'Юселл' ва 'Билайн' филиалларига одамлар сиғмай кетган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz

Ўзбекистонда "Ўздунробита" уяли телефон ширкати лицензияси бекор қилиниши ортидан бошқа мобил алоқа ширкатлари хизматига талаб кучайган.

Ўзбекистондаги бошқа мобил операторлар қўшимча сотиш шахобчаларини очганлар.

Навбатнинг кўплигидан бундай шахобчалар милиция томонидан қўриқланмоқда.

"Юселл" мобил ширкати мижозларга хизмат кўрсатишни тунда ҳам давом эттиришини эълон қилган.

17 июл куни Ўзбекистондаги мобил алоқа тизими қуламаган бўлса ҳам, "Ўздунробита" мижозлари учун дунё қулагандек бўлган.

Тасаввур қилинг тўққиз миллиондан ортиқ одамнинг бирданига алоқадан узилишини..

Одамлар яқинларини йўқотиб қўйишган, ҳамкорларидан узилиб қолганлар ва бизнеслари тўхтаб қолаёзган.

Шу куни Facebook ижтимоий тармоғида энг кўп ишлатилган номлардан бири бўлган, ўзбекистонлик фойдаланувчилар "мтс узилди, қаерга улансак бўлади", деган саволлар билан мурожаат қилишарди.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган тошкентлик ва наманганлик МТС мижозлари бошқа мобил операторлари, хусусан, "Билайн" ва "Юселл" идоралари саросимадаги мижозлар билан тўлиб кетганини айтишди.

"Ҳозир "Юселл" билан "Билайн"нинг филиалларига одам сиғмай кетган. Одам жуда кўп. Қўпол қилиб айтганда, ит эгасини танимайди. МТСнинг дилерлари бор эди бу ерда. Улар энди катта зарарга тушишди-да энди", дейди Намангандан Зоҳиджон Зокиров.

"Ўздунробита" атрофидаги можаро бир неча ҳафтадан буён давом этаяпти.

Мижозлар қайсидир даражада бу муаммолардан хабардор бўлишган.

Тошкентда "МТС ёпиларкан", деган миш-мишлар ҳам тарқаган.

Аммо мутахассисларнинг айтишларича, барибир МТС сингари 9 миллиондан кўпроқ мижозга эга йирик ширкатнинг, энг муваффақиятли ширкатнинг ёпилиб қолишига кўпчилик ишонмаган.

Ўзбекистоннинг коммуникация хизматлари бозорини ўрганган Тошкентдаги AFS тадқиқотлар маркази директори Юлия Бахмачнинг айтишича, истеъмолчи нуқтаи назаридан 17 июлдаги ҳодиса жуда ҳам кўнгилсиз бўлган.

"Мижозлар алоқа узилишига атиги икки соат қолганда хабардор қилинган. Амалда одамларнинг бошқа операторга уланишлари учун жуда кам вақт қолган эди. Масалан, мен биламан, "Билайн" ширкати бугун эрталаб тўртгача ишлади", дейди Юлия Бахмач.

Бахмач хоним Ўзбекистон алоқа тизимида юзага келган вазиятни анчайин оғир, деб тасвирлади.

Унинг айтишича, бошқа мобил операторларининг идоралари мижозлар билан тўлиб кетган ва бу алоқанинг сифатига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

"Бошқа мобил операторларининг техник имкониятлари, жиҳозлари мижозлар оқимига дош бермаслиги мумкин. Аммо бу ширкатлар ўз томонларидан қўлларидан келган барча нарсани қилишаяпти ва ҳозирда иккита мобил ширкати - "Билайн" ва "Юселл" ўртасидаги рақобат янада кучайган. Улар мижозларни ўзларига тортишга бор имкониятлари билан ҳаракат қилишаяпти", дейди AFS тадқиқотлар маркази директори Юлия Бахмач.

Сўнгги ҳодиса мобил алоқа нархига ҳам таъсир кўрсатган. Юлия Бахмачнинг айтишича, ҳозирнинг ўзида айрим хизмат турлари йўқолган:

"Айрим хизматлар ҳозирнинг ўзида тўхтатилган. Масалан, энг оммалашган тўлов усули ёки абонентлар учун сим картани ишга тушириш учун талаб қилинадиган энг кам тўлов миқдори оширилган", дейди Юлия Бахмач.

Мутахассислар айтишларича, ҳозирча МТС расман вақтинчалик, яъни 10 кунга тўхтатилгани учун мижозларнинг ҳисобларига қўйган пуллари сақланиб туради ва келажакда ишлатиш имконига эга бўладилар.

Аммо "Ўздунробита" ширкатининг келажаги қандай бўлади, бу қоронғу.

Биз суҳбатлашган мижозлар кўпроқ бу доимий деган кайфиятда.

Яъни улар МТС 10 кундан кейин ҳам ишлашига шубҳа қиладилар.

Бу мавзуда батафсилроқ