BBC navigation

Обамага суиқасдда айбланган ўзбекнинг акаси ўз укаси мажбурланганига ишонади

Сўнгги янгиланиш 22 июл 2012 - 11:31 GMT

Медиа плейер

АҚШда бир ҳафта аввал Президент Обамани ўлдиришни режалашда айбдор деб топилиб 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ўзбекистонлик Улуғбек Қодировнинг акаси халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва АҚШдаги ўзбек жамоасига мурожаат қилиб, укасининг иши

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Улуғбек Қодировнинг акаси унинг айбсиз эканига ишонади

АҚШда бир ҳафта аввал Президент Обамани ўлдиришни режалашда айбдор деб топилиб 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ўзбекистонлик Улуғбек Қодировнинг акаси халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва АҚШдаги ўзбек жамоасига мурожаат қилиб, укасининг иши қайта кўриб чиқилишига эришиш йўлида ёрдам сўраган.

Улуғбек Қодиров Алабама штатида Президент Обамани ўлдириш учун қурол сотиб олиш айбига иқрор бўлган. Бироқ унинг акаси, Отабек Қодиров, бу иқрорномага у мажбур бўлган деб ишонади.

Тошкентдан Би-би-си билан суҳбатлашган Отабек Қодировнинг айтишича, 22 ёшли ягона укасининг маҳкама ишида кўп адолатсизликка йўл қўйилган.

"Укамнинг иши қайта кўриб чиқилишига кимдир ёрдам бера олса, жуда ҳам хурсанд, жуда миннатдор бўлардик. Ҳюман Райтс Вотч ва бошқа ташкилотларга ҳам мурожаат қилаяпмиз. Укамни айбдор дейдиган жуда кўп мақолалар чиқди, лекин мен ҳақиқат ёзилишини истайман. Балки шундан сўнг, Америкада фикр ўзгариб, ишни бошдан кўриб чиқишар", - дейди у.

У укаси учун яхшироқ ҳукуқий ҳимоя таъминлаш йўлида АҚШга бориш уринишлари натижасиз бўлгани - АҚШ элчихонасини унинг виза сўровларига рад жавоб қилганини айтади.

"Аввалига Қозоғистондаги АҚШ ФБР (Федерал Қидирув Бюроси) ходими келиб бизга Америкага боришга ёрдам беришини айтди. Лекин ҳеч жавоб бўлмади. Алоқага чиқмай қўйди. Сўнг мен ўтган йил октябрда Тошкентдаги АҚШ консулига учрашдим, уларга ФБР ходимининг номерини ҳам бердим. Улар менга эртаси телефон қилиб, "сенга виза бера олмаймиз, молиявий ҳолатинг бўйича маълумот йўқ" деб рад жавоб қилишди. Сўнг кўп ўтмай яна топширганимда "Ҳамма ҳужжатларинг жойида, лекин виза бермаймиз" дейишди. Виза берилмаслигига "сабаб йўқ" деб ёзиб беришди", - дейди Отабек Қодиров.

У АҚШга бориб укаси ишидаги барча ҳужжатлар билан танишиб чиқишни ният қилганини айтади. Унга кўра, укасининг адвокати Ланс Белл "ФБР билан бирга ишлаган".

Унинг айтишича, ҳибсда сақланаётган укаси Улуғбек унга қўнғироқ қилиб, мутлақо айбсиз экани, бироқ у айбловга иқрор бўлмаса, бир умрлик қамоқ жазосига юз тутишини айтиб огоҳлантирилганини хабар қилган.

"Укамнинг айтишича, видео ва аудио ёзувларнинг кўп қисми ўчириб ташланган. Улар (қурол сотиб олишни уюштирганлар) томонидан гапирилган гаплар ўчириб ташланган, лекин фақат укамнинг гаплари қолдирилган. Бу ёзувлар бизга кўрсатилмади, ойим ҳужжатлар билан танишиш учун Америкага борганларида ҳам кўрсатишмади", - дейди у.

Отабек Қодиров укасининг Обамани ўлдириш учун қурол сотиб олиш нияти бўлганини рад қилади.

"Укам қуролни сотиб олиш учун ФБРнинг одамлари билан бирга борган. Улар олишга ёрдам берган. Улар олишган. Укам "Қуролни ўз ҳохишим билан олмаганман, улар билан борганман, улар менга "шуни оласан" деганларидан кейин олганман" деди. Укам ушланган пайтида қуролни хатто қўлига олмаганини айтаяпти", - дейди у.

Отабек Қодиров укасининг маҳкама иши ва бошқа террор амалларининг фош этилишининг бир вақтга тўғри келиши АҚШ хавфсизлик хизматларининг муайян сиёсати бўлиши мумкинлигига ишонади.

"Бу Американинг ўйини бўлса керак. Балки президентнинг сайловдан олдинги бир ўйини, ё ФБР ўзини кўрсатмоқчи" - дейди у.

"Ювош бола"

Отабек Қодиров укаси Улуғбекнинг сўнгги пайтларда Исломга кўпроқ қизиққанини инкор этмайди, бироқ қолган барча айбловлар уюштирилганига ишонади. Унинг айтишича, Улуғбек унга Исломий вебсайтларга кирганини билдирган, лекин интернетда ҳеч ким билан бу борада мулоқот қилмаганини айтган.

У укасига қарши чиқарилган айбловларда айнан қайси Исломий сайтларга кирилгани кўрсатилмаганини айтади.

"Намоз ўқиган одам жиноятчи дегани эмас. Укам сиёсатга аралашидиган бола эмас, урушадиган бола эмас", - дейди у.

Отабек Қодировнинг айтишича, маҳалла-куй Улуғбекнинг АҚШда қамоққа олинганидан ҳайрон.

"Характери ювош бола эди, фақат ўқийман дерди. Кўчада кўп юрмасди, ўқишга қизиқарди. Ҳамма қўшнилар билади укамнинг яхши болалигини. Ҳамма ҳайрон. Синфдошлари ҳам ишонмай, чиқиб кетади деб юришганди. Онам ҳам, дадам ҳам жуда қийналишаяпти, 15 йил жуда катта муддат", - дейди у.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Videos and Photos

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.