BBC navigation

Россия Олий Маҳкамаси ўзбек фуқаросини экстрадиция қилишга қарор қилди

Сўнгги янгиланиш 19 июл 2012 - 13:49 GMT

Меҳнат муҳожирларининг Тошкент сўрови билан ҳибсга олиниши ва ўғирлаб кетилиш ҳоллари тез-тез учрайди.

Россия Олий маҳкамаси Ўзбекистон фуқароси Юсуф Қосимохуновни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарган. Россиялик инсон ҳақлари фаолларига кўра, бу қарори билан Олий суд ўзининг пленуми қарорига қарши борган.

Айби исботланмаган кишиларни қийноққа солиниши эҳтимоли бор мамлакатга экстрадиция қилгани учун Россия бундан олдин Инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамаси томонидан жаримага ҳам тортилган.

Бироқ бунга қарамасдан, фаолларга кўра, Россия Ўзбекистон қўлига фуқароларини топширишда давом этаяпти, аксар ҳолларда экстрадиция икки мамлакат қонунларига зид шаклда амалга оширилмоқда, ўзбекистонликлар ўғирлаб кетилаётгани ҳоллари ҳам бор.
этаяпти, аксар ҳолларда экстрадиция икки мамлакат қонунларига зид шаклда амалга оширилмоқда, ўзбекистонликлар ўғирлаб кетилаётгани ҳоллари ҳам бор. Тафсилотлари лавҳамизда

18 июлда Россия Олий суди Ўзбекистон фуқароси Юсуф Қосимохуновни Ўзбекистонга экстрадиция қилишни қонуний кучга киритадиган қарорни қабул қилди. Қосимохуновни Ўзбекистонга топширмаслик аризасини Инсон ҳақлари Оврўпо маҳкамаси қабул қилган, Страсбург Россия расмийларидан уни ватанига топширмасликни сўраган.

Қосимохуновни ҳимоя қилган россиялик таниқли инсон ҳақлари фаоли Елена Рябинина айтишича, Россия Олий суди ўз пленуми қарорига зид иш қилган.

"Ушбу қарор кўп жиҳатлари билан мутлақо қонунга зид, одил судга қарши, ҳуқуққа зид. Ҳужжатларда сохталаштиришлар ҳаддан зиёд кўп. Шу йил 14 июнда Олий маҳкама пленуми экстрадиция ҳақидаги шикоятларни кўриб чиқаётганда чиқариб юборилаётган даъвогар шахснинг барча исбот-далиллари ва важларини кўриб чиқиш лозимлигини тушунтирганди. Ўзини ўзи ҳурмат қиладиган давлат экстрадиция қарорини олаётганида бундай сохта ҳужжатларга асосланмайди", - дейди Елена Рябинина.

Бироқ, бундан олдин Россия Оврўпо маҳкамаси қарорини рад этиб, Рустам Мўминовни Ўзбекистонга топширган.

Страсбург ушбу амални қоралаб, Россия ҳукуматини Рустам Мўминовни топиб, унга 20 минг евро товон пули тўлаш мажбуриятини юклаган эди.

Фаолларга кўра, бунга қарамасдан, Россия ҳудудидан Ўзбекистонга экстрадиция ёки ўзбекистонликларни яширинча ўғирлаб кетиш ҳамон давом этмоқда.

Ўзбекистондан чиқиб кетганидан кейин Россия қамоқхонасида 1 йил тутиб турилиб, кейин Оврўподан бошпана топган Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг айтишича, бунда МДҲ ва Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ўзаро битимларга таянилади, Россиянинг ҳам бундан кўзлаган ўз манфаати бор.

"Мени экстрадиция қилиш учун 1992 йилда МДҲ давлатлари орасида қабул қилинган Минск Конвенциясини асос қилиб кўрсатишган. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги фаолият Минск Конвенциясидан кўра жиддийроқ ролни ўйнади деб ҳисоблайман. Мен яна бир нарсага ишонаман, бу Россиянинг ўзининг таъсир доирасидаги давлатларни назорат остида ушлаб туриш ҳаракати", - дейди жаноб Абутов.

Россиядаги "Мемориал" инсон ҳақлари маркази фаоли Баҳром Ҳамроевга кўра, кенг жамоатчиликдан ошкор бўлганларидан ташқари ҳам Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудидан ўғирлаб кетилиши ҳоллари кенг тарқалган.

"Ички ишлар ходимлари келиб Ўзбекистон фуқароларини ўғирлаб кетаяпти. Биз биламиз, бу одамлар жиноятчи эмас, лекин жорий йилнинг ўзида тахминан 10-12 одам олиб кетилди. Биз фамилияларини билмасак ҳам, отларини ёзиб олганмиз", - дейди фаол.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳақлари ташкилотларига кўра, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг муайян шахсга қўйган айбловлари ҳар доим ҳам унинг айбдорлигини англатмайди, иқрорлар қийноқлар натижасида қўлга киритилади.

Сохта айбловлар эса Ўзбекистон ҳукуматининг ўз мухолифларининг овозларини ўчириш мақсадидаги ҳаракатлар деб қабул қилинади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.