Youface ижтимоий тармоғи Facebookнинг ўзбекча нусхасими?

Ўзбекистонда яқинда йўлга қўйилган Youface интернет ижтимоий тармоғи нафақт ўз номи билан Facebookка жуда ўхшаш.

Youface мамлакатда Ғарб оммавий маданияти ва маълумот урушига қарши маҳаллий матбуотда авж олган кампания манзарасида ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон ҳукумати хорижий интернет саҳифаларининг ўз фуқаролари онгига таъсридан хавотирда эканлиги сир эмас. Айниқса яқинда Ўзбекистондаги интернет фойдаланувчилари сони 9 миллионга етганлиги назарда тутилса, бу 30 миллион атрофида дея айтилган аҳолининг деярли учдан бири, дегани.

Таҳлилчиларга кўра, Youfaceнинг асосий мақсади ўзбекистонлик фойдаланувчиларни Facebookдан эътиборларини чалғитиб, расмийлар назорат қилиши осонроқ бўлган тармоққа жалб этишдир.

Медиа кампания

Ўзбекистон телевидениеси орқали охирги ойларда ижтимоиий тармоқларни баъзи араб давлатларидаги сингари "қонли исёнлар"ни келтириб чиқарувчи асбоб", "қўпорувчи кучлар" дея таърифлаган бир неча телекўрсатувлар эфирга узатилди.

Youfaceни ташкил қилишда ўзбек хавфсизлик кучларининг қўли борлиги ҳақида хавотирлар бор.

"Бу ўзбек хавфсизлик хизмати фаолиятининг маҳсули, ва унинг мақсади ўзбекистонлик фойдаланувчиларни Facebookдан оғдириб, маҳаллий, яъни назорат қилиш осонроқ бўлган тармоққа жалб қилиш", дейди Uznews веб-саҳифаси билан суҳбатда компютер технологиялари мутахассиси.

У, шунингдек, Youface Facebookка жуда ўхшаш бўлгани учун Facebookнинг кенг миёсли фойдаланувчилари ҳақидаги маълумотларни олиш имконига эга бўлиши мумкинлигини айтди.

Youface фойдаланувчиси бўлиш учун ҳар бир шахс "ишончли маълумот" бериши керак ва баъзи ҳолларда "қўшимча маълумот" сўралиши мумкинлиги ҳам айтилган.

Youface Ўзбекистонда ташкил этилган иккинчи ижтимоиий тармоқдир. Ўтган йили кузида хусусий компютер ширкати томонидан "давлат телеком ширкати қўллови" билан Muloqot деб номланган саҳифа ташкил этилганди.

Лекин Muloqot сингари Youfaceда фойдаланувчиларнинг мобил телефон рақамлари талаб қилинмайди. Аслида мобил телефон номерини бериш паспортдаги маълумотларни бериш билан баробардир, чунки Ўзбекистонда мобил телефон сим-карталари ҳар бир шахснинг паспортига бирлаштирилган.

Youface Facebookнинг ўзбекча нусхасими?

Youface Facebookка ўта ўхшаш бўлгани учун танқидларга учрамоқда. Унинг бош саҳифаси Facebook нинг аввалги нусхасига қуйиб қўйгандек ўхшаш.

Facebookнинг "Биз эркинмиз ва ҳамиша эркин бўламиз" шиори ҳам Youfaceнинг кириш ва чиқиш саҳифаларида пайдо бўлади.

Лекин Youfaceни Facebookдан аниқ ажратиб турадиган жиҳати бу Президент Ислом Каримовдан иқтибослардир.

Бошқа жиҳатларда эса икки саҳифа шу қадар бир-бирига ўхшашки, Uznews.net томонидан сўралган қатор фойдаланувчилар YouFaceни Facebook томонидан маъқулланган ўзбекча нусхаси, дея ўйлашган.

Youface асосчиси "кўчирмачилик"да танқидларни рад этган, аммо саҳифа дизайнига баъзи ўзгартиришларни киритишини билдирган.

Youface ўз фаолиятини бошлашидан икки ҳафтача ўтиб, Muloqot ҳам ўз бош саҳифасига ўзгартиришлар киритди.

Саҳифа муаллифлари блогида унинг фойдаланувчилари 28 минг кишига етгани ва кунига 3 минг фойдаланувчи кириб туриши билдирилди.

Muloqot маъмурияти мамлакат бўйлаб ўқув юртларига сафарлар мобайнида бу тармоқни тарғиб қилишга уринаётганларини билдирганлар.

Muloqotга кўра, асосий мақсадлари "юқори ахлоқий фазони яратиб, ёшларнинг маънавий ва жисмоний соғломликлари йўлида хизамт қилишдир".

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас