Мурод Карим: "Рауф Парфи - ўзбек руҳини қайта тирилтирган афсонавий санъаткор"

Мурод Човуш
Image caption Мурод Човушнинг yozuvchi.uz адабиётсеварларнинг севимли сайтларидан бирига айланган

Ўзбекистонлик иқтидорли ёзувчилардан Мурод Карим ўғли bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Мурод Карим ўғли 1970 йил 30-январида Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган.

Ўзбекистон Миллий Университетинининг ўзбек тили ва адабиёти кечки бўлимини 1999 йилда тугатган.

"Ўзбекистон адабиёти ва санъати" ва "Ёзувчи" газеталари ҳамда "Муштум" журналида ишлаган.

Мурод Карим бир йилдан буён yozuvchi.uz сайтини бир йил давомида модераторлик қилиб келади.

Бу вақт давомида мухлисларга ўзбек адабиёти яратилган ва яратилаётган янги бадиий асарлар билан таништириб борди.

Мурод Човуш тахаллуси билан қалам тебратувчи Би-би-си меҳмони "Ҳеч" ва "Қора денгиз" романлари муаллифидир.

Суҳбатнинг радио версиясини шанба кунги "Дараклар" дастурида тинглай оласиз.

Саволларини радио учун ўз овозлари билан беришни истаган тингловчиларимиздан ўзларининг телефон рақамларини ҳам ёзиб юборишни сўраймиз.

Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз?

Бу ҳақдаги фикрларингизни кутиб қоламиз.

«Фейсбукчи», Фарғона: Мурод Каримга саволим: нима учун ўзбек адабиётида инсонни лол қолдирадиган, жиддий ва дунёга машҳур асарлар яратилмаяпти?

Мурод Карим: Замонавий адабиётда жиддий асарлар яратилган, фақат бундан кўплар бехабар. Китоб ўқиш савияси кескин тушиб кетган. Яхши китоблар ўқувчилар қўлига етиб бормаса керак. Биргина Рауф Парфи умрининг сўнгги йилларидаги ижоди ўзбек адабиётида улкан воқеа, деб ўйлайман.

Ваҳоб, Лондон: Ассалому алайкум! Мурод ака, сизга саволим қуйидагича: ўзбек адабиёти мадҳия ва марсияга тўлиб кетмадимикан?

Мурод Карим: Навоий асарларида мадҳлар учраб туради. Бу мадҳиялар, хусусан, менга ёқади. Минг афсуски, замонавий адабиётда бу каби мадҳиялар ҳеч яратиган эмас. Айтганча, Рауф Парфида бор, аммо унинг услубига мувофиқ қисқа матн ёки мисраларида учраб қолади. Лекин жуда гўзал. Рауф Парфининг "Абдуллажон" марсиясини фақат ўқиган эканман. Лекин бошқа замонавий шоирларда марсия учратмаганман. Хуллас, замонавий ўзбек адабиёти мадҳия ва марсия билан тўлиб кетмаган деб бемалол айтишим мумкин.

Шоҳин, Ванкувер: Мурод ака, мен веб сайтингизни баъзан ўқиб тураман. Унда шоир Рауф Парпи ҳақида кўп мақолалар чоп этилади. Нега? Рауф Парпи сизга яқин бўлганми?

Мурод Карим: Тўғри, yozuvchi.uz (веб саҳифаси) деярли 50% Рауф Парфи ижоди ва унга бағишланган мақолалардан ташкил топган. Бу менинг Рауф Парфи билан яқин бўлганимдан эмас, аксинча, Рауф Парфининг "айби"- унинг жиддий, буюк, ўлмас асарлар яратиб кетганлигида. Рауф Парфи - ўзбек руҳини қайта тирилтирган афсонавий санъаткор. Бирорта китоб дўконида унинг бирорта ҳам китоби йўқ. Кимникида Рауф Парфининг китоби бўлса, у бошқа бировга шу китобни беришни қизғонади. Нега? Хуллас, унинг ижодини нет орқали ташвиқ қилиш-гўзал нарса.

Одил, Кеш: Нима учун романингиз номини "Ҳеч" деб номлагансиз?

Мурод Карим: "Ҳеч" номини Рауф Парфи танлаган. Мен "Ҳеч нарса ҳақида бу китоб," - деб устозга кўрсатганман. У: "Бир франсуз шоири ҳеч нарса ҳақида ёзган,бу "Ҳеч" бўлади," - деб кескин айтган. Кейин билсам, Рауф аканинг "Сукунат" номли китобида “Ҳеч нарсадан бошланган дунё, ҳеч нарсани тан олмас гўё,” - деган гўзал мисралар бор экан. Ўшанда, мен Рауф акага "ақл" ўргатмоқчи бўлганман "сиз тушунмайсиз," деб. Шунақа гаплар.

