МТСнинг Ўзбекистон банкларидаги ҳисоблари музлатиб қўйилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz
Image caption "Билайн" ва "Юселл" идоралари мижозлар билан тўлиб кетган.

Россиянинг "МТС" мобил алоқа ширкатига кўра, "МТС-Узбекистон" операторининг банк ҳисоблари музлатиб қўйилган.

МТС матбуот хизмати раҳбари Елена Кохановскаянинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, МТС банк раҳбариятидан ширкат ҳисоблари қандай асосда музлатилганини изоҳлаб беришни талаб қилган, аммо ҳозирча жавоб олмаган.

"Бундан ташқари, 17 июл куни мижозлармиздан келиб тушган тўловлар ҳам бизнинг ҳисобимизга ўтказилмаган", - деб айтди МТС вакили.

У "МТС-Ўзбекистон" фаолияти юзасидан олиб борилаётган текширув ва тергов ҳаракатларини МТСни Ўзбекистон бозоридан сиқиб чиқариш, дея баҳолашларини билдирди.

"Процессуал жараёнларни қўпол равишда бузиб, амалга оширилаётган қайта-қайта текширувлар, дўқ-пўписалар ва ходимларнинг ҳибсга олинишини россиялик сармоячини маҳаллий бозордан сиқиб чиқариш дея баҳолаймиз",- деб айтди Кохановская хоним.

Ўзаро айбловлар

Елена Кохановская Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг МТС алоқани бирдан узиб қўйиш билан ўзбекистонлик истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини поймол этгани ҳақидаги айбловини рад этди.

Унинг сўзларига кўра, МТС - Ўзбекистон 17 июл куни кун кеч соат 6 дан бошлаб ўзининг лицензияси муддати тўхтатилиши ҳақида кўрсатма олган ва бу мавжуд қонунларга мувофиқ МТС автоматки равишда мамлакат аҳолисига ҳар қандай турдаги хизматни тўхтатиши кераклигини англатарди.

"Ўзбекистон Алоқа ва Информация Агентлигидан олинган кўрсатмага риоя қилиб, биз 17 июл соат 18 да алоқани тўхтатдик ва шундай қилишга мажбур эканлигимиз ҳақида мижозларга билдириш бердик", -дейди Кохановская хоним.

Унинг айтишича, монопол ширкат бўлган Ўзбектелеком МТСнинг магистрал алоқасини узиб қўйган ва ширкат хоҳлаган тақдирда ҳам бу соатдан кейин мижозларга хизмат кўрсатишнинг техник имкони йўқ эди.

"Чунки бизнинг магистрал алоқага ва антенна станциялармизга боғланиш йўллари тўлиқ тўсиб қўйилганди. Шунинг учун биз буни асоссиз ва атайлаб, мижозларни чалғитиш учун қилинган баёнот, деб биламиз", деб айтди МТС вакили Би-би-си билан суҳбатда.

Айни вақтда ширкатнинг Ўзбекистондаги 9 ярим миллион мижозларининг аксари ҳануз тармоқдан узилганича қолмоқда.

-"Билайн" ҳамда "Юселл" идоралари мижозлар билан тўлиб кетган.

"Билайн" ўз идораларининг шанба ва якшанба кунлари ҳам очиқ бўлишини эълон қилган.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги МТС амалдаги тартибни бузгани важидан унинг лицензиясини 10 кунга тўхтатган, аммо ширкат бу муддатдан кейин ҳам фаолиятини қайта бошлашига ишонмаслигини айтмоқда.

"Фаолиятимиз қайта бошланишига бизда ишонч йўқ. Лекин ширкат ишга тушиши учун ҳамма чораларни кўраяпмиз", - деб айтди МТС сўзчиси Елена Кохановская.

Бу мавзуда батафсилроқ