'Ўзбек диктаторининг қизи халқаро миқёсдаги поп қўшиқчи бўлмоқчи'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption ўзининг охирги ишларини эълон қилиш учун Facebook ва Twitter каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни маъқул билади.

Агарда сиз буни Американинг мусиқий ва кўнгилочар журнали бўлган Billboardнинг биринчи саҳифасида қилган бўлсангиз, сиз ишингизни уддалай олгансиз, деб ўйлаш мумкин.

Аммо сиз мусиқали альбомингизни тақдим қилиш мақсадида рекламангизни мусиқий журналнинг энг кўзга кўринган жойида жойлаштириш учун пул тўлаган бўлсангизчи?

Ўзбекистон президентининг қизи айнан шундай қилишни лозим топди.

Гулнора аллақачонлардан буён мамлакатда муҳим иқтисодий ва сиёсий ўйинчилардан бири сифатида кўрилади.

Бироқ кейинги йилларда у ўзини яна шоира, модельер, ва дунёга машҳур «Massive Attack», Адель, Kanye West ва Садалар каби ўз қўшиқларининг яратувчиси сифатида тақдим қилишни хуш кўрмоқда.

Ислом Каримовнинг қизи Совет Иттифоқи қулагандан буён ижтимоий оммавий ахборот воситаларининг илғор фойдаланувчиси ҳисобланади.

Шу сабабли ҳам у ўзининг охирги ишларини эълон қилиш учун Facebook ва Twitter каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни маъқул билади.

"Менинг мусиқий альбомим бугун чиқади!", деб эълон қилди у 5 июн куни ўзининг "Ҳақиқий GooGoosha" деб ном қўйилган Facebookдаги саҳифасида.

"АҚШ ITunesи мусиқий дўконига бордим ва у ўша ерда бор эди" деб ҳаяжонланиб хитоб қилади у.

Каримова хоним "GooGoosha" деб номланган янги мусиқий албомининг, дарвоқе, бу исм билан уни кичиклигида отаси эркалаб чақирган экан, ютуқлари билан мухлисларини таништиришда давом этади.

("буни қаранг, одамлар Round Run мусиқалари остида тантаналар ўтқазишмоқда... қанчалар ҳаяжонли...)

Ўзининг интернет саҳифасида Round Run мусиқаси "Американинг юздан ортиқ тунги клубларида кўплаб машҳур дижейлар томонидан ўйналмоқда",- деб хабар беради у.

Гулнора Каримованинг таъкидлашича, қўшиқ Lady Gagaнинг 'Born this Way' ("Шу йўлда туғилган") альбомида бирга ишлаган DJ White Shadow томонидан яратилган.

Billboardдаги эълондан сўнг у Твиттерда "Мен ҳозиргина Billboard журналининг нусхасини олдим... менинг янги альбомим муқовада... ўйлайманки, мухлисларимга ёқади...)", деб фикр қолдиради.

Ўқувчи Billboardда Каримова хонимнинг мусиқаси ҳақида гап бор деб ўйлаши мумкин.

Аслида баландпарвоз рекламадан сўнг, журнал ичидан мусиқий альбом ва ё унинг ижрочиси ҳақида ҳеч нарса тополмайсиз.

Гулнора Каримова ўзи ўйлаб чиқараётган кўнгил очар лойиҳаларидагина қўшиқчи бўлиб ҳисобланади.

У ўзини шеъриятда, заргарлик ва либослар дизайнерлигида синаб кўрди.

Ўтган йили Нью Йорк Модалар ҳафталигига ўзининг либослар коллекциясини олиб борган Каримова хоним маросимда қатнашиш шарафига муяссар бўлолмади.

Инсон ҳуқуқлари фаолларининг Ўзбекистондаги болалар меҳнатидан фойдаланиш ва инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳолларини айтиб, ташкил қилган норозилик чиқишларидан сўнг унинг шоуда қатнашиши бекор қилинди.

Каримова хоним Ўзбекистонда турли давлат лавозимларида, жумладан, БМТнинг Женевадаги элчиси ва Испаниядаги элчиси бўлиб ишлаган.

У шунингдек, мамлакатдаги энг муваффақиятли футбол клубининг эгаси сифатида кўрилади.

Гулнора хоним ўз мухлисларига эга дейилади. Бироқ унинг имиджи мамлакатидаги маданий қадриятларга тескари қиёфани тақдим этади.

Ўзбек оммавий ахборот воситалари халқни ғарб маданиятининг, жумладан, рок ва рэп мусиқаси, ёхуд ижтимоий тармоқлар таъсирига тушиб қолмасликдан доимий огоҳлантириб келиши ортидан, президент қизининг шу иккала соҳадаги фаолияти янада ажойиб кўринади.

Бу мавзуда батафсилроқ