Ўзбекистон Ногиронлар жамияти атрофида кечаётган можаролар

Бурхонов Ҳасанбой Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Бурхонов Ҳасанбой

Ўзбекистон Ногиронлар жамияти фаоллари раҳбарият ва Ўзбекистон Адлия вазирлигининг ноқонуний ҳатти ҳаракатларидан шикоят этишган.

Уларга кўра, Ногиронлар жамияти раҳбари қонунга зид равишда ишдан четлатилган ва ўрнига фаоллар таъбирича, "ногиронлар муаммоларидан йироқ" янги одам тайинланган.

Би-би-си Ўзбек Хизматига келиб тушган аудиода, гўёки, Адлия вазирлигининг диний ташкилотларни ва жамоат бирлашмаларни бошқариш бўлимида ишлаган шахснинг зўрлик билан муҳр, хона ва сейф калитлари тортиб олишга урингани ёзилган.

Ўзбекистон Ногиронлар жамияти собиқ масъулларидан бири Бурхонов Ҳасанбойнинг айтишича, аудиоёзув март ойи бошларидаги ҳодисага тегишли.

"Бу воқеа Тошкент шаҳрида 2012 йил 5 март куни бўляпти. Бу жой Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раисининг хонасида юз берган", дейди у.

Шу билан бирга, Бурхонов Ҳасанбой 2011 йил 18 ноябрда ногиронлар жамиятининг навбатдан ташқари конференциясида 5 йилга раҳбар қилиб сайланган одам босим остида ишдан олингани ва ўрнига "ногиронлар муаммоларидан узоқда бўлган" шахс тайинланганини айтади.

"Ариза олишган мажбуран, "ишдан кетасан", деб. "Ўз хоҳишимга кўра, соғлиғим ёмонлашгани боис", деган маънода. Ногирон одам, 1-гуруҳ ногирони, қўлтиқтаёқда юради қийналиб. Мажбурлаб ёздиришган аризани", дейди у.

'Айбловлар асоссиз'

Аммо, Ўзбекистон Адлия вазирилиги нодавлат нотижорат диний ташкилотлар бошқармаси бошлиғи Мелиев Худоёр бундай айбловлар бутунлай асоссиз эканини айтди. Унга кўра, 2011 йил охирида ўтказилган конференция қонуний талаблар бузилган ҳолда ўтказилган.

"Мутлақ ҳақиқат эмас. Чунки, биз шу масалаларни ўрганганимизда, ўша ногиронлар жамияти эски раиси аризасини кўрганмиз. Ҳақиқатдан ҳам ўзи тан олган. Ҳақиқатдан ҳам, шу конференция ўтказилаётган пайт ҳудудий бўлимларнинг қарорлари бўлмаган. Бир гуруҳ ногиронлар ўзаро тил бириктиришиб, конфенерция ўтказишган. Ноқонуний ўтган конференция натижасида янги раис сайланган. Қолган ногиронлар манфаатларига мутлақ тўғри келмайдиган конференция бўлган дейишимиз мумкин. Оқибатда яна шундай имконият берилган ва янги раис сайлаш масаласида қарор қабул қилишган", дейди Адлия вазирлиги расмийси.

Мелиев жанобларининг айтишича, жамиятнинг собиқ раҳбарлари айни муассасага катта миқдорда молиявий зарар етказишгани аниқланган ва ҳозир уларнинг айримлари устидан жиноят ишлари очилган:

"Жиноят ишлари қўзғатилган. Масалан, раҳбарликдан олинган инсон ҳақида гапирадиган бўлсак, жиноят кодексининг 167-205-207-210- моддаларининг турли қисмлари асосида жиноят иши қўзғатилиб, улар жавобгарликка тортилган..."

Унинг айтишича, эски раҳбарларнинг Ногиронлар жамиятига келтирилган зарар миқдори 90 миллиондан ортиқни ташкил этади.

'Қонунбузарликлар туфайли ишдан кетдим'

Ногиронлар фаоли Бурхонов Ҳасанбой эса, Ўзбекистон ногиронлар жамиятида ҳозирги кунда қонунбузарликларга йўл қўйилаётганини даъво қилади.

"Фактлар билан айтадиган бўлсак, мана битта-иккита ногиронлар мана қўнғироқ қилиб айтаяпти: "Бизга битта қоғоз ёзиб берадиган бўлсак ҳам, бирорта жойга мурожаатнома ёзиб берадиган бўлса ҳам, пул олишяпти, одамлар маст ҳолда юрипти бу ерга, тартибсизлик", дейди. Шу одам жуда кўп адолатсизликларни қиляпти. Ман чидолмасдан, раис ўринбосари бўлиб ишлагандим, у ердан чиқиб кетдим. "Ногиронлар жамиятида адолатсизлик, қонунбузарлик ҳолатлари авж сурмоқда. Ушбу салбий ҳолатларга шерик бўлмаслик мақсадида мани ишдан бўшатишингизни сўрайман", деб чиқиб кетдим", дейди Бурхонов Ҳасанбой.

Унинг айтишича, ўзи айтаётган ҳолатлар юзасидан тегишли идораларга қилган мурожаатлари бирортасига ҳам ижобий жавоб берилмаган.

"Албатта, мен ўзим ҳам мурожаат қилганман, қолаверса, шу ташкилотнинг собиқ раҳбари ҳам мурожаат қилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига, Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилган. Шахсан ўзим ҳам, Ўзбекистон Республикаси МХХга, Президент девони, прокуратурага марожаат қилганман. Лекин, ўшандан кейин манга нисбатан тазйиқ кучайиб кетди. Бирорта жавоб ололганим йўқ", дейди Бурхонов Ҳасанбой.

Адлия вазирилигидан Мелиев Худоёр эса, бу иддаоларни рад этади.

"Бу ҳам мутлақо нотўғри. Чунки, қайсидир жинояти учун жавобгарликка тортилиб, 90 миллиондан ортиқ маблағни жамиятнинг фойдасига тиклаб бериши керак бўлган одам нима қилиб бўлса ҳам шу нарсадан қочишга ҳаракат қилади. Чўкаётган одам нимага бўлса ҳам очилади-ку, чўпга ҳам осилади, бошқага ҳам осилади. Буларнинг аҳволи ҳам худди шундай...Агар бирор бир киши шикоят ёзган бўлса шу ногиронлардан, уларнинг шикоятига албатта, қонуний асосда жавоб берилган. Ижобий деган сўзни ишлатмайлик, объектив, тўғри кўриб чиқилган ҳолда жавоб берилган", дейди Худоёров жаноблари.

Ногиронлар жамияти мустақилликнинг дастлабки йилларида, 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистондаги энг катта нодавлат нотижорат ташкилотларидан бири ҳисобланади.

Айтилишича, ҳозир жамият 220 мингдан ортиқ аъзо ҳамда юздан ортиқ минтақавий тизимларга эга.

Жамият, аввало, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайриялари, Ўзбекистон "Маҳалла" жамғармаси, хорижий ташкилотлар ёрдамлари ҳамда Олий мажлис қошидаги нодавлат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси молиявий ёрдамлари эвазига фаолият қилади.

Жамиятни ташкил этишдан мақсад ногиронларни ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан иборат экани айтилган.