳақида сўроққа тутган.

Маҳкама ишида қатнашиб, кузатиб келаётган ўзбекистонлик муҳожирнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, маҳкама жараёнида айбланувчи эркакнинг Обидхон қори Назаровга суиқасд арафасида ва ундан кейин Москвалик бир шахс билан изчил ёзишма олиб боргани маълум бўлган.

"Айбланувчилар берган кўрсатмалар биз илгари сурган даъвони умуман кучсизлантиргани йўқ," - деб айтган прокурор Кристер Питерсон швед матбуоти вакиллари билан суҳбатда.

Ўзбекистон режимининг ашаддий танқидчиларидан бўлган 54 ёшли Обидхон қори Назаров олти йил муқаддам Швециядан бошпана олган.

Маҳкама иши шу ҳафта охирида ниҳоя топиши кутилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