Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Россия: Ўзбекистон фуқароси Татаристон муфтийсига суиқасдда гумон қилинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Расмийлар Илдус Файзовнинг диний экстремизмга қарши чиқишлари билан танилганини урғулашади

Татаристонда бош муфтий ва унинг ноибига суиқасдда гумон қилинаётган Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган.

Қозон маҳкамаси шанба куни 26 ёшли Абдунозим Отабоевни икки ой ҳибсда ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарган.

Отабоев маҳкамада ўзининг жиноятга алоқадорлигини рад этган.

"Менинг бунга алоқам йўқ, шу куни мен ўртоғимнинг орқасидан боргандим", - деган гумондор.

РИА Новости агентлигининг хабар беришича, маҳкамада таржимон орқали гапирган Абдунозим Отабоев ўзига тайинланган ҳимоячига ишонмаслигини айтган.

"Мен рус тилини билмайман, шунинг учун терговнинг ҳам қандай олиб борилаётганини тушунмайман", деб айтган у.

Отабоев билан бирга ҳибсда қолдирилган яна уч киши 19 июл куни Қозонда бош муфтий Илдус Файзовга суиқасд уриниши ҳамда унинг ноиби Валиулло Ёқубовнинг ўлдирилишига алоқадорликда гумон қилинмоқда.

Президент Путин Рамазон арафасида Татаристоннинг диний раҳбарларига қарши уюштирилган ҳужумни "жиддий сигнал" деб атаган ва экстремизмга қарши қаттиқ чоралар кўришга чақирган.

Москвадаги "Мемориал" марказидан Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, ҳибсга олинган ўзбекистонлик ҳақида кўп нарса маълум эмас.

У Россия расмийларининг баёнотларига эҳтиёткорлик билан ёндошиш кераклигини айтади.

"Россиядаги ўзбекларни айблаш осон бўп қолди. Ҳукумат шунчалик тез жиноятчиларни топиб, номларини эълон қилаётган экан, демак, махсус хизматлар ё уларни аввалдан билган ёки ҳозирда ҳеч нарсани билмасдан гапираётган бўлишлари мумкин", - дейди москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Россия Тергов Қўмитасининг хабарида айтилишича, жума куни ҳибсга олинган бешинчи шахс гумонлар тасдиғини топмагани боис озод этилган.

Баҳром Ҳамроевга кўра, Татаристонда радикал диний оқимлар бор, аммо Россия ҳукумати сўнгги ҳужумдан репрессияларни оқлаш йўлида фойдаланиши тайин.