Ўзбек, Ўзбекистон: Мурод Каримга саволим қуйидагича: Ўзбекистонда эркин ижод қилиш имконлари қанчалик?

Мурод Карим: Ижод сўзининг ўзи эркинлик дегани. Ишонмасангиз ижод қилиб кўринг. Фақат, ҳар ким ўз қобиғини тасвирлайди. Ҳамма бахтсизлик шундан. Ижод шу қобиқдан эркинликка чиқиш дегани бўлса керак. Тағин билмадим.

Мухлиса, Марғилон: Рауф Парфи тафаккурингизга қандай таъсир кўрсатган?

Мурод Карим: Рауф Парфи билан 1993 йил 5-мартда танишганман. Ва шу кундан унинг таъсири бўлган. Рауф Парфининг боладай беғуборлиги, оддийлиги менинг ўзимни ички дунёмга ишончимни орттирган. Рауф Парфининг сўзлашув тили - имо-ишоралар тили эди. У доим шу тил билан атрофдагиларга гапирарди ёки унинг ўзи айтгандай: "валдирарди". Албатта, Рауф Парфи таъсир ўтказган. Чунки, Майхонанинг пири Рауф Парфи эди.

Зоҳиджон, Қўқон: Илк ёзган бадиий асарингиз эсингиздами?

Мурод Карим: Илк ёзган бадиий асарим "Ҳеч" китоби эди. Унгача ёзмаганман. Фақат хаёл қилиб юрардим: ана-мана, катта бўламан ёзаман, деб. "Ҳеч" гача фақат кундаликдаги эҳтиросли ёзувлар ва уч-тўртта эга-кесими йўқ шеърлар ёзган эканман. "Ҳеч" романи бир куннинг, - аниқроғи ёки мавҳумроғи - бир дақиқанинг маҳсули бўлган.

Саҳар, Тошкент:1. Бугунги замонамиз қаҳрамонини қандай тасвирлаган бўлардингиз?

Мурод Карим: Замонамиз қаҳрамонини қандай тасвирлашни билганимда эди… Шундай тасвирлардим. Ҳар қандай ёзувчи фақат ўзини тасвирлайди. Ҳатто бошқа реал шахслар ҳақида ёзганида ҳам, фақат ўзини ёзган бўлади. (Рассом бир бинони ёки манзарани чизган бўлса ҳам, барибир ўзини чизган бўлади.) Мен эса, афсуски, қаҳрамон эмасман. Жуда қўрқоқ одамман - ёзишдан қўрқаман.

2) Замонамиз ёшлари орасида ўқишга бўлган қизиқишнинг камайиб бораётганини нима билан изоҳлаган бўлардингиз?

Мурод Карим: Бу саволнинг жавоби бор-йўғи битта сўз: ташвиқот йўқлиги. Бунга эса фақат адабиёт соҳасидагилар айбдор. Улар адабиётга сиёсат ёки жамият кўзи билан қарайдиган бўлишди. Адабиётни коинотдан ажратиб олиб жамият ҳаётига тиқишди. Натижада фақат "ақл" ўргатадиган китоблар дўконларга тиқилиб кетди. Ёшларга эса бундай нарсалар, ишонинг, мутлақо керакмас. Уларга ички дунёларини тасвирлайдиган китоблар кераклигини катталар тушуниб етишмади.

“Ўқувчи”, Лондон:Бугун ўзбек адабиётида Абдулла Қодирий ёки Абдулла Қаҳҳорнинг ўрнини тўлдира оладиган ким бор?

Мурод Карим: Абдулла Қаҳҳорнинг ўрнини тўлдирадиган ёзувчилар жуда кўп. Чунки кўп ёзувчилар унинг шогирдлари ҳисобланишади. Абдулла Қодирий ўзбек адабиётидаги узвийликни модерн кўринишда давом эттирган шахс. У ва бошқалар отилгандан кейин бу узвийлик тўхтаб қолган эди. Қодирий ва Чўлпоннинг насрий асарлар ёзишида конкрет мақсад бор эди. (Аммо аниқ биламан,бу асарлар бу икки даҳонинг ўзларига ёқмаган. Шеърлари бундан мустасно.) Шунингдек, Фитрат ҳам. Бу учлик уч йўналишда бир мақсад томон интилган эди. Ва мақсадга етишди. Қодирийнинг ўрнини ўзидан бошқа ҳеч ким тўлдира олмайди. Аммо унинг ўзи орзу қилган насрий асарларни энди ёшлар ёзяпти. Чунки шундай асарлар куртак ёзяпти. Исажон Султон ва Баҳодир Қобулни мисол келтирган бўлардим.

Бу мавзуда батафсилроқ